Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 17:46

"Ўзбеккино" раҳбари устидан Бош вазирга шикоят мактуби ëзганлардан имзосини қайтариб олиш сўралмоқда


Фирдавс Абдухолиқов Озодликка суҳбат бермоқда

Юздан ортиқ таниқли кино арбобининг 14 апрель куни «Ўзбеккино» раҳбарини диктаторликда айблаб, Бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилгани¸ Озодлик суҳбатлашган киноарбобга кўра¸ ҳукумат тарафидан илиқ қаршиланмаган.

«Подписантлар» пандемия пайтида "мамлакат осойишталигига таҳдид солувчи" дея тамғаланиб¸ тазйиқ остида қолишган.

Баъзи имзо чекканлар «билмасдан қўл қўйибмиз»¸ дея фикридан воз кечган.

Озодлик суҳбатлашган киноарбоб иддаосига кўра¸ имзосини қайтариб олганларга имтиëзлар ваъда қилингани айтилди.

Айни пайтда¸ имтиëзли таклифларга қарамасдан¸ бир нечта киночи¸ хусусан Акбар Бектурдиев ўз имзосини қайтиб олмаган.

Киночилар саҳифаси
Киночилар саҳифаси

Ўзбек ëш киночиларининг Facebookдаги “Ijodkor kino” саҳифасида 20 апрель куни “Фирдавс Фиридунович билиб қўйинг¸ ҳеч бир ижодкор ўзи имзосини қайтариб олмайди” деган баëнот эълон қилинди.

Озодликда 109 нафар кино арбоби сиëҳли ручка билан ўз исмини ëзиб имзо чекккан мактуб нусхаси бор.

Киночилар имзо чеккан мактуб
Киночилар имзо чеккан мактуб

Мактубга имзо чеккан Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси раиси Матëқуб Матчонов Озодлик билан суҳбатда Бош вазирга юборилган мактубнинг матбуотга сизгани хато бўлганини айтади.

Таниқли актëр Матëқуб Матчонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:32 0:00
Бевосита линк


Кинорежиссëр Рашид Маликов Озодлик билан суҳбатда ушбу жамоавий мактуб ташкилотчиси¸ "Ўзбеккино" раҳбарларидан бири Шуҳрат Ризаев СССРдан қолиб кетган қолипдаги кино саноатини сақлаб қолиш тарафдори бўлгани учун янги раҳбар ўтказаëтган ислоҳотга қарши чиқаëтганини иддао қилди.

Киночи Рашид Маликов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:47 0:00
Бевосита линк


Янги раҳбарга имкон берайлик

Шу кунларда Тошкентда бўлиб турган таниқли киночи Али Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда "ўзбек киносини яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлган ислоҳотчи раҳбар Фирдавс Абдухолиқовга имкон берайлик" деди.

Кинорежиссëр Али Ҳамроев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:19 0:00
Бевосита линк


Ҳамроевга кўра¸ 2019 йилнинг октябрида «Ўзбеккино» миллий агентлигига раҳбар бўлиб тайинланган Абдухолиқов жорий қилган янги шаффоф тизим кино соҳасидаги коррупцияга барҳам бера олади».

«Бу эса кинони кормушкага айлантирган эски тизим вакилларига ëқмади» ¸ дейди Али Ҳамроев.

Ҳамроев кинодаги мавжуд муаммоларни коронавирус пандемияси устидан узил-кесил ғалаба қилинганидан кейин бир анжуманга тўпланиб ҳал қилиш зарурлигини айтди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги вакилининг Озодликка билдиришича¸ 21 апрель кунига белгиланган бадиий кенгашда жамоавий мактубга муносабат билдирилади.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов жамоавий мактубда билдирилган эътирозлар борасида матбуотга фикр беришдан ўзини тийиб келмоқда.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги вакилига кўра¸ Абдухолиқов Бош вазир Абдулла Арипов бу мактуб юзасидан жавоб берганидан кейингина ўз муносабатини эълон қилади.

Киночилар икки лагерга бўлинди - имзо қўйган ва қўймаганлар

Таниқли киночи Али Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда мактубнинг киночиларни икки лагерга бўлиб юборганини салбий ҳолат сифатида баҳолади:

- Биз жипс бўлишимиз керак. Бирга ва бирдам бўлишимиз керак¸ деди Ҳамроев.

Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раҳбари¸ киноэкранда ўнлаб образларни гавдалантирган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матëқуб Матчонов киночиларнинг ўз муаммоларини мамлакат раҳбарига арз қилишини "оддий ва керакли ҳол" деб атади.

- Яхши кино олайлик¸ барчага ëқадиган кино олайлик¸ киночини ўзиям тушунмайдиган мавҳум кино олмайлик¸ давлат берган ҳар бир тийинни самарали сарфлайлик¸ деб мактуб ëздик. Буни нимаси ëмон? Ниятимиз яхшику¸ деди Матчонов.

Камчиликми ë фазилат?

Халқаро фестивалларда соврин олган «Тоға» ва «Сабот» фильмлари режиссëри Рашид Маликов Озодлик билан суҳбатда коллектив шикоятда келтирилган камчиликлар аслида фазилат эканлигини айтади.

- Мен Ўзбекфильмда 1977 йилдан бери борман. Муаммони ичидан биламан. Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери кинога раҳбарлик қилган барча раҳбарлар билан яқиндан мулоқотда бўлганман. Маъсулият билан айта оламанки¸ уларнинг барчаси СССРдан қолган Госкино услубига содиқ даққиюнус раҳбарлар эди. Олдинги раҳбарларнинг ҳеч бири кино соҳасидаги мавжуд самарасиз тизимни ўзгартиришга ҳаракат ҳам қилмаган. Фирдавс Абдухолиқов шу тизимни синдиришни бошлаши билан¸ ҳар ислоҳотчи каби¸ қаттиқ қаршиликка учради. Пандемия пайтида киноларни телеканалларга текин бериб юборди¸ деб айб қўйишди. Бу айб эмас¸ балки ютуқ. Кинолар давлат грантига¸ яъни халқнинг пулига олинган. Шу киноларни пандемия пайтида текинга халққа намойиш қилдиришни фазилат деб биламан.

Айни фикрларни қувватлаган таниқли кинорежиссëр Рустам Сагдиевга кўра¸ айнан Абдухолиқов келганидан кейин киночиларга яратилган шароитлар яхшиланган:

- Киночилар биноси таъмирланди¸ киночилар учун ичида текин интернети бор клуб ташкил қилинди. Бундай муносабат ва шароитни биз энди кўряпмиз¸ дейди Сагдиев.

Киночи Рустам Сагдиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:57 0:00


Озодлик таъсири

Ўзбекистонлик режиссëр Элжон Аббосов Озодликда 17 апрель куни эълон қилинган мақоладан кейин марҳум отаси¸ таниқли киночи Шуҳрат Аббосовга ҳайкал ўрнатиш ва 90 йиллик юбилейини ўтказиш масаласи ижобий ҳал бўлганини айтади:

- Мана ҳозиргина Фирдавс Фиридуновичнинг ўзлари телефон қилиб раҳматли отам номини абадийлаштириш учун давлат маблағ ажратганлигини айтди. Бундан ташқари¸ отам суратга олган барча кинолар давлат ҳисобидан рақамли форматга ўтказиладиган бўлди. Шу ўринда муҳим бир гапни айтсам. Кино нафақат бугун¸ балки бу ўтмиш мероси ҳамдир. Ўтмиш меросимиз бўлган улуғ киночиларнинг олтин фонди яратилиб¸ улар суратга олган киноларни реставрация қилишни ҳам бугун танқид қилинаëтган раҳбарият амалга оширди. Мана «Ўткан кунлар» киноси реставрация қилинди. Буни олқишлайман. Лекин кино соҳасида ўз танқидий фикрини айтган ҳамкасбларимга ҳам ҳақ бераман¸ дейди суҳбатдош.

Озодликнинг 17 апрель кунги мақоласида Фирдавс Абдухолиқов марҳум Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаймиз, ҳайкал қўямиз, мактаблар очамиз Аббосов номида¸ дея берган ваъдасининг устидан чиқмагани айтилган эди.

Жамоавий шикоят

Бир гуруҳ таниқли ўзбек кино арбоблари «Ўзбеккино» директори Фирдавс Абдухолиқовни яккаҳокимлик¸ цензорлик ва кино соҳасини билмасликда айблаб, 14 апрель куни Бош вазир Абдулла Ариповга жамоавий шикоят хати билан чиққан эди.

Шикоят мактубида 2019 йилда «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори этиб тайинланган Фирдавс Абдухолиқов кино ривожига мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиётини йўлга қўйгани ëзилади.

Шунингдек, мактубда «Абдухолиқов иш ўрнига ваъзхонлик, тадбирбозлик, кераксиз ишлар билан шуғуллангани ҳамда давлат маблағини кераксиз сафарларга сарфлагани" айтилади.

Озодлик мухбири танишиб чиққан жамоавий шикоят 109 киши томонидан, хусусан, «Ўзбеккино» бош директори 1-ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, Республика кинофонди директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдухалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар томонидан имзоланган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG