Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 07:06

Ашхобод тақиқлаган кинони туркманлар “Sevimli TV”да кўрмоқда


Фильмдан парча

Ўзбекистондаги хусусий “Sevimli TV” канали 21 январь куни “Соядаги олтовлон” фильмини намойиш қила бошлади.

Режиссëр Майкл Бей суратга олган "Соядаги олтовлон" (“6 Underground”) ​фильми тўқима мамлакат бўлган Тургистан, унинг қонхўр диктатори Ровач Алимовни йўқ қилишга мақсадида ўтказилган махсус амалиётни ҳикоя қилади.

Фильмдаги тўқима реаллик билан Туркманистон воқелиги ўртасидаги ўхшашлик ортидан фильм Туркманистонда тақиқланди.

Тақиққа қарамай¸ Ўзбекистоннинг ТВ4 эфир зонасига кирадиган Туркманистоннинг ўнлаб шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси 21 январь куни бу фильмни томоша қилиш имкониятига эга бўлди. Озодликнинг Туркманистондаги мухбирига кўра¸ бу фильм Ўзбекистонга чегарадош Лебоб¸ Дорғонота¸ Фароб ва Хўжамбоз туманларида қизиқиш билан томоша қилинган.

Ҳар ким ўзини кўрадиган кўзгу фильм

Фильмни томоша қилган Лебоб турғунларидан бири Озодлик мухбирига бу кино Туркманистон воқелигини ҳикоя қилишини билдирди:

- Кинода уч полковникни ўлдиришди. Улардан бирининг фамилияси Ниëзов. Ниëзов эса туркманча фамилиядир¸ дейди лебоблик томошабин.

Кинони Ўзбекистоннинг Туркманистон чегарасидаги Шовот туманида кўрган ва ўзини Ҳамзабек деб таништирган 23 яшар томошабин назарида фильм Ўзбекистон ҳақида:

- Яқинда бир гуруҳ генералларни қамадиларку Ўзбекистонда¸ Мирзиëевга қарши чиққани учун. Менимча кинода шуни кўрсатиб берганлар. Ниëзов деган от бизда ҳам бор. Чет элда юрган миллиардерлар бу қамалган генералларни ортида пул бериб турибди¸ деб айттиларку. Бу кино шу ҳозирги президентни ағдариб ташламоқчи бўлганлар ҳақида. Менга шундай кўринди лекин.

Фильмдан парча
Фильмдан парча

Озодлик “Sevimli TV” телеканали маъмурият билан боғланиб “Соядаги олтовлон” (“6 Underground”) фильми намойиши борасида изоҳ сўради.

Ўзини таҳририят бўлими ходими деб таништирган йигит фильм дастур режаси асосида эфирга узатилганини билдирди. Суҳбатдош фильмнинг зиддиятга сабаб бўлганидан бехабар эканини қўшимча қилди.

Сценарийга кўра, диктаторни ағдариш, одамларни зулмдан халос қилиш амалиёти ортида маълум бир давлат эмас, миллиардер ва унинг бир гуруҳ кўнгилли шериклари туради. Фильмда Туркманистон сўзи ишлатилмаган, аммо ўхшаш саҳналар бор, титрда айрим воқеалар Ўзбекистон ғарбида кечаётганига доир эслатмалар ҳам мавжуд.

Туркманистонда тақиқланган фильмни намойиш қилган “Sevimli TV”нинг асосий ҳиссадори «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқовдир.

Орқадоғ асабини қақшатган фильмдаги Тургистон қаерда?

Netflixнинг Туркманистонни эслатадиган “экшн” фильмида диктатор президентликдан четлатилади.

Ўтган декабрь ойида дунë экранларига чиққан бу фильм¸ Озодлик гаплашган туркманларга кўра¸ мамлакатда тезда оммалашган, ҳукумат фильмни расман тақиқлаши ортидан унинг яширинча намойиши авж олган.

Ашхобод¸ Мари ва Тошовуз шаҳарларида бу фильмни ўзбек телеканалидан ëзиб олиб диск қилиб сотганлар жаримага тортилгани ҳақида Озодлик мухбирлари хабар берди.

Фильмдан ғазабга тушган туркман ҳукуматининг АҚШга қарши ташвиқот кампанияси бошлашгача бориб етди.

Озодлик мухбирига кўра , мамлакат вилоятларида ўтказилаётган ташвиқотларда “АҚШ Туркманистоннинг душмани эканлиги, мамлакатни парчалаш, аҳоли норозилигини қўзғаш учун барча воситалардан фойдаланаётганига” диққат қаратилмоқда.

Бу ташвиқотларга маҳаллий ҳокимият, бюджет ташкилотлари вакиллари, шунингдек, юқори синф ўқувчилари жалб қилинаётгани айтилади.

Нейтрал Туркманистондаги АҚШ элчихонаси фильмдан масофаланди

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси фильм муносабати билан бошланган аксил-америка кампанияси юзасидан Озодлик радиосига изоҳ ҳам берган.

“Мазкур фильм кўнгилочар хусусий компания томонидан суратга олинган бадиий фильм. АҚШ ҳам, АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси ҳам, Туркманистон билан мустаҳкам ва самарали муносабатлар тарафдори. Бу яқинда Вашингтонда ўтган икки томонлама сиёсий маслаҳатлар, C5+5 мулоқот гуруҳи доирасидаги ҳамкорлик, икки мамлакатлар ўртасида ўсиб бораётган савдо алоқалари, шунингдек, биз ҳамкорликда ишлаётган таълим ва маданий соҳадаги кўплаб лойиҳалар билан ҳам тасдиқланган”, - дейилади АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси томонидан билдирилган муносабатда.

Бошқа қўшнилар ҳам норози

Туркманистонда тақиқланган “Тургистан диктатори” ҳақидаги фильмга нисбатан расмий эътирозлар минтақанинг бошқа давлатларида ҳам қайд қилинмоқда.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри ҳокими Рашид Аюпов фильм ижодкорларига нисбатан эътирозлар билан чиққан.

Бизнинг фикримизча, дунё бўйлаб бу фильмни кўрган миллионлаб томошабинлар тўқиб чиқарилган Тургистан мамлакати ҳақида ўйлаши ва бизнинг шаҳримиз ҳақида салбий фикрга келиши мумкин, чунки номлар жуда ўхшаш. Бундан ташқари, ҳозир кўпчилик бу фильм айнан Туркистон ҳақида ишланган деган фикрда”, - деб ёзади Аюпов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Туркистон ҳокимининг эътирози фильм моҳиятига эмас, асосан “Тургистан” номи ишлатилишига қаратилган.

Туркман ҳукумати эътирозларига нима сабаблиги номаълум. Аммо фильм сценарийси “Тургистан”ни диктатура зулмидан халос этишга қаратилгани, Туркманистондаги аксил-америка кампанияси эса “АҚШ мамлакатни парчалаш истагидаги асосий душман” эканлиги шиори остида ўтаётгани инобатга олинса, бунинг сабаблари анча жиддий, сиёсий эканлиги кўринади.

Тўқима воқеаларга асосланган “6 Underground” бадиий фильмининг расмий Ашхобод тарафидан бу қадар жиддий қабул қилинишига президент Бердимуҳаммедовнинг шоубизнесга қизиқиши ҳам таъсир ўтказган бўлиши мумкин деган фаразлар бор.

Соядаги олтовлон ким? Фильм нима ҳақда?

Режиссер Майкл Бэй 150 миллион доллар сарфлаб суратга олган “Соядаги олтовлон” фильми ўз юртини диктатордан озод қилиш учун бор пулини сарфлаган ватансевар миллиардер ҳақида.

Фильмда миллиардер ўзининг ўлимини саҳналаштиради. Миллати озод бўлишини истаган закий миллиардер диктаторни ағдаришни мақсад қилган кичик¸ аммо жанговар армия ташкил қилади. Энг мукаммал рақамли алоқа тизими ва замонавий қуролларга эга бу армия Тургистаннинг диктатор ва унинг оиласи очкўзлиги боис қашшоқ яшаëтган халқини озод қилишни ўзига вазифа қилиб қўяди.

Ретт Риз ва Пол Верник сценарийси асосида суратга олинган бу фильм 2019 йилнинг 13 декабрида жаҳон экранларига чиқарилди.

Фильмдаги саҳналар шиддати ва маҳаллий колорит бастакор СБелф Лорн ëзган мусиқалар боис жозибали чиққани мунаққидлар олқишига сабаб бўлди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG