Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 21:24

“Вакцина одамни бепушт қилиб қўяди”. Эмланиш ва эмдориларга оид афсона ва ҳақиқатлар


Ихтиёрий эмлов самара бермагач, кўп мамлакатлар уни мажбурий қилди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳам. Аммо аҳоли ҳануз вакциналарга ишончсизлик билан қарамоқда, эмланишни бефойда, ҳатто зарарли деб биладиганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперти Лаззат Ералиева. Сурат Лаззат Ералиева томонидан тақдим этилди.
Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперти Лаззат Ералиева. Сурат Лаззат Ералиева томонидан тақдим этилди.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати вакцинацияга қарши одамларнинг иддаоларини аниқлаштириш мақсадида, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперти Лаззат Ералиевани улар номидан саволга тутди.

1. “Касалликдан тузалиб кетган бўлсам, менга вакцинанинг нима ҳожати бор, ахир менда антитаначалар пайдо бўлган-ку?”

Айрим одамлар “эмлангандан кўра, касалликни бошдан ўтказган маъқул”, деб ўйлашади. Шуни унутмаслик керакки, хасталик исталган кўринишда кечиши мумкин. Бу ёшга, иммун тизими ҳолатига ва йўлдош касалликлар бор-йўқлигига боғлиқ. Касаллик қандай кечади, асорат қолдирами-йўқми – ҳеч бир шифокор аниқ айтиб беролмайди. Ковиддан кейинги оқибатлар ҳақида гапириш ҳам ортиқча, чунки уларни олимлар энди ўрганишмоқда.

Қолаверса, касалликдан сўнг мия хотира ҳужайраларини ишлаб чиқармайди. Ҳолбуки, эмловдан сўнг антитаначалар энг аввало хотира ҳужайраларига керак, чунки вирус яна организмга кирганида хотира уни “таниб олиб”, қисқа вақт ичида ҳимоя антитаначаларини ишлаб чиқариш имконини беради.

АҚШдаги Вашингтон ва Рокфеллер университетлари олимлари ўтказган сўнгги тадқиқотлар COVID-19 билан оғриб тузалган ва эмланганларда иммун ҳимояси хотира ҳужайралари туфайли 12 ойдан ортиққа чўзилиши мумкинлигини кўрсатди.

Шундай қилиб, эмланиш касалликни бошдан кечирганларга ҳам жуда фойдали: вакцинани тузалгандан сўнг ўртача уч ой ўтгач олишни тавсия қиламиз.

2. “Бошқалар мисолида кўряпмизки, вакцина вирус юқишидан асрай олмас экан. У ҳолда эмлашдан нима маъни?”

Вакцина ковиддан сақлай олмайди, дейиш нотўғри. Ҳа, эмланганлар касалланиши мумкин ва бу нормал ҳолат. Ҳеч қайси вакцина сизни 100 фоиз ҳимоя қилолмайди. Бунақа вакцина йўқ. БЦЖ (фр. Bacillus Calmette—Guérin қисқартмаси, BCG) вакцинасини олайлик. У силнинг оғир ва кенг тарқалган турларидан муҳофаза қилади. Қизамиққа қарши вакцина ҳам ҳимоялайди, лекин 100 фоизга эмас. Ҳаммаси инсоннинг иммун тизими хоссаларига ва популяцион иммунитетга боғлиқ. Масалан, агар сиз тез-тез касал бўлиб турсангиз, иммун тизимингиз кучсиз бўлса ва гормонал препаратлар ичсангиз, албатта, иммунитетингиз вирусга қаттиқ қаршилик кўрсата олмайди ва сиз хасталанасиз, лекин эмланганингиз учун барибир дардингиз анча енгил кечади ва асорат қолдирмайди.

Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам вакцинация ҳимоя беради. Ва бу ҳимоя фоизи турли вакциналарда турлича: “Спутник V” ва “Pfizer”ники — 91 фоиз, “QazVac”ники эса 87 фоиз ва ҳкз.

3. “Организмга “бетайин кимёвий модда”ни киритгандан кўра иммун тизимини чиниқтирган афзал. Иммунитетимиз вирусни ўзи енгиб олиши керак эмасми ахир?”

Биринчидан, ҳар бир вакцинанинг таркиби маълум. Хоҳлаган одам эмлаш марказларида танишиши мумкин — унинг таркибида “бетайин” компонент йўқ. Қолаверса, қўллашга рухсат берилишидан олдин у махсус идоралардан қаттиқ текширувдан ўтади.

Иккинчидан. Тўғри, организм вирус билан курашади, аммо касаллик оғир ёки енгил кечишини ҳеч ким олдиндан башорат қила олмайди. Ҳа, ёшлар хасталикни осонроқ ўтказишади. Бироқ вирусни уйга олиб келиб, бобо ва бувиларига юқтиришса, уларнинг оғир бетоб бўлишига сабабчи бўлишлари мумкин. Билиб қўйинг: жамоавий иммунитетни шакллантириш учун камида 60 фоиз аҳоли эмланиши лозим. Биз эса сусткашлик қилиб, вируснинг мутацияланишига йўл очиб беряпмиз. Одамлар зудлик билан эмланиш кераклигини англаб етишмаса, карантин яна давом этаверади.

Олмаотадаги MEGA Park савдо марказидаги собиқ TikTok студиясида ташкил этилган вақтинча вакцинация пунктида қозоғистонлик аëл Спутник V вакцинасини қабул қилмоқда. 2021 йил 23 июн
Олмаотадаги MEGA Park савдо марказидаги собиқ TikTok студиясида ташкил этилган вақтинча вакцинация пунктида қозоғистонлик аëл Спутник V вакцинасини қабул қилмоқда. 2021 йил 23 июн

Вакцина олгандан сўнг пайдо бўладиган сунъий иммунитет табиийсига қараганда чидамлироқ бўлади ва узоқроқ сақланади. Хусусан, “Спутник” билан эмлангандан сўнг ҳосил бўлган иммунитет бир йилгача сақланади. Энг асосийси, вакцина олингач хотира ҳужайралари пайдо бўлади ва шунинг ҳисобига қайта касалланган пайтда организм ўнлаб марта тезроқ ишга киришиб, антитаначаларни ишлаб чиқаради.

4. “Эмловдан сўнг нафақат ковид, балки турли ЎРВИ билан ҳам касалланиш хавфи ортади”.

Эмлангандан сўнг организмга ортиқча юклама тушади ва, албатта, мослашиш ва антитаначалар ишлаб чиқариш учун унга вақт керак бўлади. Адаптация даврида организмни дам олдириш зарур, вакцина олгандан кейин уни бадтар зўриқтириш, масалан, ҳаммом ва сауналарга бориш, спорт билан шуғулланиш ярамайди.

Организм антитаначалар ишлаб чиқаришга ўтганида ҳам бошқа касалликлар билан оғриш хавфи сақланади. Шу боис вакцина олган одам режимга амал қилиши зарур, деяпмиз. Антитаначалар эмловдан сўнг еттинчи кундан бошлаб пайдо бўлади, бинобарин ақалли бир ҳафта ўзингизни тийганингиз маъқул. Айрим мамлакатларда эмланганларга дам берилмоқда. Бизда ҳам ишдан жавоб олиб, уйда дам олиш имкони бор, лекин одамлар бундан бехабар. Улар “мана, вакцина олдим, энди менга ҳеч нима хавф сололмайди”, деб ўйлашади. Бу янглиш тасаввур.

5. “Ҳар гал янги штаммлар, масалан, “Дельта” штамми пайдо бўлаётган экан, эмланишдан нима фойда?”

Мавжуд вакциналар коронавируснинг барча турларидан, жумладан дельта-вирусдан ҳам ҳимоялайди. “Дельта”нинг ўзига хослиги шундаки, унда тикансимон S-оқсилнинг инсон организмига кириб олишга ёрдам берадиган фаол қисми мутацияга учраган.

Бу эврилиш коронавируснинг янги турига ҳатто касалликдан тузалиб, антитаначалар ҳосил қилиб олган одамларга ҳам юқишга имкон беради. Ана шу хоссаси “Дельта”ни коронавируснинг энг “ноқулай” штаммига айлантирган.

Вакцина эса дельта-вирусдан лоақал 50-60 фоизга ҳимоялайди ёки уни енгил ўтказишга ёрдам беради.

6. “65 ёшдан катталар учун эмлов хавфли, чунки уларнинг кўпчилигида сурункали касалликлар бўлиши мумкин”.

Мен эса, 65 ёшдан катталар, аксинча, эмланиши зарур, деб ҳисоблайман. Мисол сифатида бошқа мамлакатларда коронавирусга қарши эмлаш тактикасини келиришим мумкин. Қозоғистонда даставвал хасталар билан мулоқот қиладиган табақа – шифокорлар, полициячилар эмланган бўлса, Туркияда эмлашни 65 ёшдан катталардан бошлашди, 85 ёш ва ундан катталарни аллақачон эмлаб бўлишган. Нега? Сабаб худди ўша – кексаларда бўладиган сурункали касалликлар. Шу аҳволда коронавирус юқса, йўлдош хасталиклар фаоллашиб, бу ўлим билан тугаши ҳеч гап эмас.

Бу ерда муҳим қоидага риоя қилиш керак: сурункали касалликлар хуруж қилган паллада эмланиш мумкин эмас. Айтайлик, сизда буйрак сурункали хасталиги – пиелонефрит бор. У хуруж қилган пайтда иситма чиқади, буйракда оғриқ туриб, пешоб ўзгаради – бунақа ҳолатларда вакцина олманг. Хуруж даври ўтиб кетгач эса бемалол эмланиш мумкин. Бунақа жиҳатларни врачлар эмлаш марказларида аҳолига тўғри тушунтириши лозим.

COVIDга қарши эмланишга тайëрмисиз? Қозоғистонликларнинг 25 фоизи "ҳа" деб жавоб берди. Бу 116 давлат ичида энг паст кўрсаткич.
COVIDга қарши эмланишга тайëрмисиз? Қозоғистонликларнинг 25 фоизи "ҳа" деб жавоб берди. Бу 116 давлат ичида энг паст кўрсаткич.

7. “Вакцина одам ДНКсига ўрнашиб олиши ва уни ўзгартириши мумкин”.

Одам организмида РНКнинг қайтадан ДНКга айланиши учун механизм йўқ. Инсон геномига кириб олиш учун зарур механизм мавжуд эмас.

9. “Вакцина насл қолдириш тизимига салбий таъсир этиши, бепуштликка олиб бориши мумкин”.

Вакцинани одамларда қўллашни бошлашдан олдин, клиник синовлардан аввал унинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги ўрганилади. Шунингдек, эмбрионга таъсир қилиш ва мутация чақириш қобилияти, яъни эмбриотоксиклиги ва тератогенлиги ҳам. Мазкур тадқиқотлар турли ҳайвонларда ўтказилади. Ҳозирда қўлланаётган вакциналарнинг ҳеч бирида эмбриотоксиклик ва тератогенлик хоссалари аниқланмаган. Бинобарин, аёллар эмлангандан сўнг антитаначалар ҳосил бўлиши учун бирон ҳафта дам олгач, ҳомиладор бўлишга тайёрланишлари мумкин.

Агар аёл вакцинанинг биринчи дозасини олганидан кейин юкли бўлган бўлса, ҳомилани туширишнинг кераги йўқ. Ўз вақтида биз бу масалани Вакциналар хавфсизлиги бўйича глобал маслаҳат қўмитаси билан муҳокама қилиб, “бунақа ҳолатларда иккинчи компонентни олмаган маъқул”, деган хулосага келганмиз. Дарвоқе, коронавирусга қарши вакцина бепуштликка олиб бормаслиги 100 фоиз исботланган.

10. “Вакцина одамни асраса, нега ҳатто эмланганларни ҳам ниқоб тақиб юришга мажбур қилишяпти?”

Поствакцинал даврда, организм ҳали антитаначалар ишлаб чиқармаган пайтда ниқоб тақиб юриш зарур, албатта. Популяцион иммунитетга эришсак ва касалланиш даражаси жуда паст даражага тушса ва янги мутациялар вужудга келмаса, ниқоб тақиб юришни бекор қилиш ҳақида ўйлаб кўриш мумкин.

11. “Ҳатто врачлар ҳам эмлашга қарши чиқишяпти, демак, улар ниманидир билишади”.

Ўйлайманки, бунақа фикрдаги врачлар етарли маълумот ва билимга эга эмас. Шахсан мен инфекционистман, шу билан бирга, иммунология ва вирусология бўйича ҳам ўқиганман, вакцина қандай амал қилишини тушунаман. Аммо мутахассислиги бошқа шифокор вакцина ва вируслар ҳақида гапириш учун етарли билим олмаган бўлиши мумкин.

Махсус билими бўлмаган одамнинг рост билан ёлғонни фарқлаши қийин, табиийки.

Мени бошқа савол кўпроқ ўйлантиради: нега одамлар айнан ковид вакцинасидан чўчишяпти? Масалан, қоқшол вакцинасини кўтариш оғир, лекин ЙТҲга йўлиқиб оғир жароҳат олган одамлар индамай бу вакцинани олади, чунки ярасига инфекция тушса ўлишини яхши билади. Ковидга келганда эса бунақа қўрқув йўқ, яъни жамиятимиз ҳамон бу балога енгил қарамоқда.

12. “Эмланиш мен учун чиндан фойдали бўлганида давлат вакцинани бунчалик тиқиштирмасди. Қаранг, эмланганлар учун қанақа имтиёзлар ваъда қилишмоқда”.

Бу рағбатлантириш механизмлари. Аҳолини эмланишга қизиқтиришнинг бундай усуллари бошқа кўп мамлакатларда ҳам мавжуд.

13. “Менда антитаначалар аллақачон пайдо бўлган, агар вакцина олсам, улар бир-бири билан тўқнашиб, организмда ички низони келтириб чиқариши мумкин”.

Бунақа эмас. Сизда айни пайтда қанча антитанача борлигидан қатъи назар, низо келиб чиқмайди, чунки иммунитетнинг турли механизмлари фаоллашади.

XS
SM
MD
LG