Линклар

Танқидий китоби ортидан қидирувга берилган Нурулло Отахонов Ўзбекистонга йўл олди

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Ëзувчи Нурилло Отахонов

“Оқ бино оқшомлари” ҳикояси ва шу ҳикоя асосида суратга олинган бадиий филми билан танилган бир неча китоб муаллифи¸ 63 яшар ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

Сўнгги икки йилда Туркияда яшаëтган ëзувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг сешанба кунги Истанбул -Тошкент учоғига чиқишдан олдин Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президентининг чет эллардаги ватандошлар юртга қайтсин деган чақириғига жавобан қайтаëтганини айтди.

Отахонов 26 сентябрь куни Тошкентга учади
Отахонов 26 сентябрь куни Тошкентга учади

Нурулло Отахоновга кўра¸ у бундан икки йил олдин Истанбулдаги Ferfir нашриëти таклифига кўра Туркияга келган:

‒ Бу нашриëт китобим тақдимотига ва китобхонлар билан учрашишга мени чақирган эди. Аммо тадбирлар кечиккани боис Туркияда узоқроқ қолишимга тўғри келди. Бу орада мамлакат мустақиллигининг дастлабки 25 йилини ўз ичига олган “Бу кунлар” китобини эълон қилдим. Бу китоб чоп қилиниши ортидан муаммолар бошланди. Кўп дўстларим менга ватанга қайтмай туришни маслаҳат беришди¸ дейди суҳбатдош.

Отахоновни исталмаган кишига айлантирган китоб
Отахоновни исталмаган кишига айлантирган китоб

"Бу кунлар" асарида ёзувчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режимга, мамлакатда шаклланган яккаҳокимлик тузумига ва бутун жамиятда урчиб хавфли тус олиб бораётган улкан ёлғонга қарши кескин муносабат билдирган.

Ëзувчи Истанбулда икки йил яшади
Ëзувчи Истанбулда икки йил яшади

Ушбу китоб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ишлайдиган ходимга кўра, Ўзбекистондаги тақиқланган асарлар рўйхатига киритилган.

Озодликка етиб келган мақола ва аудио тасмаларда шу кунларда электрон варианти ижтимоий тармоқларда кўпчилик томонидан ўқилган ва ҳамон ўқилаëтган ушбу асар муаллифига "ватан хоини" ва "юрт душмани" каби тамғалар урилаëтганини кўриш мумкин.

Ўтган йили Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжиди имом хатиб ноиби “Бу кунлар” романига қарши мақолани интернетда эълон қилиб¸ ëзувчини сотқинликда айблаган эди.

Ўтган ой ёзувчининг Тошкентда яшаётган оиласи унинг ҳануз қидирилаëтганлар қора рўйхатида эканини билиб қолган.

Нурулло Отахонов эски тушунчаларнинг синиши қийинлигини айтиш баробарида Ўзбекистондаги эркинлик шабадалари эсаëтганини ҳам унутмаслик кераклигини таъкидлади.

"Жомадон тайëр" дейди ëзувчи
"Жомадон тайëр" дейди ëзувчи

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.

Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.

Ушбу ҳикоя асосида “Оқ бино оқшомлари” бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Жумладан, ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Тарозий тошбақаси” (“Черепаха Тарази”) романи ҳамда “Шинаванда” (“Завсегдатай”) қиссаси ҳам Отахонов таржимасида ўзбек китобхонига етиб борган ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида “Ёшлик” (Бўлим мудири), “Муштум” (Масъул котиб), “Шарқ юлдузи” (Бўлим мудири), “Ҳидоят” (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда “Мовароуннаҳр” нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.

Отахоновнинг “Озодлик”ка айтишича¸ 2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра бирдан “Мовароуннаҳр" нашриёти Бош директорлиги ҳамда “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган ва шунинг ортидан иқтидор учун исталмаган кишига айланган.

Нурулло Отахонов Ўзбекистон янги президентининг 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўзбекистонликлар билан учрашувда қилган “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган илк таниқли шахсдир.

Озодлик Нурулла Отахоновнинг Ўзбекистонга қайтиш жараëнини яқиндан кузатишда давом этади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG