Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2022, Тошкент вақти: 04:30

Халқаро хабарлар

Венгрия россиялик уч олигархни санкция рўйхатидан ўчиришга оид талабидан воз кечди

Россиялик бизнесменлар Виктор Рашников (чапда), Пётр Авен (ўртада) ва Алишер Усмонов (ўнгда)

Венгрия россиялик уч нафар олигархни Европа Иттифоқи санкция рўйхатидан чиқариб ташлаш талабидан воз кечди ва Москвага нисбатан санкциялар тартибини дастаклайди.

Бу ҳақда Озодлик радиоси мухбири Рикард Йозвяк дипломатик манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Манбалар унга Европа Иттифоқи мамлакатлари элчиларининг 7 сентябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувида Венгрия вакиллари россиялик тадбиркорларга қарши санкциялар муддатини яна ярим йилга узайтириш таклифини қўллаб-қувватлашга тайёр эканларини билдирганлар.

Аввалроқ Озодлик расмий Будапешт ЕИдан Алишер Усмонов, Пётр Авен ва Виктор Рашников сингари россиялик олигархларни санкция рўйхатидан чиқариб ташлашни сўрагани ҳақида хабар қилган эди.

Кун янгиликлари

Олмаота аэропортида Москва рейси йўловчиларини пикет билан қарши олган талабалар тутиб кетилди

Олмаота аэропортида россияликларнинг оммавий келишига қарши акция ўтказган қозоғистонлик талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген, 2022 йил 23 сентябри

Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида 23 сентябрь куни маҳаллий талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген “Россия” авиаширкатининг Москва рейси келиш вақтига мўлжаллаб пикет уюштиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, талабалар Москвадан келган йўловчиларни “Шунчаки гўшт эканингизни тушундингизми?” ҳамда “Ҳурмат қил ёки жўна” деб ёзилган плакатлар билан кутиб олишган.

Пикет бошланганидан кейин кўп ўтмай маҳаллий полициячилар акция иштирокчиларини полиция бўлимига олиб кетишган.

“Менинг асосий мақсадим – Украина халқини қўллаб-қувватлаш”, деган Карагоз Касим Қозоғистонга келаётган россияликлар келажакда бу ерда сепаратистик қарашларни ҳимоя қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган.

Икки талаба полиция бўлимида ярим соатча тутиб турилган. Олмаота полицияси вакили Ернар Таскин Озодлик мухбирига талабалар оғзаки равишда огоҳлантирилганидан сўнг қўйиб юборилганини айтган.

Россия: Аэроширкатлар ва аэропортлар ходимлари ёппасига армияга чақирилди

Россиядаги “Аэрофлот” гуруҳи дохил камида бешта авиаширкат ҳамда ўндан ортиқ аэропортлар ходимлари Путин томонидан “қисман мобилизация” эълон қилинганидан кейин ўтган бир сутка мобайнида ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози олишган.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, авиаширкатлардаги учувчиларнинг кўпи ўқув юртлари қошидаги ҳарбий кафедраларда ўқиган захирадаги зобитлар ёки армияда хизмат қилган оддий аскарлар бўлиб ҳисобланишади.

Нашр манбалари тахминича, авиаширкатлар ва аэропортларнинг 50-80 фоиз ходими армияга сафарбар қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Аэрофлот” гуруҳига яқин манба сафарбарлик ширкат ҳамда шу гуруҳга кирувчи “Победа” ва “Россия” авиакомпаниялари штатидаги одамларнинг ярмидан кўпига тааллуқли бўлишини айтган.

Toyota ширкати 15 йиллик фаолиятдан сўнг Петербургдаги заводини ёпишга қарор қилди

Иллюстратив сурат

“Коммерсант” нашрининг хабар қилишича, автоконцерн бу қарорга Россияга бутловчи қисмлар етказиб беришни йўлга қўёлмагани ортидан келган.

Санкт-Петербургдаги завод консервация қилиниб, эҳтимолки сотилиши мумкин, бироқ у ерда Toyota автомобиллари бошқа ишлаб чиқарилмайди, дея қайд этган газета. Шунингдек, ширкатнинг Москвадаги офиси ишини ҳам оптималлаштириш режаланган.

Офис ходимларига ҳам, завод ишчиларига ҳам, “Коммерсант” манбаларига кўра, 12 та ойлик маош миқдорида товон пули тўлаш ваъда қилинмоқда.

Нашр Toyota ширкати Россия бозоридан бутунлай кетмаётганини қўшимча қилган.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича референдумлар бошланди

Мелитополдаги тарғибот баннери.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдум бошланди. Украина, АҚШ ва Ғарб давлатлари референдумларни тан олмасликларини билдирган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия ўтказаётган референдумларни “сохта” деб танишларини маълум қилган.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдумларда гўёки “овоз бериш” беш кун -23 дан 27 сентябргача давом этади.

Биринчи тўрт кунда у сайлов участкаларида эмас, балки кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида яшовчиларга адресли келиш йўли билан амалга оширилади. Донбассдаги, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларидаги сайлов участкаларида овоз бериш 27 сентябрь куни ўтказилади.

Оккупацион маъмурият бу қарорни аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳламоқда. Чунки “овоз берувчилар”нинг асосий қисми фронт олди ҳудудларида яшайди. Россияда эса овоз бериш участкалари бугундан бошлаб очилади.

Ғарб давлатлари ва Киев референдумни тан олмасликларини ва унинг “сохта” деб ҳисоблашларини билдирган.

Таниқли россияликлар сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш учун мукофотларини сотувга қўйди

Мукофотларини хайрияга топширганлар орасида Чўлпон Ҳаматова ҳам бор.

"ОВД-Инфо", "Первий отдел" ва Москва Хельсинки гуруҳи каби ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Россия Жиноят кодексининг рус армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатиш моддаси асосида айбланиб таъқиб қилинаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия ким ошди савдоси ўтказилишини эълон қилди.

Онлайн режимда 26 сентябрь куни ўтказиладиган аукционда таниқли актёрлар, артистлар, ёзувчилар, мусиқачилар ва журналистларнинг мукофотлари сотилади.

Мазкур аукционда Чўлпон Ҳаматова, Борис Акунин, Лия Ахеджакова, Андрей Макаревич, Кирилл Серебренников, Катерина Гордеева каби ўнлаб Россия “юлдузлари” иштирок этишга розилик билдирган. Ким ошди савдосига уларнинг мукофотлари ва совринлари қўйилади.

Шунингдек, “Оскар” мукофотининг икки марта, “Олтин глобус” мукофотининг беш марта номинанти бўлган британиялик актёр Рэйф Файнс ҳам аукционга ўз мукофотларини топширади.

Бундан ташқари аукционга Борис Стругацкийнинг дастхати бор китоб ва Ирландиянинг U2 рок группаси раҳбари Боно томонидан чизилган Михаил Горбачёвнинг портрети ҳам қўйилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Кремль деярли ҳарбий цензура жорий этиб, ўзи “махсус амалиёт” деб атаётган уруш ҳақида ҳукумат позициясига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишни тақиқлаган эди.

Россия армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатганликда айбланиб, шу кунгача камида 200 кишига нисбатан жиноят ишлари очилди. Уларнинг айримлари 15 йилгача қамалиши мумкин.

Зеленский россияликларни намойишларга чиқишга, қочишга ёки таслим бўлишга чақирди

Украина президенти Владимир Зеленский.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги кечки мурожаатида Россияда эълон қилинган қисман сафарбарликка муносабат билдирди ва россияликларга мурожаат қилди.

Россияликларга мурожаат қилар экан Зеленский рус тилида гапирди. Украина президенти Россияда сафарбарликнинг эълон қилиниши “ўн йиллар давомида ўзгалар ерини босиб олишга ўргатилган армия барбод бўлганининг очиқдан очиқ белгисидир”, деб айтди. Зеленскийга кўра, бу билан уруш кўпчилик россияликлар учун энди телевидение ва интернетдан кўчиб, ҳар бир хонадонга кириб келди.

“Нима учун, масалан, доғистонликлар ёки яна кимлардир Харьковда ёки Донецкда ҳалок бўлиши керак? Чунки Россияда бир одам барча Россия фуқаролари номидан мана шундай қарор чиқарди. Бошқа сабаби йўқ. У шуни хоҳлайди. Сизлар украиналикларнинг ўлдирилиши ва қийноққа солинишига оид барча жиноятларга шериксиз. Чунки сиз индамадингиз. Чунки ҳозир ҳам индамаяпсиз. Энди ўз танловингизни қиладиган пайт келди”,- деди Зеленский.

Украина президенти сўзида давом этар экан: “Бу урушда ярим йил ичида 55 минг рус аскари ҳалок бўлди, ўн минглаб аскар яраланди. Янада кўпроқ бўлишини истайсизми? Йўқми? Унда норозилик билдиринг, курашинг, қочинг ёки украин кучларига таслим бўлинг. Бу сиз ҳаётингизни сақлаб қолишингиз учун зарур бўлган вариантлар”,-деди.

21 сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина урушида жами 5937 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган. Бу рақам ғарб давлатлари разведкаси берган маълумотлардан ва урушдаги талафотларни ўрганган мустақил тадқиқотчилар айтган рақамлардан ҳам озроқдир.

Томонларнинг талафотлар тўғрисидаги билдирувларини уруш шароитида мустақил манбалардан тасдиқлаш имконияти мавжуд эмас.

21 сентябрь куни эрталаб президент Путин “Украинадаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда” Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу армияга захирадаги 300 минг киши чақирилишини билдирди.

Шундан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишларда иштирок этганлардан 1,5 мингга яқини полиция томонидан ушланди.

Россиянинг қўшни давлатлар билан чегараларида автотиқинлар пайдо бўлди. Тиқинлар Қозоғистон, Грузия, Беларусь ва Финляндия билан чегараларда кузатилди. Шунингдек, Туркия, Арманистон, Озарбайжонга авиарейслар учун барча чипталар сотиб бўлингани айтилмоқда. Россияликлар военкоматга чақирув қоғози келмасдан туриб мамлакатни тарк этишга уринмоқда.

Финляндияда "Яндекс" ва ака-ука Ротенбергларнинг активлари мусодара қилинди

Аркадий Ротенберг Владимир Путин билан.

Финляндияда президент Владимир Путинга яқин бўлган миллиардерлар Борис ва Аркадий Ротенбергларнинг ҳамда "Яндекс" ширкатининг активлари мусодара қилинди. Ширкат асосчиларидан бири Аркадий Волож Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган эди.

Helsingin Sanomat нашрининг ёзишича, Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган миллиардерларнинг активларини мусодара қилиш тўғрисидаги қарор августнинг охирлари ва сентябрнинг бошларида қабул қилинган.

Ротенбергларнинг Långvik Capital ширкатидаги акциялари мусодара қилиниши натижасида Хелсинкидаги муз саройи Helsinki Halli ва меҳмонхона комплексини бошқарувчи Långvik ширкатлари назорати Фин ҳукуматига ўтди.

"Яндекс"нинг Фин шўъбаси банк ҳисоблари ҳибсга олинди. Forbes журналининг ёзишича, ширкат бу ерда Yango такси хизмати ва Мянтсяля шаҳрида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга эди.

Аркадий Волож Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига июнь ойида киритилган эди. Шундан сўнг у “Яндекс”даги барча амалларни тарк этганди.

Чеченистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши митинг ўтказишга уринишди

Рамзан Қодиров

Чеченистон маркази бўлган Грозний шаҳрида 21 сентябрь куни ўнлаб аёл сафарбарликка қарши норозилик акцияси ўтказишга уринди. Уларнинг барчаси қўлга олинган. Воқеа Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ғазаблантиргани айтилмоқда.

Рухсат этилмаган митингга чиқишга чақириқлар 20 сентябрь куни – муҳтамал сафарбарликка оид миш-мишлар манзарасида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган. “Медиазона” нашри блогер Иброҳим Янгулбоевга таянган ҳолда, “Чеченистон юраги” масжиди олдидаги майдон эрталабдан қуршаб олингани ва у ерга борган барча аёллар қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Воқеа гувоҳларидан бири “Кавказский узель” нашрига масжид олдида 30-40 чоғли аёл тўпланганини айтган. Уларнинг аксарияти чоршанба оқшомида озод қилинган, аммо айримлари ҳануз ҳибсда қолаётган бўлиши мумкин.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров акцияга қуйидагича муносабат билдирган:

“Баъзи кимсалар қисман сафарбарлик ўтказилишига қарши кўчаларга чиқиш кераклиги ҳақида ёзишяпти... Ким чиқадиган бўлса, у халқ душманидир. Унақаларни тутиб, махсус ҳарбий амалиёт бўлаётган жойга жўнатиш керак”.

Қодиров норозилик акциясига 15-20 чоғли аёл чиққани, улардан икки нафарининг ёлғиз ўғли Украинада жанг қилаётганини тан олган. Аммо қолганлар, Чеченистон раҳбари иддаосича, “пулга ёлланган аёллар”дир. Қодиров уларнинг эркак қариндошларини урушга юборишга чақирган.

Кавказ.Реалии лойиҳаси маълумотига кўра, 21 сентябрдаги митингни узоқ йиллардан бери маҳаллий расмийлар хатти-ҳаракатига қарши уюштирилган илк норозилик чиқиши дейиш мумкин.

Россия аэропортларида йўловчи эркаклар қўшимча текширувдан ўтмоқда

Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти (иллюстратив сурат)

Россиядаги бир қанча аэропортда мамлакатдан учиб кетишга шайланган йўловчи эркаклар қўшимча текширувдан ўтказилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги қатор хабарларга кўра, Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти ҳамда Москва аэропортларида ёш йигитларнинг қарийб барчаси текширувдан ўтяпти. Бошқа маълумотларга кўра эса, улар орасида танлаб-танлаб текширилмоқда.

Текширув чоғида уларга “Чиптани қачон олгансиз?”, “Қайтишга чиптангиз борми?”, “Армияда хизмат қилганмисиз?” ва шунга ўхшаш саволлар бериляпти. Гувоҳликларга кўра, бунақа текширув 15-20 дақиқа давом этиши мумкин, текширувдан кейин кимдир рейсга қўйилмагани ҳақида ҳали бирор маълумот йўқ.

Сўнгги 10 йил ичида Россия фуқаролигини олган марказий осиёликлар урушга олиб кетилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Президент Путин томонидан эълон қилинган ҳарбий сафарбарлик доирасида Россия фуқаролигини олганига 10 йил бўлмаган марказий осиёликлар бир йил мобайнида мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкин. Бу ҳақда таклиф ҳозирланаётгани ҳақида Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашининг аъзоси Кирилл Кабанов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Кабановга кўра, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келиб, Россия фуқаролигини олган бу шахслар ҳарбий хизмат ўташдан бош тортган тақдирларида уларни ҳамда оила аъзоларини фуқароликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда.

“Бу ташаббуснинг амалга оширилиши юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар расмийларининг ўз фуқароларини жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, “махсус ҳарбий амалиёт”да ихтиёрий равишда иштирок этишни тақиқлашига нисбатан муносиб жавоб бўлади”, деб ёзган Кирилл Кабанов.

Аввалроқ минтақа мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон расмийлари ўз фуқароларини хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка ва ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка чақириб, “бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида” огоҳлантиришган.

Тольяттида номаълум шахслар шаҳар маъмурияти биносига ўт қўймоқчи бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Тольятти шаҳрида номаълум кишилар шаҳар маъмурияти биносини ёқиб юборишга уринган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, бинога ўт қўйишга уринилгани ҳақида 22 сентябрга ўтар кечаси соат 03:44 да маълум бўлган. Бинони ёқиб юборишга уриниш бўлганини шаҳар маъмурияти вакиллари тасдиқлашган.

Айтилишича, ёнғин тез орада ўчирилган, ўт қўймоқчи бўлганнинг шахси эса аниқланмаган. Воқеа жойида полиция ва кинологлар ишламоқда.

Бу орада, хабарларга кўра, ўтган тунда Нижний Новгороддаги Ленин ва Канава туманлари ҳарбий комиссариатларига ўт қўйиб кетилган.

Туркия Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида “референдумлар” ўтказиш режасини қоралади

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги биноси

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларида Россия томонидан “референдумлар” ўтказиш режаланаётганини қоралаб чиқди.

Вазирликка кўра, бу вазиятни изга солиш бўйича дипломатик жараённи қийинлаштириб, беқарорликни кучайтириб юбориши мумкин.

ТИВ баёнотида Туркия бу “референдумлар” натижаларини тан олмаслиги билдирилган.

Зеленский Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди

Владимир Зеленскийнинг БМТ Бош ассамблеяси қилган чиқишидан лавҳа, 2022 йил 21 сентябри

Украина президенти Владимир Зеленский 21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессияси доирасида қилган чиқишида ташкилотга аъзо барча мамлакатларни Россиядан Хавфсизлик кенгашидаги вето ҳуқуқини олиб қўйишга чақирди.

“Тажовузкор (Украина Россияни шундай деб ҳисоблайди) халқаро ташкилотларда қарор қабул қилиш жараёнининг бир томони бўлиб ҳисобланар экан, у ҳеч бўлмаганда босқинчилик давом этаётган давр мобайнида бу ташкилотлардан иҳота қилиб қўйилиши лозим”, дер экан Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлган тажовузкор давлат овоз бериш, делегациялар йўллаш ва вето қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилишини кераклигини қайд этди.

Зеленскийнинг урғулашича, Россияни бу йўсинда жазоланиши “тинчлик формуласи”нинг қисмига айланиши лозим.

Рамзан Қодиров чеченларни Украинада Аҳмад Закаевни ўлдиришга чақирди

Рамзан Қодиров ва Аҳмад Закаев.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров телеграм каналида Украинада жанг қилаётган чеченларни Аҳмад Закаевни ўлдиришга чақирди. Қодиров Закаевга ҳам мурожаат қилиб, уни таъқиб қилишдан тўхтамаслигини билдирди.

Қодиров ўз видеомурожаати Россия томонидагина эмас, балки Украина томонида жанг қилаётган чеченларга ҳам тегишли эканини, агар улар Закаевни ўлдирсалар, Чеченистонга қайтганларидан сўнг озодлик ва бойлик берилишини айтди.

Қодиров видеомурожаатда чечен тилида гапирган. Унинг видеомурожаатидан рус тилига таржима қилинган бир парчани Кавказ.Реалии иқтибос сифатида келтирмоқда: "Закаев конфликтли ҳудудда (Украинада-муҳаррир). Ким уни топса, уни йўқ қилиши шарт. Агар сиз бу эчкини ўқ отиб ўлдирсангиз ва уйга қайтсангиз, мен сизга озодлик бераман ва бутун умрга таъминлайман… Ҳар бирингиз Чеченистонга қайтишингиз мумкин, фақат битта шарти бор: ёки сиз унинг иштонини ечасиз ёки пешонасидан отасиз”.

Қодиров бундан аввал ҳам Закаевга бир неча марта таҳдид қилган. 2021 йил январида Қодиров Закаевни Чеченистонга қайтишга чақирган. Қодиров уни қайтиши билан “ертўлага тиқиши ёки пешонасига отиб ўлдириши”ни айтган.

2021 йил мартида Чеченистонда Закаевга қарши жиноят иши очилган. У террорчиликни оқлаганлик ва тарғиб қилганликда айбланмоқда.

Собиқ дала командири ва чечен сепаратистларининг лидерларидан бири бўлган Аҳмад Закаев 2002 йилдан бери Британияда яшайди. Қодиров Закаевнинг Украинада экани тўғрисидаги маълумотларни кимдан ёки қаердан олгани тўғрисида гапирмади.

Украина Қуролли кучлари таркибида чеченлар томонидан ташкил этилган Жоҳар Дудаев ва “Бешеная стая” отрядлари ва кўнгиллилардан иборат Шайх Мансур батальони мавжуд. Июль ойида мазкур отрядлар вакиллари Чеченистонда Қодиров режимига қарши яширин қуролли ташкилотлар ташкил этишга тайёр эканликларини билдирган эдилар. Қодиров уларнинг манзилларини айтиб берган шахсларга миллион доллар мукофот беришни ваъда қилганди.

Май ойида Аҳмад Закаев Киевга келиб, парламентда, Украина президенти маъмуриятида кўзга кўринган сиёсатчилар билан учрашган эди. Бу учрашувларда чеченларнинг Россияга қарши урушда иштирок этиш масаласи ҳам муҳокама этилган.

Кремль матбуот котибининг ва бош вазирнинг ўғли сафарбарлик доирасида армияга бормоқчи эмас

Youtibeдаги “Популярная политика” канали бошловчилари Россия олий мансабдорларига яқин бўлган шахслар билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларнинг сафарбарлик доирасида армияга бориш ёки бормасликлари билан қизиқди, деб ёзди Озодлик радиоси рус хизмати 21 сентябрь куни.

Канал бошловчилари ўзларини военкомат ходимлари сифатида таништиришган ва суҳбатдошларига сафарбарлик доирасида чақирув пунктларига етиб келишни таклиф қилишган.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ўғли сифатида тақдим этилган Николай исмли шахс военкоматга келишдан бош тортди.

“Агар сиз мен жаноб Песков эканимни билсангиз, менинг у ерга боришим унча тўғри бўлмаслигини тушуниб етишингиз керак”,-деган Николай масалани “юқорироқ даражада ҳал этишга” ваъда берди.

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг ўғли сифатида таништирилган абонент Алексей Мишустин Иқтисодиёт олий мактаби магистратурасида ўқиётгани учун сафарбарликка жалб қилишдан озод этилганини айтди. У мулоқот давомида урушда иштирок этиш нияти йўқлигини, у ўқишини давом эттириш истагида эканини билдирди.

Росгвардия раҳбари Виктор Золотовнинг набираси сифатида тақдим этилган Артём Чечихин армияда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганини, бироқ урушга бориш учун шартномани имзолашга тайёр эмаслигини айтди.

«Единая Россия» партиясидан Дума депутати Дмитрий Саблиннинг ўғли экани айтилган Антон Саблин военкоматга келишга ва урушга боришга тайёрлигини билдирди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков “Популярная политика” канали бошловчилари билан мулоқот қилган шахс ўғли эканини инкор қилмади. Аммо у ўғли Николай «бирдан бир тўғри танлов»дан бош тортганига ишонмаслигини, бошловчилар унинг сўзларини контекстдан юлиб олганини айтди.

Россия президенти 21 сентябрда мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди. Сафарбарлик доирасида армияга захирадаги 300 минг киши чақирилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG