Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2021, Тошкент вақти: 02:39

Вертикал ҳокимият: Қирғизистон маҳаллий раҳбарларни юқоридан тайинлаш тизимига ўтмоқда


Қирғизистон президенти Садир Жапаров. Иллюстратив фото

Қирғизистон Жогорку Кенеши давлат органлари тузилмасини Конституцияга мувофиқлаштиришга доир қонун лойиҳалари тўпламини қабул қилиш жараёнини тезлаштирди.

Лойиҳаларда, хусусан, вазирлар маҳкамаси ва президент маъмуриятини бирлаштириш, давлат раҳбарига – шаҳарлар мэрларини, ҳокимларга эса овуллар ҳокимияти бошлиқларини тайинлаш ваколатини бериш назарда тутилган. Ушбу янгиликлар депутатлар ва жамоатчилик орасида турлича муносабатларга сабаб бўлди.

Вазирлар маҳкамаси ва маъмуриятни қўшиб юбориш

Лойиҳалар тўпламидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири “Қирғиз Республикаси Вазирлар маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасидир. Гап шундаки, ҳозирги Вазирлар маҳкамаси янги Конституцияга мувофиқ Вазирлар маҳкамаси ўлароқ шакллантирилган бўлса-да, у барибир “ҚР ҳукумати тўғрисида”ги қонун асосида ишлашда давом этади.

Вазирлар маҳкамаси президент маъмурияти билан бирлаштирилган тақдирда, ҳосил бўлган янги тузилма штати 30 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Ақилбек Жапаров маълум қилди:

Бош вазир ўринбосари Ақилбек Жапаров
Бош вазир ўринбосари Ақилбек Жапаров

“Штатлар қисқарган тақдирда ҳам аппарат ходимларидан ҳеч бири ишини йўқотмаса керак деб ўйлайман. Бироқ биз бўшатиладиганларга бошқа иш топиб беришга ҳаракат қиламиз. Иш ўринлари етмай қолганларга эса ишсизлик нафақаси тўланиб, ўзлари бандлик хизматида рўйхатга олинади.”

Амалдаги парламент шу ойнинг охирига қадар ишлаб туради, президент ҳамда Вазирлар маҳкамасининг Жогорку Кенешдаги вакиллари муҳокамадаги қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишдаёқ қабул қилишни илтимос қилганлар.

Депутат Рискелди Момбеков бу шошма-шошарлик ва маъмурий ислоҳотлардан норозилигини яширмай, янги қонунда ҳамма нарса қоришиб кетганини айтди:

Депутат Рискелди Момбеков
Депутат Рискелди Момбеков

“Бу лойиҳаларни бир неча ўқишда‑ёқ қабул қилишни сўраяпсизлар, аммо, масалан бизнинг фракциямиз уларни муҳокама қилгани ҳам йўқ... Агар сиз уларни бизга мажбуран қабул қилдирсангиз, эртага сизни ҳам куч билан лавозимдан кетказишади. Қолаверса, эски қонун лойиҳасини олиб келгансиз, у ёқ бу ёғи ўзгартирилган холос. Бизда президентлик бошқаруви мавжуд экан ва давлат бошлиғи ижроия ҳокимияти раҳбари саналаркан, ҳукумат йиғилишларини унинг ўзи ўтказиши лозим. Бироқ ҳозирда Вазирлар маҳкамаси алоҳида фаолият олиб бормоқда, унинг ўз аппарати бор, бундан ташқари президент аппарати ҳам бор. Ҳукуматнинг ҳам, президентнинг ҳам парламентда ўз вакиллари бор. Ҳолбуки иккала тузилма бирлаштирилиши ва унга битта одам раҳбарлик қилиши керак эди.”

3 февраль куни Жогорку Кенеш Улуғбек Мариповни Бош вазир лавозимига тасдиқлаган эди. Янги Конституция бўйича референдум ўтказилиб, мамлакат бошқарувнинг президентлик шаклига ўтганидан сўнг ҳукумат Вазирлар маҳкамасига айлантирилди ва Мариповни қайтадан унга раис қилиб тайинладилар. Президент маъмуриятига эса Суюнбек Касмамбетов раҳбарлик қилади.

Акимлар ва овуллар ҳокимияти бошлиқларини тайинлаш

Туркумда “Давлат фуқаролик ва муниципал хизматлари тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат маъмурияти тўғрисида”ги ҳамда “Маҳаллий бошқарув органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам кўрилмоқда. Мазкур ҳужжатлардаги асосий тузатишлар мазмуни шундан иборатки, эндиликда президент – вилоятлардаги ўз вакилларини, мэрларни ва акимларни, улар эса ўз навбатида ўзларига тобе мулозимларни тайинлайдилар.

Бироқ Жогорку Кенешнинг айрим депутатлари бу тизимни танқид қилишмоқда. Хусусан, Шайлообек Атазовга кўра, акимларга бундай ваколатлар берилиши коррупцияга йўл очади:

Шайлообек Атазов
Шайлообек Атазов

“Овул кенгашлари депутатларига овул ҳокимияти раҳбарини сайлаш имкониятини бериш керак. Агар улар икки уринишда сайлай олишмаса, кейин, майли, аким тайинласин. Депутатларни чеккага суриб қўйиб, акимни ҳамманинг кўзига олабўжи кўрсатиш нотўғри. Овул ҳокимияти бошлиғи бўлишга талабгорлар акимларга 4-5 мингдан пора бераётгани ҳақида эшитяпмиз, қонун қабул қилинса, бунақа ишлар авжига чиқади. Агарда ҳоким кимнидир овул ҳокимияти раҳбари лавозимига таклиф қиладиган бўлса, овул кенгашига ушбу номзодни рад қилиш имконияти берилиши лозим. Ҳамма нарсани бир киши ҳал қилишига йўл қўйиб бўлмайди. Халқ билан ҳам ҳисоблашиш керак.”

Шунча эътирозларга қарамай, парламент таклиф этилган қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди.

Қирғизистонда жами 453 та овул ҳокимияти бўлиб, уларни овул кенгашлари депутатлари сайлайди. Уни сайлаш орқали депутатлар фуқароларга берган сайловолди ваъдаларини бажаришга уринишмоқда. Лекин, агар овул ҳокимияти бошлиғи ҳоким томонидан тайинланса, депутатлар сайловчиларини қандай ишонтиришлари мумкин? Бу масала парламентда ҳам муҳокама қилинди.

Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш (МЎБ) иттифоқи директори Бектурган Ўразбоев ушбу ташаббусга қаршилигини очиқ айтди:

Бектурган Ўразбоев
Бектурган Ўразбоев

“Бизга барча овул кенгашларидан депутатлар мурожаат қилишмоқда, улар бу қарорга бутунлай қарши. Овуллар ҳокимияти раҳбарларини тайинлаш тизимига ўтилса, депутатлар ҳокимиятдан деярли маҳрум бўлишади. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи мавжудлиги – маҳаллий ҳамжамиятнинг ўз ижро идораси мавжудлигини билдиради. Маҳаллий маъмурларнинг тўғридан-тўғри аҳоли томонидан сайланиши идеал нарса эди, аммо биз ундан воз кечиб юбордик. Агар энди сайлаш ваколатини депутатлардан ҳам тортиб олсак, кенгашларнинг мутлақо зарурати қолмайди. Ишқилиб, акимлар билан кенгашлар орасида зиддият чиқмасайди, деб хавотир оляпмиз. Шуларни ҳисобга олиб, қуйидаги таклифни илгари сурамиз: маҳаллий кенгашларга овул ҳокимияти раҳбарларини сайлаш ҳуқуқи берилсин ва кенгаш сайлай олмаган тақдирдагина, улар акимлар томонидан тайинлансин. Бу икки томонни муросага келтирувчи қоида бўлади.

Мустақил Қирғизистон тарихида акимлар ёки ҳукумат вакилларига овул ҳокимияти раҳбарларини тайинлаш ваколатини берувчи қонун нормаси ҳали бўлмаганди. Уларни ҳамиша маҳаллий аҳоли ёки депутатлар сайлаган. Аввалроқ ҳукуматнинг вилоятлардаги вакиллари президент вакилларига айлантирилди. Давлат раҳбарининг вакили бўлиш учун олий маълумотга ва 10 йиллик иш стажига эга бўлиш талаб қилинади. Ҳар бир вакилнинг икки нафардан ўринбосари бўлади. Улар вазирлар маҳкамаси раиси розилиги билан тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

XS
SM
MD
LG