Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:40

Путин: Ўлишимни кутиб¸ хомтама бўлманг!


Владимир Путин
Владимир Путин

2018 йил 20 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин 2001 йилдан буён 14 маротаба уюштирилган матбуот конференциясида журналистлар саволларига жавоб берди.

Кремль матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков 99,9 фоиз анжуманда иштирок этиш истагини билдирган журналистга аккредитация берилгани ва унда рекорд сондаги 1702 нафар журналист қатнашганинини билдирди.

Путин Ютуқлар тўғрисида мақтанди...

Ўз чиқишини Путин ўтиб бораётган 2018 йилда эришилган ютуқлар, хусусан¸ ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмининг охирги 10 ойда 1,7 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 2,9 фоизга ўсганини айтиш билан бошлади.

Россия президенти таъкидича¸ россияликлар даромадлари 2018 йилда ҳам ўсишда давом этган ва ўсиш 6,9 фоизни ташкил этган, ишсизлик эса 4,8 фоизга камайган. Шунингдек, у ўсиш молия, савдо, иқтисодиёт соҳасида ҳам кузатилганини айтди.

Мамлакатдаги аҳвол ҳақидаги баëнотидан сўнг журналистлар саволларига жавоб беришга ўтган Путин Медведев бошчилик қилаëтган ҳукумат фаолиятини мақтади.

- Биз янги иқтисодиётлар лигасига киришимиз керак – иқтисодиёт сифатидан. Бу жиҳатдан Медведев ҳукумати фаолиятидан мамнунман, деди 2021 йилда иқтисодиёт ўсишини 3 фоизга етказишни ваъда қилган Владимир Путин.

В.Путинга берилган саволлар.
В.Путинга берилган саволлар.

Ядро уруши хавфи ошиб бормоқда....

"Биринчи канал" журналисти Антон Верницкийнинг Россияда охирги пайтларда ядро уруши тўғрисида “ошхонадаги гап-сўзлар” кўпайгани билан боғлиқ саволига жавобан Россия президенти бундай уруш эҳтимолини инкор қилмаслигини билдирди:

- Хатарлар мавжуд. Улар нимадан иборат: биринчидан, қуролланиш пойгаси тизимининг бузилиши. Биз ракеталарга рарши мудофаа тизимларини ёриб ўтувчи қурол-яроғни яратишга мажбур бўлдик.Бу мувозанатни сақлаш учун, холос. Эндиликда АҚШ ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталар шартномасидан чиқаяпти. Вазият қандай боришини тахмин қилиш қийин. Ракеталар Европага ўрнатилса¸ биз жавоб беришга мажбур бўламиз, кейин чириллаб ўтиришмасин. Иккинчидан, ядросиз баллистик ракеталарни қўллаш масаласи. Бу нима дегани? Ракета учирилса¸ у ядровийми-йўқми – ҳеч ким билмайди. Инсониятнинг бундай вазиятга тушмаслик кералигига ақли етади, деб ишонаман¸ деди ядровий уруш эҳтимолига тўхталган Путин.

Ҳаммасига украинларнинг ўзи айбдор...

Керч бўғозида қўлга олинган украин денгизчилари масаласида берилган саволга Владимир Путин бу воқеани яна "провокация" деб атади ва ҳибсда қолаëтган украин денгизчилари тақдирини суд ҳал этишини билдирди.

Украиналик журналист Роман Цимбалюкнинг Путинга :

-Донбасс оккупациясига сиз қанча пул сарфлайсиз? У ерда қашшоқлик - одамлар Россия қулларига айлантирилди. Сиз ядро урушидан қўрқасиз, аммо Украина гражданларини отаяпсиз. Ахир сиз денгизчиларга ўқ отишни буюрдингизку. Россия ва Украина ўртасида мулоқот сиз ишдан кетмагунингизча амалга ошмайди, деб ўйламайсизми? савол берди.

Бунга жавобан Россия раҳбари Донбасс блокадаси ва одамларнинг ўлдирилаётгани учун Украинани айблади.

- Биз бу одамларга кўмак бераяпмиз – тинчлик йўли билан. Кейин ҳам ёрдам бераверамиз. Биз Украинада тинчлик бўлишини истаймиз. Киев ҳукуматида русофоблар ўтирган экан, Кремлда ким бўлишидан қатъий назар¸ вазият ўзгармасдан қолаверади. Денгизчилар масаласи эса¸ суддан кейин ҳал бўлади, деди Владимир Путин.

Қримлик журналист Россияга қарши киритилаётган чекловлар қримликларга салбий таъсир ўтказаётгани масаласини кўтарди.

- Қрим аннексияси ҳақида гапиришаяпти. Аннексия нима дегани? Куч ёрдамида босиб олиш. Агарда Қрим куч билан босиб олинган бўлса, маҳаллийлар айби йўқ. Улар ўзлари келиб овоз берган бўлса – бу аннексия эмас. Қримликларга қарши эса санкциялар киритишди, деди Путин.

Россия иқтисодиёти санкцияларга мослашди...

“Россия Сегодня” мухбири Елена Глушакованинг “Россия янги санкцияларга тайёрми?” саволига Путин:

- Россия ўз тарихи давомида доимо санкциялар остида яшаб келади. Бу нима билан боғлиқ? Россия қудратининг ошиши билан! Биз эса ўз ишимизни тинчгина давом эттираяпмиз. Иқтисодиётимиз ташқи чекловларга мослашиб олди. 2008-2009 йилги жаҳон инқирозидан кейин ЯИМимиз 7,8 фоизга қулади. 2014 йилги санкциялар ортидан эса бу кўрсаткич атиги 2,4 фоизни ташкил этди¸ деб жавоб берди.

СССРни тикламаймиз, аммо...

66 фоиз россияликларнинг СССР қулашидан афсусда экани тўғрисида кўтарилган масалага муносабат билдирган Россия раҳбари социалистик тузумни тиклаш иложсиз экани айта туриб, иқтисодиётда “социаллашув” элементлари жорий қилиниши мумкинлигини инкор этмади.

Биз терроризмга қарши курашни давом эттирамиз...

Chicago Tribune-дан тушган савол: “Президент Трамп Суриядан қўшинларни олиб чиқди ва АҚШнинг ИШИД устидан ғалабаси борасида эълон қилди. Сиз қўшинларнинг олиб чиқилиши ва террорчилар устидан ғалаба борасидаги сўзлари ҳақида нима деб ўйлайсиз?”

- Биз Трамп билан Суриядаги терроризмга қарши курашда катта ютуқларга эришдик. Бу гуруҳларнинг Афғонистон ва бошқа давлатларга кўчиб ўтиши хавфи мавжуд. Бу барча давлатлар, жумладан Россия, АҚШ. Европа ва Осиё давлатларига бўлаётган хатар. АҚШ Афғонистондан ҳар йили қўшин олиб чиқаётганини эълон қилади, аммо барибир ўша ерда. Менимча, АҚШ қўшинларининг Сурияда кераги йўқ, улар нолегитим тарзда у ерда мавжуд. Олиб чиқараётган бўлса – демак тўғри иш, деди Путин.

Афғонистондаги вазият тўғрисида фикр билдириб, Владимир Путин “толибонлар билан мулоқот қилиш муқаррар” экани, афғон халқи ўзи келишиб олиши кераклигини ҳам уқтириб, Россия Тожикистондаги ўз ҳарбий базасини мустаҳкамлашни давом этишини маълум қилди.

Новая газета” журналисти Марказий Африка Республикасида отиб ўлдирилган Ўрхон Жамол, Кирилл Радченко ва Александр Расторгуев ўлимига “Вагнер” хусусий ҳарбий бўлинмаси, хусусан “Путин ошпази” Евгений Пригожиннинг алоқадорлиги тўғрисида савол берди.

- Менинг ошпазларим – хавфсизлик хизмати ходимлари, ҳарбийлар. Вагнер масаласида эса, ҳаммаси қонун доирасида қолиши керак. Агар гуруҳ ниманидир бузаётган бўлса – Бош прокуратура ўз ҳуқуқий баҳосини берсин. Агарда улар ҳақ бўлса – дунёнинг истаган бурчагида ўз манфаатларини илгари суриб боришга ҳақли, деди Владимир Путин.

Путин жаҳонни ким бошқармоқчи эканини билади...

Wall Street Journal нашри мухбирининг “Сиз ҳақиқатан дунëни бошқармоқчимисиз?” саволига президент АҚШнинг мудофаага сарфлаётган харажатларини эслатди:

- Жаҳонни бошқариш масаласида, биз унинг бош штаби қаерда эканини биламиз ва у Москвада эмас. Россиядан чиқаётган хавф-хатар – айрим масалаларни ҳал этиш учун Ғарб жамиятига сингдирилаётган қолиплар. Ташқи сиёсатимизнинг асосий мақсади – халқаро майдонда тенглар орасида ўз ўрнини эгаллашдир, деди президент Владимир Путин.

Матбуот анжумани якунида яқин орада уйланиш эҳтимолини рад этмаслигини билдирган Путин¸ саломатлиги масаласида берилган саволга :

- Ўлишимни кутиб¸ хомтама бўлманг- дея заҳарханда қилди.

XS
SM
MD
LG