Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Қорамол билан тушилган сурат. Одамлар ўз номларига кредит олинганини 6 ой ўтиб билди


Халқ банки, Поп тумани филиали
Халқ банки, Поп тумани филиали

Наманган вилоят, Поп туман, Чоркесар қишлоғидаги йигирмадан ортиқ кам таъминланган оила бошлиғи уларнинг номига чорва учун кредит олинганини банк ходимлари кредитни тўлашни талаб қилиб келганларидан кейин билди.

Ўз номига кредит олинганидан бехабар чоркесарликларнинг айтишларича, Халқ банкининг Наманган вилоят, Поп тумани филиали ва “Чоркесар Бекдиёр” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага кўра, таъминотчи “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кам таъминланган оилаларга кредитга қорамол сотиши лозим бўлган.

Аммо мижозлар томонидан барча ҳужжатлар имзоланганидан сўнг, таъминотчи кредит бериш тўхтатилди, деб одамларни алдаган, аслида кредит расмийлаштириб олинган.

Емаган сомсасига пул тўлашга мажбур этилаётган одамлар, бу ҳолат таъминотчи ва банк филиали бошқарувчиси орасидаги коррупцион схема эканлигини иддао қилмоқда.

Халқ банкининг Поп тумани филиали бош ҳисобчиси Акмалжон Икромов бу муаммода банкнинг айби йўқлиги, бу масала билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланаётганини айтди.

"Таъминотчи билан банк бошқарувчиси жиноий келишув қилган"

Поп тумани, Чоркесар қишлоғида яшайдиган 26 яшар Темурбек Хосиятовнинг айтишича, унинг онаси номига ғайриқонуний тарзда чорва учун кредит расмийлаштирилган:

“Онам Гулнора Худойберганова, ҳозир ўзлари Ўзбекистонда эмас, четга ишлагани кетишган. Ярим йил олдин ҳақиқатан ҳам “Ҳар бир оила” тадбиркор доирасида қорамолга кредит учун ариза берган эдик. Она-бола сигир берамиз кредит пулига, дейишганди. Кейин уч ойча судраб юришдию, бўлмади, деб айтишди. Энди эса онамнинг номига декабрь ойида 27 ярим миллион сўм кредит чиқибди, банк ходимлари келиб тўланглар, фоизи ошиб кетяпти деяпти. Онам бир марта ҳам банкка бормаган, ҳеч қандай ҳужжатга имзо чекмаган”

Темурбек шундан сўнг банкка шикоят қилиб борганини айтади:

“Банкка бордим. Униси бунисига солди, буниси унисига. Кейин Искандар деган таъминотчи бола айтдики, банк бошқарувчиси Ўктам қанақадир фирмага сизларни пулларингизни ўтказиб юборган. Ўша одамда пулларинг, ундан талаб қилинглар, деди. Кейин бошқарувчининг олдига кириб шунақа деяпти, дедим. У эса менинг ҳеч кимдан қарзим йўқ, лекин сизникини 15 кун ичида ҳал қилиб берамиз, деди. Лекин шу билан ҳеч нарса бўлмади. Хуллас, таъминотчи билан банк бошқарувчиси қанақадир криминал келишув қилишган. Жабри эса бизларга юкланяпти”.

"Бировнинг моли олдида суратга олишди"

Чоркесарлик 27 яшар Аббос Бойназаров ҳам иккита қорамол олиш учун барча ҳужжатларга қўл қўйиб бергани, аммо унга ажратилган кредитдан бошқалар фойдаланаётганини айтади:

“Таъминотчи Искандар деган бола сизларга иккита мол бераман, бунинг учун молнинг олдида расмга тушишингиз керак деди. Кейин банк ходими билан бирга бировникига бориб, унинг моли олдида расмга олди. Банк ходими ҳам мол таъминотчиники эмаслигини, бировнинг молхонасида турган мол эканлигини билган. Искандар таъминотчи мен аввал пулни банкдан чиқариб олай, кейин четдан мол олиб келиб бераман, деди. Шу билан йўқ бўлиб кетди, мол ҳам келмади, пул ҳам олмадик, энди эса банк ходимлари кредитнинг олти ойлик имтиёзли даври тугади, фоизини тўланглар деб келяпти. Ҳайрон қоляпмиз”.

"Бошқарувчига, кредит бўлими бошлиғига, бош бухгалтерга узатишим керак"

Яна бир чоркесарлик 43 яшар Адҳам Мадумаров ҳам, емаган сомсасига пул тўлаш талаб қилинаётган шахслардан бири. Унинг айтишича, таъминотчи унга мол сотиб олиш учун нақд пул беришга ваъда бериб, алдаган:

“Аёлим иккимизнинг номимизга 30 миллион сўмдан кредит чиқариб бераман, ҳозир пандемия, четдан мол олиб келишнинг имкони йўқ, ўзингиз бозордан танлаб олаверасиз, нақд 50 миллион сўм бераман, деди. Ие, 60 миллионку десам, бизнинг ҳам харажатимиз бор, бошқарувчига беришим керак, кредит бўлими бошлиғига беришим керак, бухгалтерга беришим керак, деб бизни кўндирди. Февраль ойининг бошлари эди. Ака, банкка келиб ҳужжатларга имзо қўйинг, эртага пулингизни олиб бориб бераман, деди. Биз хотин билан 50 миллион сўмга ўйлаб қўйган тадбиркорлик режамизни бошлаймиз деб, ширин хаёллар оғушида юрсак, бу виждонсиз одам бизни алдаб, йўқ бўлиб кетди”.

Номларига кредит чиққан, лекин на пулни, на молни кўрган одамларнинг айтишларича, улар банк бошқарувчиси Ўктам Мамадалиев ва таъминотчи Искандар Ёндошбоев тузган ҳийланинг қурбони бўлишган.

Чоркесарликлар, уларнинг ўзаро келишган ҳолда ишлашаётганига далил ўлароқ Озодликка тақдим этилган видеода таъминотчи Искандар Ёндошбоев ва Халқ банки Поп тумани бошқарувчиси Ўктам Мамадалиев ўртасидаги сўзлашув акс этган:

Таъминотчи Искандар Ёндошбоев ва банк бошқарувчиси Ўктам Мамадалиев орасидаги телефон суҳбати.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00

Искандар Ёндошбоев: “Шеф, хўжайин ундоқ эмас-да, булар(видеода арз қилиб келган чоркесарликлар кўринади-таҳр.) пулни сен ишишлативорипсан деб, қулоқ-миямни еб ташлаяпти.

Ўктам Мамадалиев: “Эртага аниқ, бўлади, Искандар.

Искандар Ёндошбоев: Ака, ундоқ қилиб мени қийин вазиятга... Ака, ҳалиги битта казначествани очиб беринг, очтирайлик ўшани.

Ўктам Мамадалиев: Манга ташланг ўшани.

Искандар Ёндошбоев: Ҳозир ташлайман, ака, илтимос эртага ўшани қилиб берайлик, жон ака, мани ноқулай аҳволга соляпсиз. Шуни сиз Искандарни манда пули йўқ демасдан, эртага абедга бўлади, деб қўйсангиз, боллар тушунади, ака.

Ўктам Мамадалиев: Булар менга келиб гапиряпти-да, пулни бер, деб.

Искандар Ёндошбоев: Энди, ака, буларга ҳам зарил. Ўшанга илтимос, ака. Илтимос эртага шуни ҳал қилиб беринг, бўлди, ака.

Ўктам Мамадалиев: Хоп, хоп...

Чоркесарликларнинг айтишларича, бу масала уч ойдан буён ҳал бўлмай келяпти. Шундан сўнг, таъминотчи ҳам, бошқарувчи ҳам шикоятчиларнинг телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган.

Озодликда Ўктам Мамадалиевнинг таъминотчилар билан бирга дам олиш зоналаридан бирида айшу-ишрат қилаётгани акс этган расмлар ҳам бор. Аммо, шахсий дахлсизлик нуқтаи назаридан бу суратларни Озодлик нашр қилмайди.

Озодлик икки кун давомида Искандар Ёндошбоев ва Ўктам Мамадалиев билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо уларнинг телефонлари ўчирилгани боис топишнинг имкони бўлмади.

"Банкнинг алоқаси йўқ!

Халқ банки Поп тумани филиалининг бош ҳисобчиси Акмалжон Икромов чоркесарликларнинг муаммосидан хабари борлигини айтар экан, бу муаммонинг юзага келишида банкнинг алоқаси йўқ, деди:

“Бу мижозларнинг ҳаммаси юз фоиз банкка келган, шартномаларга ўзлари имзо қўйган, агар таъминотчи молни бермаган бўлса унда тегишли органларга мурожаат қилиб, ундан ундириб олса бўлади. Бу масалани ваколатли органлар ўзлари текшириб, ўзлари хулоса беришади.”

Акмалжон Икромовнинг айтишича, Ўктам Мамадалиев ҳозир расман филиал бошқарувчиси бўлиб турган бўлса-да, уч-тўрт кундан буён унинг вазифасини бошқа киши вақтинча бажаряпти. Ўктам Мамадалиевнинг ҳозир қаерда эканлиги аниқ эмас.

Ўзбекистонда “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида берилган кредитлар мақсадсиз сарфлаанётгани, бунга коррупция аралашаётгани ва кредитларни тақсимлашда таниш-билишчилик авж олгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Ҳукумат ижтимоий ҳимоя сифатида тақдим этаётган ушбу дастур бўйича чорва баъзи вилоятларда бозор нархидан икки баробар юқори нархда расмийлаштирилмоқда. Оқибатда камбағал оилалар қарз ботқоғига ботаётгани айтилади.

Аҳолининг кредитлардан қарздорлиги борасида аниқ рақамлар йўқ, аммо мутахассисларга кўра, аҳолининг тўлов қурби пастлиги боис имтиёзли кредитлар тижорий банклар учун жиддий муаммога айланган. Жойларда кредитларни қайтариш учун банк ходимлари билан бирга бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам сафарбар этилгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида корхоналарнинг кредит қопламаслик ҳолати ва оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича берилган кредитларни қайтариш муаммо бўлиб қолганини тан олганди.

XS
SM
MD
LG