Линклар

Шошилинч хабар
02 октябр 2022, Тошкент вақти: 23:55

Халқаро хабарлар

Хитой "Тяньгун" орбита станциясига иккинчи модулни туташтирди

Парвоз Хайнань оролидаги Вэньчан космодромидан амалга оширилди.

Хитой коинотга парвозларни мувофиқлаштириш бошқармаси орбита станциясига иккинчи модул муваффақиятли туташтирилгани тўғрисида маълум қилди. "Вэньтянь" лабораториясидан турли тажрибаларни ўтказиш ва очиқ коинотга чиқишда фойдаланилади.

"Чанчжэн-5Б" оғир юк ташувчи ракета "Вэньтянь" модулини ерга яқин орбита станциясига 24 июль куни олиб чиқди. Парвоз Хайнань оролидаги Вэньчан космодромидан амалга оширилди. Модул шу куниёқ орбита станциясига туташтирилди.

22 тоннали модул ташқи манипуляторга, очиқ коинотга чиқиш учун шлюзга, тажриба стендлари ва экипаж учун хос хоналарга эга. Унга орбита станциясини бошқариш учун захира тизими ўрнатилган. Кузда "Тяньгун" (“Осмондаги қаср”) деб номланувчи бу орбита станциясига яна бир лаборатория туташтирилиши режалаштирилган. Шундан сўнг станция тўлиқ ишга туширилишга тайёр бўлади.

"Тяньгун" орбита станцияси коинотда 15 йил ишлаши назарада тутилган. У Халқаро коинот станцияси океанга чўктирилганидан сўнг коинотда ишлаб қоладиган ягона станция бўлиши таҳмин қилинмоқда. НАСА прогнозига қараганда, Халқаро коинот станцияси 2031 йилда сувга чўктирилиши мумкин.

Кун янгиликлари

Запорожьеда гуманитар карвон ўққа тутилгани оқибатида 20 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Запорожьедаги ҳужум қурбонлари, 2022 йил 30 сентябри

Украинанинг Запорожье вилоятидан чиқишда 30 сентябрь тонгида тинч фуқаролар кетаётган гуманитар колонна ракета зарбаларига нишон бўлди. Украина расмийларига кўра, ҳужум оқибатида 23 нафар одам нобуд бўлиб, 28 киши яраланган.

Киев мазкур ҳужумда Россия қўшинларини айблади. “Одамлар яқинларини олиб келиш ва уларга ёрдам юки етказиш учун вақтинча ишғол этилган ҳудудга кириш учун навбатда турган эдилар”, деб ёзди Запорожье вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух. Ҳодиса ортидан 1 октябрь Запорожье вилоятида мотам куни деб эълон қилинган.

Украина томонининг дастлабки маълумотларига кўра, Запорожьега “С-300” зенит-ракета мажмуаларидан 16 та ракета отилган.

Ўз навбатида, Россия томони мазкур ҳужумда Украинани айблаб чиқди. Запорожьенинг ишғол этилган ҳудудларига Москва томонидан раҳбар этиб тайинланган Владимир Роговга кўра, тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлиб, 34 нафар одам жароҳат олган.

Россиялик полициячиларга мамлакатни тарк этиш тақиқланди

Россияда полиция ходимларига мобилизация даврида мамлакатдан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Ленинград вилоятида фаолият юритувчи 47news.ru ҳамда “База” нашрлари хабар қилди. Россия Саёҳат операторлари ассоциациясидан олинган мазкур маълумотни ИИВдаги икки манба тасдиқлаган.

Ленинград портали хабарига кўра, полициячиларнинг хорижга чиқишини тақиқловчи буйруқ ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев томонидан берилган. Агар чипта Россияда мобилизация эълон қилинган кун – 21 сентябргача олинган бўлса, бундай чипта эгаларининг чет элга чиқиши ман қилинмайди. “База” хабарига кўра, буйруқ 23 сентябрь куни имзоланган.

Нашр, ИИВ ходималаридан бири ўз чиптасини мобилизация эълонидан аввал сотиб олганига қарамай, у Россиядан чиқарилмагани ҳақида ёзган. Бундан ташқари, давлат сиридан бохабар полиция ходимларига ўзларининг хорижга чиқадиган паспортларини топшириш буюрилган.

Доғистон муфтийсининг хотини Путиндан ҳарбий сафарбарликни ярим йилга кечиктиришни сўради

Доғистон маркази Махачқалъадаги чақирув пункти ёнида турган одамлар

Доғистон муфтийсининг хотини ва маслаҳатчиси Айна Гамзатова Россия президенти Владимир Путиндан республика аҳолиси учун мобилизацияни ярим йилга кечиктиришни сўради. Гамзатовага кўра, бу муҳлат доғистонликларга ўқув марказларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун керак. Бу эътирофи билан у республикадан ҳарбий хизматга чақирилаётганлар Украинадаги жанггоҳларга ҳозирликсиз йўлланаётганини феълан тан олди.

Муфтият телеграм-канали орқали ёйинланган мурожаатномада Гамзатова “Россия Федерацияси субъектлари сони ва 300 минг киши сафарбар қилинажаги эълон қилинганидан келиб чиққан ҳолда” Доғистон ҳам Чеченистон каби мобилизация бўйича режани бажариб бўлганини билдирган.

“Бугунги кунда республикадан жанггоҳларга жанг техникасини ҳам билмайдиган, қурол-аслаҳанинг бирор тури билан ҳам таниш бўлмаган мутлақо тайёргарликсиз ёшлар кетяпти”, дея қўшимча қилган Гамзатова.

Мазкур мурожаатномани шу пайтгача телеграм-канал муштарийларидан 2 минг 200 дан зиёди маъқуллаган.

Путиннинг мобилизация эълони ортидан 25 ва 26 сентябрь кунлари Доғистонда норозилик намойишлари кузатилган. “Кавказ.Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, якшанба кунги акция чоғида 120 нафар, душанба кунги акция чоғида эса 130 киши полиция томонидан тутиб кетилган.

Алла Пугачёва яна Россияни тарк этди – ОАВ

Алла Пугачева

Таниқли қўшиқчи Алла Пугачёва фарзандларини олиб, Россиядан чиқиб кетди. Бу ҳақда “Известия” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр примадоннага тегишли экани айтилаётган Chevrolet Express автомобиль Москвадаги “Внуково-3” аэропорти VIP-терминалига кириб бораётган видеони ёйинлаган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, артист аёл болалари билан Москвадаги Внуково аэропортидан Исроилга учиб кетган. Қўшиқчининг мамлакатга қачон қайтиши маълум эмас. Пугачёва қайтишга чипта олмаган”, дейилган “Известия” нашрининг Telegram-каналида.

Пугачёванинг ўзи ва унинг вакиллари Россиядан чиқиб кетишга оид маълумот юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Март ойида Россияни тарк этган Пугачёва мамлакатга қайтиб келгани ҳақида 27 август куни маълум бўлган эди. 18 сентябрь куни қўшиқчи Адлия вазирлигини эри Максим Галкин киритилган “хорижий агентлар” рўйхатига ўзини ҳам қўшишга чақирган эди. Кремль вакиллари бу чақириқни шарҳлашдан бош тортишган.

Путин Херсон ва Запорожье вилоятлари мустақиллиги тўғрисидаги қарорни имзолади

Россия президенти Владимир Путин 29 сентябрь куни Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятлари мустақиллиги ва суверенитети тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу вилоятларнинг асосий қисми Россия томонидан босиб олинган.

30 сентябрь куни Путин Украинанинг ишғол этилган Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларини “Россия таркибига киритилиши” тўғрисидаги шартномаларни имзолайди. Херсон ва Запорожье вилоятлари мустақиллиги тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши аннексия учун ташланган илк қадам ҳисобланади. Худди шу каби ҳолат 2014 йил март ойида кузатилган эди – ўшанда Путин депутатлар ва Федерация кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилганидан кейин Қрим аннексиясига оид ҳужжатлар имзоланган.

Украина ва Ғарб давлатлари аннексияни тан олмасликларини ва Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини иУкраинанинг суверен ҳудуди ҳисоблашларини билдирган.

23-27 сентябрь кунлари ўзини ЛХР, ДХР деб номлаб олган айирмачи ҳудудларда ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларида халқаро ҳамжамият “сохта” деб эътироф этган “референдум”лар ўтказилган эди. Босиб олинган ҳудудларга Москва томонидан тайинланган маъмурлар “овоз берганларнинг асосий қисми Россияга қўшилишга розилик бергани”ни иддао қилган.

Россия: Тува марказида мобилизацияга қарши аёлларнинг норозилик акцияси бўлиб ўтди

Қизил шаҳридаги норозилик акциясидан тутиб кетилган аёллар полиция бўлимида

Тува республикаси маркази бўлмиш Қизил шаҳрининг Арата майдонида бир гуруҳ аёл ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, акцияга чиққан аёллар “Йўқолсин мобилизация” деб қичқиришган.

Норозилик тадбири бошланганидан беш дақиқа ўтар-ўтмас у ерга полиция ходимлари етиб боришган ҳамда 20 га яқин акция қатнашчисини тутиб кетишган.

“Полиция ходимлари сони норозилар сонидан кўпроқ эди”, дея қайд этган акция иштирокчиларидан бири.

Таҳририят тасарруфида бўлган видеода полициячилар уч кишилашиб бир аёлни, майдонни ўзи тарк этишга тайёрлигини айтганига қарамай, куч билан олиб кетаётгани акс этган.

Полиция бўлимида аёллардан шахсий маълумотлар ва бармоқ изларини топширишни талаб қилишаётгани айтилмоқда.

Кремлда 30 сентябрь куни Украинанинг 4 вилоятини аннексия қилишга оид ҳужжатлар имзоланади

Путин Қрим аннексиясига оид ҳужжатларни имзоламоқда, Кремль, 2014 йил марти

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Кремлда “янги ҳудудларнинг Россия таркибига киритилиши” тўғрисидаги шартномалар имзоланади. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Бу ерда гап яқинда сохта референдумлар ўтказилмиш Украинанинг ишғол этилган Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳақида бормоқда. Украина ва Ғарб мамлакатлари ҳеч қачон бу аннексияни тан олмасликлари ҳақида билдиришган.

Маълумотларга кўра, Давлат думаси депутатлари жума куни соат 15.00 га Кремлга таклиф этилган. Песковнинг айтишича, ҳужжатлар имзоланишидан аввал Путин депутатлар олдида чиқиш қилади.

Шартномалар айирмачи ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларининг Москва томонидан тайинланган бошлиқлари билан имзоланади. Худди шу каби ҳолат 2014 йил март ойида кузатилган эди – ўшанда Путин депутатлар ва Федерация кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилганидан кейин Қрим аннексиясига оид ҳужжатлар имзоланган.

Россия-Қозоғистон чегарасида ҳам кўчма ҳарбий комиссариат пункти ташкил этилади

Россия-Қозоғистон чегарасидаги НЎПлардан бири

Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Қараўзек” назорат-ўтказиш масканида яқин кунларда мобилизация пункти очилиши режаланмоқда. Бу ҳақда Астрахань вилоят маъмурияти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур пунктда чегарадан ўтиш ниятида бўлган эркаклар текширилиб, армияга чақирилиши лозим бўлганларга чақириқ қоғози тарқатилади.

Маҳаллий пабликлар “Қараўзек” масканида шу кунда Қозоғистон тарафга ўтмоқчи бўлган россияликларнинг кўп километрга чўзилган навбати ҳосил бўлгани ҳақида ёзишмоқда.

Аввалроқ кўчма военкоматлар Россия-Грузия ҳамда Россия-Финляндия чегарасида очилиши ҳақида хабар қилинган.

Финляндия 30 сентябрга ўтар кечасидан эътиборан россияликлар учун чегарасини ёпмоқчи

Россия-Финляндия чегараси

Финляндия пайшанбадан жумага ўтар кечаси қўлида Шенген визасига эга бўлган Россия фуқаролари учун чегарасини ёпади. Бу ҳақда Helsingin Sanomat газетаси ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Финляндия ҳукумати аввалроқ 29 сентябрь куни россияликлар учун чегарадан ўтиш тартибини кучайтиришга оид масалани кўриб чиқишини билдирган.

Нашр қайдича, Шенген шартномасига қўшилган бошқа мамлакатлар томонидан берилган виза эгаларини ҳам чегарадан ўтказиш тўхтатилади. Бироқ бу ерда айрим истиснолар мавжуд. Россия фуқаролари Финляндияга оилавий шароити, ўқиш ёки иш учун ўтишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, газета мамлакатга “мухолифат вакиллари” ҳам ўтказилишини иддао қилган, бироқ бу ерда айнан нима назарда тутилгани очиқланган эмас.

ЕИ мамлакатларида яшаш учун рухсатномаси борлар ҳам Финляндия-Россия чегарасидан ўтказилиши айтилмоқда.

Мазкур тақиқ амалда асосан Россиядан келаётган, шу жумладан Финляндиядан транзит мамлакат сифатида фойдаланаётган туристларга тааллуқли бўлади.

Қирғизистонда таълим вазири йирик миқдорда пора олганликда гумонланмоқда

Алмазбек Бейшеналиев

Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев ўта йирик миқдорда пора олаётган пайтда қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик қайдича, айни пайтда хорижлик талабаларнинг Қирғизистон ОТМларига қабул қилишда йирик миқдорда пора олиш ҳолати бўйича тергов олиб борилмоқда. Бу ерда гап 110 минг АҚШ доллари ҳақида кетаётгани айтилган.

ИИВ вакиллари тергов натижалари бўйича барча маълумотни тақдим этишга ваъда қилганлар.

Алмазбек Бейшеналиев 2020-2021 йилларда Қирғизистон таълим ва фан вазири лавозимида ишлаган. 2022 йил февралидан у яна шу лавозимга тайинланган эди.

Meta: Россия дезинформаторлари Ғарб ОАВларининг сохта сайтларини яратган

Meta трансмиллий технологик корпорацияси Россиянинг дезинформация кампанияси фош этилгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, россиялик программистлар интернетда Ғарбдаги нуфузли ОАВларникига жуда ўхшаш сохта саҳифаларни яратганлар ва уларда Россия олқишланган материалларни чоп қилганлар. Фейк янгиликлар Facebook, Instagram, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда чоп этилган.

Россия дезинформаторлари жаҳондаги 60 дан ортиқ йирик ОАВлар, жумладан, Германиянинг Der Spiegel, Британиянинг The Guardian газеталари ва Италиянинг Ansa ахборот агентлиги сайтларига жуда ўхшаш бўлган сайтларни ишлаб чиқишган. Масалан, The Guardian сохта сайтида Киев яқинидаги Буча шаҳрида тинч аҳолининг қатлиом қилингани инсценировка экани, Der Spiegel сохта сайтида эса Германия ўз фаровонлиги йўлида Россиядан иқтисодий санкцияларни олиб ташлаши шартлиги тўғрисидаги фейк мақолалар чоп қилинган.

Meta фош қилган дезинформация кампанияси апрелдан сентябргача давом этган. Экспертлар ҳисобича, ижтимоий тармоқларда фейк саҳифалар рекламаси учунгина кампания ташкилотчилари камида юз минг доллар сарфлаган.

Аввалроқ ижтимоий тарқмоқларда нуфузли нашрларнинг фейк саҳифалари пайдо бўлгани тўғрисида Германиянинг T-Online нашри эътибор қаратган эди. Германиянинг Welt ва Bild, Франциянинг 20 Minutes ва Британиянинг Daily Mail нашрлари ҳам ўзларининг фейк саҳифаларини топишган.

ОАВ: Путин 30 сентябрда босиб олинган украин ҳудудлари Россияга қўшилганини эълон қилади

Москва марказида 30 сентябрь куни қатор кўчалар ва Кремль атрофидаги ҳудудлар ҳаракат учун вақтинча ёпилади. Бу ҳақда хабар берган Москва транспорт департаменти кўчаларнинг ёпилиши сабабларини айтмаган.

РБК Давлат думаси ва Москва мэриясидаги манбаларига таянган ҳолда, 30 сентябрда пойтахт марказида ҳокимият Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш борасида халқаро ҳамжамият тан олмаган “референдум”лар натижаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган митинг ўтказишини хабар қилди. ТАСС митинг Қизил майдонда ўтишини ва унда президент Владимир Путин иштирок этишини ёзди.

Аввалроқ РИА Новости ўз манбаларига таянган ҳолда 30 сентябрда Путин Давлат думасида Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилинганини эълон этиши кутилаётганини хабар қилганди. Кремль ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, ўзларини ДХР ва ЛХР деб номлаб олган айирмачи ҳудудлар раҳбарлари ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга тайинланган оккупацион ҳукумат вакиллари 28 сентябрь куни Москвага етиб келишган.

Озодлик радиоси рус хизматининг билдиришича Россия Давлат думаси 3 октябрда навбатдан ташқари пленар йиғилиш ўтказади ва унда Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олиш, яъни аннексия қилиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда. Украина, АҚШ, Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар аннексияни тан олмасликларини эълон қилди.

23-27 сентябрь кунлари ўзини ЛХР, ДХР деб номлаб олган айирмачи ҳудудларда ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларида халқаро ҳамжамият “сохта” деб эътироф этган “референдум”лар ўтказилган эди. Босиб олинган ҳудудларга Москва томонидан тайинланган маъмурлар “овоз берганларнинг асосий қисми Россияга қўшилишга розилик бергани”ни иддао қилган.

Беларусда давлат телерадиокомпаниясининг собиқ ходимаси 8 йилга қамалди

Ксения Луцкина

Минск суди Белтелерадиокомпаниянинг (БТРК) собиқ ходимаси Ксения Луцкинани 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Вясна” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Луцкина давлат ҳокимиятини эгаллаб олиш мақсадида фитначилар билан тил бириктирганликда (ЖКнинг 357-моддаси) айбланган.

Жиноят иши материалларига мувофиқ, БТРКнинг собиқ ходимаси Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига кириб, у ерда ахборот тарқатиш фаолияти билан шуғулланган.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш Беларусда 2020 йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейиноқ бир гуруҳ мухолифатчилар томонидан тузилмиш коллегиал ташкилот бўлган.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ўз фуқароларини Россияни зудлик билан тарк этишга чақирди

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси

“АҚШ фуқаролари Россияга бормасликлари керак, у ерда яшаётган ёки саёҳатга борганлар эса, ҳозир тижорат сафарлари учун чекланган имконият бор бўлган бир пайтда зудлик билан Россияни тарк этишлари лозим”, дейилган элчихона томонидан 27 сентябрь куни тарқатилган хабарномада.

Мазкур чақириқ ҳам АҚШ, ҳам Россия паспортига эга бўлган фуқаролар ҳарбий сафарбарликка жалб қилиниши хавфи борлиги билан изоҳланган.

Аввалроқ Болгария, Польша ва Эстония ҳам ўз фуқароларини Россиядан чиқиб кетишга чақирган эди.

Жалолободда вояга етмаган қизга уйланган милиционерга қарши жинояти иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида вояга етмаган қизга уйланган милиция ходими ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Сузоқ тумани ИИБсининг 27 ёшли ходими ўтган йил декабрида 16 яшар қизга уйланган. Уларнинг никоҳини маҳалла имоми ўқиб қўйган.

Ҳолат юзасидан прокуратура мамлакат Жиноят кодексининг 175-моддаси (“Диний маросимларни ўтказишда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда милиция ходими, имом ва келиннинг онасига айблов эълон қилинган. Ҳозирда иш кўриб чиқиш учун Сузоқ туман судига йўллангани айтилмоқда.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, бу мамлакатда йигит-қизлар ёши 18 кирганидан кейингина расмий никоҳдан ўтишлари мумкин. 2016 йили вояга етмаганларни никоҳлашни тақиқловчи қонун қабул қилинган. Қонун меъёрларини бузган одамлар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG