Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2024, Тошкент вақти: 06:38

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлидан кимга фойда?


Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг Қирғизистон харитасидаги қисми
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг Қирғизистон харитасидаги қисми

The Diplomat нашри ёзишича, темир йўл қурилиши шаффофлик йўқлиги, контрабанда ва қарзга ботиб қолиш каби хавфларга тўла.

Хитой Бош вазири Ли Цян шу ой охирида Қирғизистонга ташриф буюриб, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон (ХҚЎ) темир йўли қурилишини муҳокама қилади, бу эса ўнлаб йиллар давомида муҳокама қилинган лойиҳа ниҳоят амалга ошиши мумкинлигини кўрсатади.

Россиянинг Украинага босқини, кейин Россияга қарши санкциялар Хитойдан Европа ва Яқин Шарққа муқобил йўналиш очишга қизиқишни кучайтирди ва бу 20 йиллик темир йўл лойиҳаси қайта тикланишига олиб келди. Марказий Осиё учун Шарқ ва Ғарб ўртасида транзит минтақа сифатидаги ролини кучайтириш вақти келди.

Янги йўналиш товарларнинг Европага етиб бориш вақтини етти-саккиз кунга қисқартиради ва Марказий Осиё учун континентал савдо «маркази» ролини қайта тиклаш имкониятини яратади.

Аммо экспертлар кўп миллиард долларлик ушбу темир йўл лойиҳаси нотекис фойда келтиради, демоқда.

Хитой билан савдо қилувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар айтишича, Хитойдан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга поездда юк ташиш 45-70 кун олиши мумкин. Ҳозирги темир йўл энг арзон вариант бўлса ҳам, тез бузиладиган ёки қимматли товарларни ташишга мос эмас.

Темир йўл ва ҳаво транспорти харажатлари ҳам савдогарлар учун муаммо. «Менимча, Хитой товарларини Ўзбекистонга олиб киришда дуч келадиган асосий муаммолардан бири бу транспорт харажатлари ҳаддан ташқари қимматлигидир», дейди Тошкентдаги логистика фирмаси эгаси Отабек Сиддиқов The Diplomat нашрига.

Ҳаво транспортида ширкатлар ҳар бир килограмм учун 9 доллардан 25 долларгача олади. Юк машинасида ташиш арзонроқ, аммо барибир ҳар бир кубометр учун 130 долларгача (ёки килограмм учун 7 дан 14 долларгача) туриши мумкин. Транспорт харажатларидан ташқари, Хитойдан Ўзбекистонга келтириладиган товарларга бож юки ҳам бор.

“Афсуски, биз ҳам импорт қилишда коррупция муаммосига дуч келяпмиз”, дея қўшимча қилади Сиддиқов.

Сиддиқов ХҚЎ темир йўли очилишини интиқ кутмоқда. Унинг фикрича, бу маҳаллий бизнеснинг молиявий юкини енгиллаштиради. “Ўйлаймизки, Хитойдан Қирғизистон орқали темир йўл очилса, ишбилармонлар учун жуда қулай ва арзон бўлади. Ҳеч бўлмаганда шундан умид қиламиз”, дейди Сиддиқов.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, томонлар аввалроқ Қашғар, Торугарт, Арпа, Макмал ва Жалолободдан ўтувчи 450 километрлик йўналиш бўйича келишиб олган. Таклиф этилаётган йўналиш ниҳоятда қийин тоғли ҳудудлардан ўтади, аммо муваффақиятли бўлса, Европага етказиб бериш вақтини бир ҳафта ёки ундан кўпроққа қисқартириши кутилмоқда.

Шаффофлик муаммолари

1 июнь куни Хитой темир йўл қурилиш корпорациясининг Биринчи лойиҳа-қидирув институти Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасининг якуний вариантини тақдим этди. Техник-иқтисодий асослашнинг якуний қиймати номаълум, аммо ҳар бир давлат унинг камида 30 фоизини молиялаштиради.

Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт ва савдо вазирликларидан ушбу ҳужжатнинг қисқача мазмунини ҳам ололмадик, дейди The Diplomat нашри. Лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган “Қирғиз темир йўли” миллий компанияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам техник-иқтисодий тафсилотлар ҳақида сукут сақламоқда. Шаффофлик йўқлиги лойиҳанинг ҳаётийлиги ва экологик барқарорлиги ҳақида саволлар туғдиради.

Ярим қурғоқчил иқлими билан ажралиб турадиган зилзилаларга мойил Марказий Осиёда даврий табиий офатлар катта хавф туғдиради. Минтақа иқлим ўзгариши талафоти хавфи дунёдаги энг юқорилардан бири. Масалан, 2008 йилда Қирғизистонда 6,6 магнитудали зилзила бўлиб, Нура қишлоғини бутунлай вайрон қилган эди.

Табиий офатларнинг яна бир хавфи Марказий Осиёнинг асосий дарёлари – Амударё ва Сирдарё билан боғлиқ бўлиб, улар қирғоқларидан тошиб, инфратузилма, аҳоли пунктлари ва қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказиши мумкин. Ушбу хавфларни ўз вақтида бартараф этмаслик катта харажатларга сабаб бўлади. Шунингдек, темир йўл қурилиши маҳаллий аҳолини кўчиришга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам хавотир бор.

Археологик ёдгорликлар ва одамларнинг турмуш тарзига, сув манбалари ва чиқиндиларни бошқаришга потенциал таъсирларни Қирғизистон ҳукумати томонидан техник-иқтисодий асоснома эълон қилинмагунча аниқ баҳолаб бўлмайди.

Бунинг учун ким тўлайди?

Жорий йил августида уч томонлама учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, унда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари темир йўлни молиялаштириш масаласини муҳокама қилиши режаланганди. Бироқ бу учрашув матбуотда ёритилмади, ўрнига Хитой Бош вазири Ли Цян октябрь ойида Қирғизистонга ташриф буюриши хабар қилинган. Унинг ташрифи давомида ушбу темир йўл лойиҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Молиялаштириш масаласи энг муҳим масала бўлиб қолмоқда, айниқса, ўз ҳудудидаги лойиҳани молиялаштиришда қийналадиган Қирғизистон учун.

Темир йўлнинг умумий қиймати 3 миллиард доллардан 5 миллиард долларгача бориши мумкин. Бу темир йўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи қисмини қуриш 1,8-3,1 миллиард долларга тушишидан далолат беради.

Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази ходими Темур Умаровнинг фикрича, темир йўл қурилиши ҳали якунланган келишув эмас. “Ушбу лойиҳага маблағ қаердан келиши ҳақида жиддий саволлар бор”, дейди у. Умаровга кўра, Қирғизистон лойиҳани бир ўзи молиялаштира олмайди, шунинг учун учинчи томон молиялаштириши ягона мақбул вариант бўлиши мумкин.

Умаров бу маблағларни Ғарбдан келади деб ўйламайди. "Қирғизистон аста-секин авторитар йўналишга ўтмоқда", дейди у ва бу мамлакатнинг Ғарб институтларидан маблағ олиш имкониятини камайтиради. "Хитой қолмоқда, аммо Бишкек Хитойга янада қарам бўлишга тайёрми ёки йўқ, номаълум".

Қирғизистонда умумий ташқи қарзнинг 45 фоиздан кўп бўлмаган қисми битта кредиторга тўланиши мумкинлиги чегара сифатида белгиланган. Бироқ мамлакатнинг Хитой олдидаги қарзи айни пайтда умумий ташқи қарзнинг 39 фоизини ташкил этади ва бу чегарага яқинлашиб қолди.

Келгуси беш йил ичида 2023 йилдан 2028 йилгача Қирғизистон 400-460 миллион доллар миқдоридаги муҳим йиллик қарзларни тўлаши керак бўлиб, унинг ярмига яқини Хитой Экспорт-импорт банки кредитларига тўғри келади.

Хавфсизлик тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Браян Карлсонга кўра, Хитойдан қарзга ботишнинг давом этиши Қирғизистонга яхшилик келтирмайди. “Марказий Осиё давлатлари иқтисодий жиҳатдан Хитойга қанчалик қарам бўлса, Хитой улардан имтиёз талаб қилиши эҳтимоли шунчалик ортади”, дейди у.

Вақти-вақти билан қарзларини кечириб келаётган Россиядан фарқли ўлароқ, Хитой ундай эмас. Бунинг ёрқин мисолини Тожикистонда кўриш мумкин: 2011 йилда ҳукумат мамлакат ҳудудининг 1122 квадрат километрини Хитойга беришга мажбур бўлган эди.

Қирғизистоннинг Хитой кредитлари билан молиялаштирилаётган йирик лойиҳаларга нисбатан хавотири аломати президент Садир Жапаровнинг “иш кўплиги” сабабли, шу ҳафта Пекинда бўлиб ўтадиган “Бир макон, бир йўл” форумида қатмашмаётганидир. Президент ўз ўрнига Қирғизистон энергетика вазири ва Давлат божхона хизмати раҳбарини юборди.

Кулранг иқтисодиёт учун ютуқ

Янги темир йўл эҳтимолий кулранг иқтисодиётга ҳисса қўшиши мумкин. Пекин маълумотларига кўра, Хитойнинг Қирғизистонга экспорти 2022 йилда 15,42 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Қирғизистонда бор-йўғи 4,07 миллиард долларлик маҳсулот рўйхатга олинган, бу эса Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги савдонинг асосий қисми контрабанда эканлигини кўрсатади.

Атлантика кенгашининг Глобал Хитой маркази ходими Нива Яунинг айтишича, темир йўл контрабандачиларга яхши даромад келтириши мумкин. Яунинг таъкидлашича, темир йўл имконияти кенглиги сабабли кулранг савдо ҳажми ҳам кескин ортади. "Юк машиналари қишда юра олмайди, лекин поэздлар юриши мумкин", дейди Яу.

Марказий Осиё давлатларидан Россия аллақачон бу мақсадда фойдаланмоқда. Россиянинг Украинага босқини ортидан Қозоғистондаги савдо динамикаси, айниқса, дрон ва микроэлектроника импортида сезиларли ўзгаришлар кузатилган. "Уюшган жиноятчилик ва коррупция тўғрисида ҳисобот лойиҳаси" ҳисоботлари ушбу технологияларнинг Қозоғистонга импорти ва Россияга экспорти сезиларли даражада ортганини кўрсатди.

ХҚЎ савдони тартибга солиш ва зарур иқтисодий имкониятлар берса ҳам, бундай такомиллаштирилган инфратузилма беихтиёр контрабанда фаолиятига эшик очиши ва ҳатто Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бериши мумкин.

Минтақа учун чекланган имтиёзлар

Темир йўл юк ташишни арзонлаштириб, савдо алоқалари ва уч мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиши керак. Бироқ, Темур Умаровга кўра, лойиҳа инқилобий бўлмайди. “Товар айирбошлашнинг 98 фоизи денгиз йўллари орқали амалга оширилади”, дейди у. Бу ушбу лойиҳа Хитой ва Ўзбекистон бизнеслари ўртасида алоқа ўрнатиш билан чекланишини англатади.

Агар зарур инфратузилма параллель равишда ривожлантирилса, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти учун жуда фойдали бўлиши мумкин.

Вьетнамда стратегик жиҳатдан темир йўл линиялари бўйлаб жойлашган минглаб заводлар мавжуд бўлиб, бу мамлакатнинг глобал таъминот занжирига узлуксиз интеграциялашувини таъминлайди. Маҳсулотлар Вьетнам портларига етказилади, яқин атрофдаги фабрикаларда ишлаб чиқаришнинг маълум босқичларидан ўтади ва бошқа жойларда қайта ишлаш учун юборилади.

ХҚЎ темир йўли Марказий Осиёни глобал таъминот занжирларига интеграция қилиш имкониятини очади, аммо Қирғизистон иқтисодиёти ва Вьетнамнинг ишлаб чиқаришга ихтисослашган анча йирик иқтисодиёти ўртасида сезиларли фарқ бор. Бундан ташқари, Яунинг таъкидлашича, бу сценарийнинг рўёбга чиқишига "минтақадаги сиёсатчиларнинг уқувсизлиги" ҳалал беради.

Бунинг ўрнига, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги нотенг савдо алоқалари шунчаки сақланиб қолиши эҳтимоли катта. “Темир йўлдан Хитой маҳсулотларини кўпроқ импорт қилиш ва Марказий Осиёнинг айрим товарлари Хитойга сотилиши учун кичик бўлса-да, имконият очиш мумкин”, дейди Яу.

Транспорт лойиҳалари денгизга чиқа олмаган, йўллари суст ривожланган Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳим. Отабек Сиддиқов каби савдогарлар юк ташиш тез ва тежамкор бўлишини интиқ кутмоқда. Бироқ, бу оптимизм ортида бир қатор хавотирлар ётибди: лойиҳа ва божхона статистикаси атрофида шаффофлик йўқ ва Қирғизистон ўзини қарз тузоғига солиб қўйиши эҳтимоли бор.

ХҚЎ темир йўли охир-оқибат мавсумий ноқонуний контрабанда кучайишига олиб келиши мумкин, бу эса Хитой билан савдони назорат қиладиган элиталар учун энг фойдали бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG