Халқаро хабарлар
Хитой Тайвань атрофида ўтказилаётган ҳарбий машқларни поёнига етказди

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифининг эртасига Хитой томонидан орол атрофида ўтказилаётган ҳарбий машқлар поёнига етказилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар қилди.
Шу йил 4 августида бошланган машқлар, қайд этилишича, тўрт кун давом этган. Хитой армияси ўз машқлари узоқ манзилли ер ва ҳаво зарбаларини бериш юзасидан ҳарбийлар маҳоратини оширишга қаратилганини билдирган.
Хитойлик ҳарбийлар бундан буён Тайвань йўналишида машқлар “мунтазам” равишда ўтказиб турилишини иддао қилганлар. Уларнинг қарашича, армия Хитойни “бирлаштириш бўйича тарихий вазифа”ни амалга ошириши мумкин.
Тайвань Мудофаа вазирлиги 7 август куни орол атрофидаги машқларда иштирок этган Хитой Ҳарбий-ҳаво кучларининг 66 та учоғи ҳамда 14 та ҳарбий кемаси қайд этилгани ҳақида маълум қилган эди.
Кун янгиликлари
Қозоғистонда илк бор “хорижий агентлар” рўйхати тузилди

Қозоғистон Молия вазирлиги расмий сайтида “хорижий агентлар” реестри эълон қилинди. Рўйхатга 240 нафар жисмоний ва юридик шахс, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва хорижий ширкатлар ваколатхоналари киритилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюроси, Erkindik Qanaty жамғармаси, Қозоғистон ёшлар ахборот хизмати, Masa.Media нашри, MediaNet халқаро журналистика маркази, Халқаро ҳуқуқий ташаббус, "Ор.Рух.Хақ" инсон ҳуқуқлари жамғармаси, “Одил сўз” жамғармаси, “Яшил нажот” экология жамияти, Қозоғистон Касаба уюшмалари федерацияси “хорижий агентлар” рўйхатининг юридик шахслар қисмидан ўрин олди.
Шунингдек, “хорижий агент” сифатида журналист Айнур Коскина, парламент депутатлигига собиқ номзод Динара Эгеубаева ҳамда “За нами уже виехали” Youtube канали муаллиф" Дмитрий Дубовитскийлар қайд этилган.
Озодлик радиоси қозоқ хизмати Молия вазирлиги “хорижий агентларнинг” исмидан ташқари, шахсий идентификация рақамлари ҳам ошкор қилинганига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, хорижий компания ва жамғармаларнинг ваколатхоналари ҳам “хорижий агентлар” реестрига киритилган. Улар орасида Газпромбанк, Reuters ахборот агентлиги, Киев витамин заводи ва Голландиянинг Марказий Осиёда силга қарши кураш марказининг ваколатхонаси ҳам бор.
2022 йилда Қозоғистон Солиқ кодексига чет элдан маблағ оладиган шахслар реестрини шакллантиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилган эди.
Тожикистонда аскарларнинг бошига "Конибодом" сўзини тарашлаган сержант 5 йилга қамалди

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли бўлинмада хизмат қилувчи сержант 9 нафар аскарнинг бошига ўз шаҳри номи – "Конибодом" сўзини тарашлагани ортидан судланди.
Хўжанд гарнизони ҳарбий суди 29 ёшли Мухриддин Исломовни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топган ва 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Озоди радиосига тақдим этилган ҳукм нусхасига кўра, 2022 йил 14 январь куни Исфара шаҳридаги 0215-ҳарбий қисми сартароши, кичик сержант Мухриддин Исмоиловга аскарларнинг сочи ва ташқи кўринишини тартибга солиш топширилган. У тартибни бузган ҳолда, 9 нафар аскарнинг бошида «К», «О», «Н», «И», «Б», «О», «Д», «О», «М» ҳарфларини чизиб чиққан. Мухриддин Исмоилов бу билан ёш аскарлардан устунлигини кўрсатмоқчи бўлган.
Сўнгги бир неча ой ичида бу Тожикистон армиясидаги "дедовшчина" (ҳарбий уставдан ташқари муносабатлар) деб жавобгарликка тортилишнинг иккинчи ҳолатидир.
Апрель ойида ижтимоий тармоқларда ҳарбий хизматга аввалроқ чақирилган аскарлар янги сафарбар этилганларни калтаклаётгани акс этган видео тарқалган эди. Бу видеолавҳа ҳам Хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинларининг ҳарбий қисмида суратга олинганлиги аниқланган. Натижада бир зобит ва етти нафар аскар 9 йилдан 11 йилгача қамалган.
"Дедовшчина" муаммоси Тожикистон армиясида узоқ йиллардан бери ечимини топмай келаётган муаммодир. Тожикистон ҳукумати БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида, 2019-2021 йилларда юздан ортиқ аскар ҳарбий уставга мувофиқ бўлмаган муносабат натижасида ҳалок бўлгани айтилган.
Илҳом Алиев: Бир сутка ичида Қорабоғда ўз мақсадимизга эришдик ва суверенитетимизни тикладик

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда ўтказилган “аксилтеррор амалиёти” бир сутка ичида ўз мақсадига эришгани ва “суверенитет қайта тиклангани"ни билдирди.
Озарбайжон ҳалқига қилган мурожаатида Алиев Қорабоғдаги қуролланган гуруҳлар таслим бўлмаганида, армия “охиригача боришга тайёр бўлгани”ни айтди.
"Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасидан арман қуролли кучларини олиб чиқиш бошланди. Айни пайтда Қорабоғдаги ноқонуний арман жангарилари гуруҳларини қуролсизлантириш жараёни бошланди”, - деди Алиев.
Озарбайжон президенти Қорабоғдаги «аксилтеррор амалиёти» пайтида “тинч аҳоли ҳалок бўлмаганини ва фуқаролик объектларига зарба берилмаганини, аммо душманнинг ҳарбий инфраструктураси ва техникаси йўқ қилингани”ни айтди.
Алиевга кўра, 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида бошланадиган музокараларда этник арманлар вакилларига Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга реинтеграция қилиш режаси топширилади.
“Қорабоғдаги барча арманларнинг ҳуқуқлари кафолатланади, биз Қорабоғни, жумладан, Ханкендини жаннатга айлантирамиз”, - деб ваъда берди у.
Нутқи якунида Алиев: "Ҳеч ким биз билан диктат ва ультиматум тили билан гаплаша олмайди. Буни ҳеч ким эсидан чиқармасин. Қорабоғ Озарбайжон эканини ҳам ёдидан чиқармасинлар", - деб таъкидлади.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.
Жо Байден ва Владимир Зеленский 21 сентябрь куни учрашади

АҚШ президенти Жо Байден 21 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Reuters агентлигининг хабар беришича, Байден учрашув олдидан Украинага яна 325 миллион долларлик ҳарбий кўмак кўрсатилишини эълон қилмоқчи.
Оқ Уй расмийларидан бири исмини сир сақлаш шарти билан агентликка мазкур ҳарбий ёрдам кассетали ўқ-дорилардан иборат бўлиши кутилаётганини маълум қилди. Манбага кўра, Байден Зеленский билан Нью-Йоркда ўтадиган учрашуви чоғида Украинага бошқа қуроллар ҳам берилишини билдиради. Манба ҳозирча ATACMS ракеталарини Украинага етказиб бериш масаласи кўриб чиқилмаётганини айтган.
155 миллиметр калибрдаги кассетали ўқ-дориларнинг биринчи партияси Украинага 2023 йилнинг июлида етказиб берилган эди. Бу бошқарилмайдиган артиллерия снарядлари 29 километр узоқликка отилади ва ўзида 72 тагача бомбани таший олади.
Оқ Уйдаги манбанинг билдиришича, Вашингтон Украинага қўшимча равишда Avenger ҳаводан мудофаа тизимини етказиб бериши мумкин.
Режалаштирилаётган ҳарбий ёрдам таркибида танкларга қарши TOW ва AT4 комплекслари, HIMARS ва Javelin ракеталари ҳам бор.
Тоғли Қорабоғда Россия ҳарбийларига ўқ отилди, қурбонлар бор

Тоғли Қорабоғда Россия ҳарбийларига 20 сентябрь куни ўқ отилди. Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, рус ҳарбийлари автомобилда кузатув постидан қайтиб кетаётганида, уларга нисбатан ўқотар қуролдан ўқ узилган. Автомашинадаги ҳарбийлар ҳалок бўлган. Вазирлик қурбонлар сонини ошкор қилмади.
Мудофаа вазирлиги бу ҳодиса Жанатаг аҳоли пунктида содир этилганини маълум қилди. Воқеа жойида рус ва озарбайжон тергов органлари ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бўлиб ўтган воқеадан афсус билдирди ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди.
Рус ҳарбийларига кўра, уларнинг колоннаси минтақадан аҳолини эвакуация қилиш жараёнида ҳам ўққа тутилган, лекин ҳеч ким жабрланмаган.
Хабарда отишма ким томонидан содир этилгани ҳақида маълумот йўқ.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати Озарбайжон шартлари асосида ўт очишни тўхтатди

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди. Бу маълумотни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди. Жумладан, қуролланган арман гуруҳлари тарқатиб юборилади. 21 сентябрдан эса Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Озарбайжон ҳукумати вакиллари билан Қорабоғнинг арман жамоасини интеграциялашуви юзасидан музокаралар бошланади. Бу эса келажакда Тоғли Қорабоғнинг барча ҳудуди Баку назоратига ўтишини англатиши мумкин.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
20 сентябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, кейин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилгани билдирилди. Суҳбат чоғида Алиев Озарбайжон шартлари бажарилса, Қорабоғдаги “аксилтеррор амалиёт тўхтатилиши”ни айтган.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.
АҚШ Давлат котиби Озарбайжонни Тоғли Қорабоғдаги амалиётни тўхтатишга чақирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Блинкен суҳбат чоғида Алиевни Тоғли Қорабоғдаги “ҳарбий ҳаракатларни зудликда тўхтатиш”га чақирди.
Блинкен Қорабоғ муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиш имкониятлари мавжуд эмаслигини таъкидлади. Унга кўра, Озарбайжон ва Арманистон мазкур минтақадаги ҳар қандай муаммоларни ҳал этиш учун ўзаро мулоқотни қайта тиклаши зарур.
Илҳом Алиев суҳбат чоғида Блинкенга арман ҳарбийлари қуролларини ташласа, Баку Қорабоғдаги “аксилтеррор амалиётини тўхтатиши”ни айтган.
Блинкен Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Блинкен “куч ишлатишдан тийилиш” зарур эканини айтган ва АҚШ Арманистон суверенитетини, мустақиллигини ва ҳудудий яҳлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Бу орада Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 20 сентябр куни эрталаб “локал аксилтеррор тадбирлари муваффақиятли давом эттирилаётгани”ни билдирди.
19 сентябрда Озарбайжон армияси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Бунга 19 сентябрь куни Автомобиль йўллари ва ҳарбий транспорт давлат агентлиги автомобилининг минага дуч келиб, портлагани сабаб бўлган. Иддаога кўра, портлаш натижасида озарбайжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлган ва яраланган.
Хабарларга кўра, Қорабоғ ва Арманистон армияси объектларига зарбалар бериляпти. Аммо Арманистон Қорабоғда ҳарбийлари йўқлигини иддао қилмоқда.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.
Байден C5+1 саммитини “тарихий воқеа” деб баҳолади

АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари лидерлари билан ўтказилган қўшма саммитни “тарихий воқеа” деб баҳолади.
“Марказий Осиё ва Қўшма Штатларнинг бир неча йиллик тиғиз ҳамкорлиги бизнинг умумий қадриятларимиз – суверинитетни, мустақилликни, ҳудудий яҳлитликни дастаклашга асосланган. Ҳозирги кунда бу принциплар ҳар доимгидан ҳам қадрли. Бугун ҳамкорлигимизни янги даражага олиб чиқмоқдамиз”, - деди Байден.
АҚШ президенти ўз сўзида давом этар экан: “Биринчидан биз террорчиликка қарши кураш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқдамиз. Бу ҳамкорлик доирасида АҚШ Марказий Осиёнинг хавфсизлик соҳасини молиялаштиришни кўпайтириши масаласи турибди”, - деб айтди.
Бундан ташқари Байден минтақа давлатлари билан бизнес платформасини тузиш, энергетик хавфсизликни ва таъминот манбаларини кучайтириш мақсадида минерал ресурслар борасида янгича мулоқотни йўлга қўйиш ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари борлигини таъкидлади.
АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматида илк маротаба учрашади. Мазкур саммитда минтақанинг бошқа президентлари қаторида Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳозирча президент Шавкат Мирзиёевнинг саммитда сўзлаган нутқи матнини эълон қилмади. “Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди”, - дейилади расмий хабарда.
АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C5+1 саммити илк бор 2015 йилда Самарқандда ўтказилган эди.
19 сентябрдаги саммит арафасида Human Rights Watch Жо Байденга мурожаат қилиб, уни учрашувда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва фуқаровий жамиятни дастаклаш масалаларини кўтаришга чақирган.
Байден дунё раҳбарларини Россия агрессиясига қарши Украинани дастаклашда давом этишга чақирди

Қўшма Штатларнинг келажаги дунёдаги бошқа мамлакатларнинг келажаги билан чамбарчас боғлиқ, бирор мамлакат бугунги кун хатарларини якка ўзи енга олмайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида билдирди.
АҚШ президенти қайдича, БМТдаги фаолият дохил биргаликда ишлаш орқали дунё мисли кўрилмаган тараққиётга эришган ва барча одамларнинг турмушини яхшилаган – миллиард одамни ўта қашшоқликдан ҳимоя қилган, болалар учун таълим олиш имконини кенгайтирган.
Байден БМТ Иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилганига эътибор қаратиб, АҚШ бундан буён ҳам бу ташкилот фаолиятини дастаклашини урғулаган.
“Биз бу йил ЮНЕСКОга қайта қўшилганимиздан фахрланамиз”, дея таъкидлаган президент Байден. Вашингтон 2017 йили Дональд Трамп президентлиги даврида бу ташкилотга аъзоликдан чиққан эди.
Айни пайтда, Байденга кўра, БМТ фаолиятини дастаклаш ва тинчлик-осойишталикни сақлаб қолиш учун янгиланиш зарур, ташкилот фаолиятига аввал жалб қилинмаган минтақаларни жалб қилиш шулар жумласидандир.
“XXI аср йўлни давом эттириш учун самара талаб қилади. Барчаси БМТдан, шу залдан бошланади”, дея урғулаган АҚШ президенти.
Байден Вашингтон БМТ Хавфсизлик кенгаши кенгайиши ҳамда доимий ва доимий бўлмаган аъзолар сони кўпайтирилишини дастаклашини эслатган.
“Биз катта ислоҳотлар ўтказилиши учун қўлимиздан келган барча ишни қилишда давом этамиз”, деган Байден.
АҚШ президенти давлатлар ҳудудий яхлитлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини БМТ низомининг асосий тамойиллари ўлароқ санаган. Бу тамойиллар, Байденга кўра, давлатлар ўртасидаги тинч ҳамкорлик асосини ташкил этади.
Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусига тўхталар экан, Қўшма Штатлар лидери ўз мамлакат худди бошқа мамлакатлар каби жанговар ҳаракатлар тўхтатишини хоҳлаётганини айтди.
“Бу уруш тўхташини Украиначалик ҳеч ким хоҳлаётгани йўқ. Биз бу инқирозни дипломатик йўллар билан ҳал этилишига дохил масалада Украинани энг фаол равишда қўллаяпмиз”, деган Байден.
АҚШ президенти фикрича, Россия “дунё охири чарчаб, ҳеч бир оқибатсиз Украинани эгаллаб олишимга имкон беради”, деб ҳисобламоқда.
“Агар биз агрессор фойдасига БМТнинг асосий тамойилларидан воз кечсак, бу Ассамблеянинг ҳар бир аъзоси ўзини ҳимояланган ҳис этадими? Агар Украина мағлуб бўлса, сизлардан ҳар бирингизнинг мустақиллигингиз таъминланганича қоладими?” дея савол ташлаган Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ раҳбарлари Озарбайжонга музокара таклиф қилмоқда

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва музокара бошлаш таклифи билан Озарбайжон расмийларига мурожаат қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилди.
“Қорабоғ томони Озарбайжон томонига юзага келган вазиятга ечим топиш мақсадида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳамда музокара столига ўтириш таклифи билан мурожаат қилади”, дейилган Тоғли Қорабоғ ягона ахборот маркази маълумотида.
Бу орада тан олинмаган республика омбудсмени Гегам Степанян Тоғли Қорабоғда Озарбайжон кучларининг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлгани, 23 киши яраланганини билдирган.
Аввалроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғ ҳудудида ҳарбий амалиёт ўтказишини эълон қилган эди. Вазирлик баёнотида амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани урғуланган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат чегаралари бўйлаб вазият нисбатан барқарор эканини айтиб, бу амалиётнинг асосий мақсади Арманистонни жанговар ҳаракатларга жалб этиш эканини урғулаган.
Пашинян Тоғли Қорабоғда Арманистон армияси йўқ эканини қайд этган. Унинг иддаосича, Озарбайжон армиясининг Қорабоғдаги амалиёти этник тозалашга қаратилган.
Бош вазир баёноти ортидан Ереван марказига норозилар йиғила бошлаган. Улар Арманистон Тоғли Қорабоғдаги вазиятга аралашиши лозимлигини айтиб, ҳукумат истеъфосини талаб қила бошлаганлар.
Кечга яқин расмий Боку “қатор шартлар бажарилган тақдирда” қорабоғлик турғунларнинг вакиллари билан учрашишга тайёр эканини билдирган. Бу ҳақда Би-Би-Си Озарбайжон президенти маъмуриятидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Озарбайжон томони қайдича, Қорабоғда “аксилтеррор тадбирлари” тўхтатилиши учун у ердаги “ноқонуний қуролли гуруҳлар” қуролларини топширишлари лозим.
Озарбайжон армияси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ва Арманистон позицияларига зарба бермоқда

Озарбайжон армияси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Хабарларга кўра, Қорабоғ ва Арманистон армияси объектларига зарбалар бериляпти.
Боку Арманистон ва Тоғли Қорабоғни террор хуружларини уюштирганликда айблаган, дея хабар қилди Озарбайжоннинг давлатга қарашли “АЗЕРТАЖ” агентлиги.
Бунга 19 сентябрь куни Автомобиль йўллари ва ҳарбий транспорт давлат агентлиги автомобилининг минага дуч келиб, портлагани сабаб бўлган. Иддаога кўра, портлаш натижасида озарбайжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлган ва яраланган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданян ўз блогида минтақатопга тутилаётганини маълум қилган. Степанакертда (озарбайжонча номи - Хонкенди) ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Аҳолисининг аксариятини арман миллатига мансуб кишилар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Совет Иттифоқи тарқалишга юз тутган йилларда Боку ва Ереван ўртасидаги тўқнашув нуқталаридан бирига айланган. Томонлар бир-бирларини этник тозалашларда айблашган, 1992-1994 йиллардаги уруш натижасида минтақа ва мухтор вилоят ҳудудига кирмаган қўшни ҳудудлар феълан мустақилликка эришган, бироқ уни дунёдаги ҳеч бир мамлакат тан олган эмас.
2020 йили Иккинчи Қорабоғ уруши чоғида минтақа ҳудудининг бир қисми Боку назорати остига қайтган. Озарбайжон ҳудудлар устидан назорат тўла тикланишидан бошқа можарони ҳал қилишнинг бошқа йўлини кўрмаётганини эълон қилган.
У ерда яшовчи арманлар Бокуни этник тозалашлар ва тинч аҳоли вакилларига қарши кўплаб жиноятларда айблаб келишмоқда. 2022 йил декабридан буён минтақа Озарбайжон армияси томонидан феълан қамал қилинган ҳолда турибди. 2023 йил августида Степанакертдаги арман расмийлари тан олинмаган республика ҳудудида очлик бошлангани ва ундан бир киши ўлгани ҳақида баёнот тарқатишган.
Қозоғистонда қатағон қурбонларига оид маълумотлар ошкор этилади. Қирғизистонда қатағон қилинган 20 минг одам оқланиши кутилмоқда

Қозоғистонда 1929-1956 йилларда сиёсий репрессиялар қурбони бўлган шахсларга оид 2 миллион 400 мингдан кўпроқ архив ҳужжатлари ошкор этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси маълум қилди.
Расман билдирилишича, яқин кунларда сургун қилинган 251 минг кишига оид ҳужжатлар Қозоғистон президенти архивига ўтказилади. Шундан сўнг бу маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлади.
“Йил охиригача 265 минг ишни архивга ўтказиб берамиз. Сургун қилинганлар, мажбуран кўчирилганлар ва жиноий жавобгарликка тортилганлардан 311 мингги шу кунгача оқланди”, дейилади расмий билдирувда.
Қозоғистонда 2020 йилда сиёсий репрессиялар қурбонларини оқлаш бўйича давлат комиссияси ташкил этилган эди.
Қирғизистон парламентида эса 18 сентябрь куни Совет Иттифоқи даврида қатағон қилинганларни оқлаш бўйича қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошланди.
Қонун муаллифларидан бири Жанар Ақаевнинг айтишича, қонун қабул қилинса, қатағон қурбонларини оқлаш бўйича махсус давлат комиссияси ташкил этилади. Бунинг ортидан қатағон қилинган камида 20 минг киши оқланиши кутилмоқда.
Августнинг охирларида Ўзбекистон Олий суди Шўролар даврида “босмачи”ликда айбланиб қатағон қилинган 240 кишига нисбатан бешта жиноят ишини қайта кўриб чиққан ва уларни оқлаган эди.
19 апрель куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 1930-31 йилда қатағон қилинган 208 нафар ўзбекистонликка оид учта жиноят ишини кўриб чиққан ва уларнинг барчасини оқлаган.
Бунга қадар Олий судда қатағон қурбонларини оқлаш бўйича иш олиб бораётган гуруҳ томонидан 408 киши оқланган. Сўнгги қарор ортидан жами оқланганлар сони 856 кишига етди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қилган чиқишида, СССР замонида юз минг ўзбекистонлик қатағон қилингани ва улардан 13 мингги отиб ташлангани тўғрисида гапирган эди.
Ўзбекистонда 2001 йилдан бери 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари президент Ислом Каримов давридаги сиёсий маҳбуслар реабилитациясини ҳам кун тартибига қўйишган, аммо ҳозирча саноқли одамларгина реабилитация қилинган.
Зеленский БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка етиб келди

Украина президенти Владимир Зеленский БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка етиб келди. Зеленский Бош Ассамблеядаги иштирокидан сўнг АҚШ президенти Жо Байден, Конгресснинг ҳар иккала палатаси раислари ва олий даражали қўмондонлар билан учрашади.
Ахборот агентликларининг айтишларича, Зеленский Нью-Йоркка келиши биланоқ АҚШда даволанаётган ва реабилитациядан ўтаётган украин ҳарбийлари олдига борган.
Зеленский БМТ Низоми “тўлиқ кучга эга бўлиши шартлиги”ни айтди. Унга кўра, бу ҳужжатнинг асосий принципи давлатларнинг ҳудудий яҳлитлигини тан олишдир. Зеленский БМТнинг “агрессияларни тўхтатиш ва олдини олиш” салоҳиятини кучайтириш зарурати пайдо бўлганини таъкидлади.
Душанбе Толибон даврида Афғонистондан гиёҳвандлар оқими кўпайганини иддао қилди

Тожикистон расмийлари Толибон ҳокимиятга келганидан буён Афғонистондан мамлакатга гиёҳвандлик моддалари контрабандаси сезиларли даражада ошганини қайд этишмоқда, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.
Ўтган йили толиблар Афғонистонда кўкнор етиштиришни тақиқлаб, айбдорлар “шариат бўйича" жазоланишини айтишган. Бироқ, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда кўкнор майдонлари кўпайган.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Мир Саид Али Ҳамадоний тумани расмийларига кўра, сўнгги олти ой ичида давлат чегарасининг фақатгина шу қисмида икки марта қўшни мамлакатдан наркотик контрабандаси олди олинган.
“Отишмада Афғонистон фуқароси бўлган бир контрабандачи йўқ қилинди. 120 кг наркотик мусодара қилинди”, деган туман раҳбари Нурулло Мирзозода.
Охирги марта Афғонистондан Тожикистонга наркотик олиб ўтишга уриниш 12 сентябрга ўтар кечаси Шамсиддин Шохин туманида кузатилган. Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари бош бошқармаси тожик чегарачилари томонидан аниқланган афғонистонлик контрабандачилар молларини ташлаб, қўшни давлат ҳудудига кириб кетишганини маълум қилган.
Афғонистон билан чегарадош Шамсиддин Шоҳин тумани раиси Зафар Гулзода контрабандачилар ҳаракати ҳақида кўпинча бу масалага бефарқ бўлмаган маҳаллий турғунлар тез-тез хабар бериб туришларини айтган.
Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистондан Тожикистонга наркотик оқими сезиларли даражада ошганини президент Эмомали Раҳмон ҳам 14 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари президентлари билан учрашувда айтган эди.
“Рақамлар бу манзарани очиқ тасдиқлаб турибди. Мамлакатимизнинг фақат салоҳиятли идоралари томонидангина ўтган йили Афғонистон билан чегарада 5 тоннага яқин гиёҳванд модда мусодара қилинди. Бу 2021 йилга қараганда 22 фоизга кўпдир. Бундай шароитда биз биргалашиб ҳаракат қилишимиз керак”, деган Тожикистон президенти.
Ўтган йили Афғонистонда кўкнори етиштириш тақиқланганига қарамай, экспертлар Толибон мамлакатда наркотик ишлаб чиқаришни кўпайтирганини таъкидлашмоқда. БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси 2022 йил ноябрь ойидаги ҳисоботида Толибон ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг мамлакатда кўкнор майдонлари аввалги йилга нисбатан 32 фоизга ошиб, 233 минг гектарни ташкил қилганини билдирган. Ҳужжатда қайд этилишича, асосий экин майдонлари Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида жойлашган. У ерларга кўкнор ҳосилининг 73 фоизи тўғри келади. “Ҳилманд вилоятида ҳайдалувчи ерларнинг бешдан бир қисми кўкнорга ажратилган”, дейилган БМТ ҳисоботида.
Дунёдаги энг йирик наркотик ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлган Афғонистон билан Тожикистон ўртасидаги умумий чегара 1300 километрга узанган. Тожикистон расмийлари Афғонистон атрофида “хавфсизлик камари” яратиш зарурлиги ҳақида бир неча бор баёнот беришган. Душанбелик мулозимлар фикрича, қурол-аслаҳа ва наркотик контрабандаси, ноқонуний миграция, террористик ва экстремистик гуруҳлар аъзолари ва мафкураларининг минтақага кириб келиши йўлида фақат шу усулгина ишончли тўғаноқ бўла олиши мумкин.
Тоғли Қорабоғ ҳудудига икки йўналиш бўйлаб инсонпарварлик ёрдамлари етиб борди

Арманистон расмийлари назорати остида бўлган Тоғли Қорабоғнинг Степанакерт (Хонкенди) шаҳрига 18 сентябрь куни эрталаб бир вақтнинг ўзида Озарбайжон (Ағдам) ва Арманистон (Лочин йўлаги) орқали Халқаро Қизил хоч қўмитасининг юк машиналари ўтиб кетган. Бу ҳақда Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Гажиев маълум қилди. Мулозимга кўра, Лочин йўлаги орқали автомобилларнинг ўтиб кетгани “ҳеч қанақа йўл тўсиш бўлмаган”ини далиллаган.
Арманистон ОАВ Арманистондан йўлга чиққан 23 тонна ун Степанакертга етиб борганини тасдиқлашган. Бир вақтнинг ўзида Ағдам орқали Россия ва Швейцарияда ишлаб чиқарилган тиббий ва гигиена ашёлари етказиб берилган.
Аввалроқ Тоғли Қорабоғнинг арман миллатига мансуб расмийлари ўз назоратлари остида бўлган ҳудудга бир вақтнинг ўзида икки тарафдан юк етказиб берилишига розилик беришиб, бу қарорга кучайиб бораётган гуманитар буҳрон сабаб бўлганини билдиришганди. Олдин улар Озарбайжондан Лочин коридори орқали ҳаракатни тўхтатишни талаб қилиб, Ағдам орқали юк етказиб берилишидан бош тортиб келаётган эдилар.
Жорий йилнинг 15 июнидан Лочин йўлаги озарбайжонлик ҳарбийлар назорати остига ўтган. Айни пайтда Озарбайжон юклар йўли тўсилаётганига оид иддаоларни рад этиб, ўз мақсади Тоғли Қорабоғ тарафга кетаётган юклар устидан назорат ўрнатишга эришиш эканини билдирган. Боку Ереванни ўзини мустақил деб эълон қилиб олган республика ҳудудига Арманистон расмийлари томонидан ҳарбийлар ташланаётгани, қурол-аслаҳа ва ўқ-дори олиб ўтилаётганида айблаб, Озарбайжон ҳудудидан табиий бойлик ва маданий қийматга эга бўлган ашёлар ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётганини қайд этган.
Сўнгги пайтларда Тоғли Қорабоғдан озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Тоғли Қорабоғ ҳудуди халқаро ҳуқуққа кўра Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Минтақа аҳолисининг кўпчилигини арман миллатига мансуб кишилар ташкил этади. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Боку минтақанинг катта қисмини назорат қилмас эди. Ўшанда арман жамоатчилиги вакиллари бу ҳудудни мустақил республика деб эълон қилган, аммо уни Арманистон дохил дунёнинг биронта давлати тан олган эмас.
2020 йил кузида бўлиб ўтган қисқа муддатли уруш ортидан Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида келишув имзолашган. Боку Тоғли Қорабоғ ҳудудининг анчагина қисми ҳамда 90-йиллар бошида Арманистон қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Озарбайжон яқинидаги ҳудудларни ўз назорати остига қайтарган. Минтақага Россиянинг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян россиялик тинчликпарвар кучлар ўз мажбуриятини бажармай, Лочин йўлаги устидан назоратни таъминлай олмаганини билдирган.