Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 12:23

Ҳажга бориш учун рухсатнома керак бўлади. Хитой Шинжондаги диний ишлар бўйича низом қабул қилди


Урумчидаги масжидда намозни адо этиб чиқаётган уйғурлар. Шинжон, 12 сентябрь, 2004
Урумчидаги масжидда намозни адо этиб чиқаётган уйғурлар. Шинжон, 12 сентябрь, 2004

1 февралдан Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида диндорларни назорат қилиш учун махсус низом кучга киради. Ҳужжатга кўра, бундан буён масжид қуриш, зиёрат ва диний таълим фақат маҳаллий ҳокимият рухсати билан амалга оширилади. Низом, шунингдек, мобил телефон ва компьютерларда диний файлларни сақлашни ҳам тақиқлайди. Экспертлар фикрича, Пекин янги қоидалар ёрдамида Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини қонунийлаштирмоқда.

Шинжон-Уйғур мухтор вилояти диний ишлари тўғрисидаги Низом 2023 йил охирида Шинжондаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси томонидан қабул қилинган.

Қонуний кучга эга бўлган янги ҳужжатга кўра, ҳеч бир ташкилот ёки шахс бизнес ёки маданият соҳасида диний фаолиятдан фойдалана олмайди. Масалан, ҳеч ким тўй ва дафн маросимларини қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан, шунчаки ўз диний таомилларига кўра ўтказа олмайди. Диний биноларни реконструкция қилиш ёки қуриш маҳаллий ҳокимиятларнинг диний ишлар бўлими томонидан тасдиқланиши керак.

Қоидаларда ҳаж қилиш фақат Хитой Ислом уюшмаси назорати остида ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган. Шунингдек, 18 ёшгача бўлган болаларни диний йиғинларга олиб бориш ва уларга умуман диний таълим бериш тақиқланади.

Диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ёритувчи "Bitter Winter" нашри, "Пекин шу тариқа қонунчилик ва хитойлаштириш сиёсати ниқоби остида масжидларни вайрон қилишни оқлашга уринмоқда", деб ёзади.

“Шинжондаги Низом моддалари бошқа вилоятлар ва минтақалардаги қоидаларга қараганда қаттиқроқ. Ҳатто Хитой пропагандаси ҳам Шинжонда дин «оддий» вилоят ва минтақаларга қараганда қаттиқроқ назорат қилинишини тан олади, бироқ одатдагидек буни «экстремизм» ва «терроризм»га қарши курашиш зарурати билан оқлайди, дейилади мақолада.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Масалан, янги Низомга кўра, диний обидалар, ҳатто аллақачон қурилган бўлса ҳам, архитектура, ҳайкалтарошлик, рангтасвир нуқтаи назаридан “хитойча ўзига хослик ва услуб”ни акс эттириши, ибодатхоналар, масжид ва черковлар эса маҳаллий ҳокимиятга ҳисобот бериши шарт.

Диний мақола ва китобларни нашр этиш қоидалари ҳам қаттиқлаштирилди, уларни нашр этиш фақат Шинжон халқ ҳокимияти диний ишлар бўлими рухсати билан мумкин. Шу билан бирга, ҳеч бир ташкилот ёки жисмоний шахс рақамли нашрлардан, жумладан, интернет, ижтимоий тармоқлар ва ҳатто мобил телефондаги ёзувлардан фойдалана олмайди.

Қонунда диний муассасалар раҳбарлари – имомлар, черковлар, ибодатхоналар раҳбарлари учун бир нечта моддалар мавжуд. Уларда дин арбоблари “ватанпарвар ва қонунга итоаткор бўлиши, тўғри йўлдан бориши, экстремизмга қарши туриши керак” деб ёзилган. Шинжондаги муллалар энди чет эл ташкилотлари ёки шахсларидан унвонлар олиши мумкин эмас.

Қоидалар бузилган тақдирда, диний етакчилар, диний мансабдор шахслар ва диний марказлар рухсатномадан маҳрум этилади. Ушбу қонунни бузган диний гуруҳлар ва шахслар жаримадан тортиб, жиноий жавобгарликкача тортилиши мумкин.

«Шинжонда кўп одам жанозасиз кўмилмоқда»

Шинжондаги этник қозоқлар муаммоларини кўтарувчи, рўйхатдан ўтмаган «Атажурт» ташкилоти раҳбари Бекзат Мақсутхонули фикрича, “бу қонун орқали Хитой Шинжондаги диний зулмни қонунийлаштиряпти”.

“Шинжонда диний фаолият деярли йўқ. 2016 йилдан бери одамлар диний таълим муассасалари очиш ва диний маросимларни бажариш имкониятидан маҳрум бўлди. Хитойнинг ўзи ўқитган имомларнинг аксарияти лагерларда қамалган. Озодликка чиққанларнинг аксарияти соғлиғини йўқотган ёки диний маросимларни бажаришдан қўрқади. Бир қишлоқнинг имоми бошқа қишлоққа бориб, у ерда Қуръон ўқий олмайди. Ҳозир Шинжонда кўп ҳолларда имомлар йўқлиги ёки ҳуқуқлари чеклангани учун ўликлар жанозасиз дафн этилмоқда. Бизда шундай фактлар борки, бир қишлоқнинг имоми бошқа қишлоқда жаноза маросимини ўтказгани учун таъқибга учраган. Хитойда аниқ қонунлар қабул қилинмаган бўлса-да, Шинжонда диний ҳуқуқлар анчадан бери чекланган. Бу қонун аввалги барча ҳаракатларни қонунийлаштиришдир”, дейди у.

Шинжон қозоқлари муаммоси билан шуғулланувчи яна бир ташкилот “Атажурт ериктилери” раҳбари Эрбол Даулетбекули “Шинжонда илгари диний эркинлик йўқ эди ва Хитой Шинжондаги шу кунгача қилиб келган ишларини янги қонун билан оқламоқчи”, дейди.

«2017 йилдан бери Хитой Шинжондаги геноцидни дин билан, динни эса терроризм билан боғлаб келади. Миллионлаб одамлар терроризмда айбланиб, лагерларга қамалган ва мафкура туфайли меҳнатга мажбурланган. Ҳозир Хитой Шинжондаги жиноятларини дунё ва халқаро ҳамжамият олдида оқлашга, уларни қонуний кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бу қонун ҳам шулардан бири. Бундан ташқари, Шинжондаги “бахтли ҳаёт”ни кўрсатиш учун хориждан журналист ва блогерлар таклиф қилинади. Аммо Шинжонда лагерлар, қамоқхоналар ва мажбурий меҳнат ҳамон мавжуд. Диний фаолият бу қонун қабул қилинишидан олдин ҳам назорат қилинган эди”, дейди у.

Мирзиёев Сианда. Хитой ва Россия сиам эгизакларми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:22 0:00

Шинжонда дин тўғрисидаги низом ХХР раиси Си Цзиньпин Шинжонда “исломни синдириш” мақсадини қўйганидан кейин қабул қилинган. Ўтган йил 26 август куни Си Шинжон маркази Урумчига ташрифи чоғида маҳаллий амалдорларга “исломни хитойлаштириш сиёсатини давом эттириш” ва “ноқонуний диний фаолиятни назорат қилиш” ҳақида кўрсатма берган эди.

Шинжондаги вазият 2017 йилдан бери ёмонлашган. БМТ маълумотига кўра, 2017 йилдан бери Шинжондаги сиёсий қайта тарбиялаш лагерларида бир миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонлар ҳибсга олинган. Халқаро ташкилотлар Хитойнинг ҳаракатларини танқид қилади, бироқ Пекин ўзининг Шинжон сиёсатини “экстремизмга қарши кураш”, сиёсий лагерларини эса “касбга қайта тайёрлаш марказлари” деб атайди.

Лагерлардан озод қилинган уйғурлар ва қозоқлар бир неча бор қийноққа солингани, зўрлангани, номаълум дорилар берилгани ва мажбурий меҳнатга жалб қилинганини айтишган.

Қўшма Штатлар ва Ғарб давлатлари Хитойнинг Шинжон минтақасида ўзбошимча ҳибсга олишлари, қийноқлар, аёлларни мажбурий стерилизация қилиши ва мажбурий меҳнат геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар эканлигини таъкидлади.

Ўтган йили Human Rights Watch ташкилоти Хитой Шинжонда зулмни давом эттираётганини айтган эди. Ҳудуддаги масжидларнинг учдан икки қисми ёпилган, черковлардаги минора ва гумбазлар олиб ташланган. Ташкилот, шунингдек, расмийлар мамлакат бўйлаб масжидларга камералар ўрнатганини хабар қилди.

Хитой БМТ ва Ғарб экспертларини Шинжонга киритмаяпти. Пекин ўзига хайрихоҳ давлатларнинг дипломатлари ва журналистларини Шинжонга таклиф қилади ва экскурсиялар ўтказади. Қозоқ дипломатлари ва журналистлари ҳам шундай саёҳат қилишди.

Форум

XS
SM
MD
LG