Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 12:29

Хонанда Манижа: "Сўзим ва амалим бир бўлган"


Хонанда Манижа

Россиялик хонанда, асли тожикистонлик Манижа Сангин Роттердам шаҳрида ўтказилаётган “Евронигоҳ” халқаро мусиқа танлови финал босқичига йўлланма олгач, Озодлик радиосининг тожик хизматига (Радио Озоди) интервью берди.

Танловнинг биринчи ярим финали 18 май куни якунланди, Манижа “Russian Woman” қўшиғи билан 22 майда курашни давом эттиради.

– Манижа, табриклаймиз. Шу тобда нималарни ҳис қиляпсиз?

– Бу воқеалар бари ўнгимда юз бераётганини ҳануз ҳис эта олганим йўқ. Худди туш кўраётгандайман. Энг асосийси, жамоамдан жуда миннатдорман, чунки кеча ортиғи билан ишладик, умид қиламанки, финалда ҳам ўзимизни 100 фоиз сафарбар этамиз. У ёғига нима бўлиши эса бизга боғлиқ эмас. Ҳаммадан муҳими – барча қўрқувларни, ҳаяжон ва диққатбозликни, бир неча ойдан буён давом этиб келаётган руҳий босимни енгиб ўтиб, саҳнага чиқдик. Ўз ижромиздан чинакам завқ ола билдик.

– Бу қандай бўлди ўзи? Кўйлак ичидан чиқиб келиш, нима десам экан... стереотипларни парчалаш ғояси қандай дунёга келди?

– Гуруҳимизда ҳар ким ўз ишини қилди. Концепция муаллифи, яъни менинг кўйлак ичидан чиқишимни, ортимда рус аёллари бўлишини, мени рус аёллари санъати қуршаб олишини ўйлаб топган одам – Ладо Кватания. Кўйлакнинг ўзи эса – дизайнию тузилишигача – онамнинг ихтироси. Очилиб-ёпиладиган дарча дизайнини онам дугонаси кўмагида тайёрлаган. Улар кўпдан буён мода соҳасида ишлайдилар, барчасини бирга қилишган. Эскизларни онам чизган.

Бу ишларга қанча вақт кетди?

– Роса бир ой. Биз кўйлакни қоғозда яратган бўлсак, уни қўл билан ясаши керак бўлган конструкторлар Королёв шаҳрида эди. Кўйлакни бўйимга ўлчаб кўриш учун у ерга бордик. Жуда кучли ижодий устахона экан.

Бу ҳалиги, машҳур конструкторлик бюроси жойлашган шаҳарми?

– Худди ўзи. Ўша бюрога ҳам ишимиз тушди, кўйлак юриши учун, унга ғилдиракчалар ўрнатиш учун улардан ёрдам сўрадик.

– Саҳнага чиққанингизда ҳаяжон бормиди? Ёки чиқишингиз билан ҳаммаси ўтиб кетдими?

– Шу уч дақиқа асрларга чўзилгандек туюлди. Уч дақиқа ичида бошимда қанақанги хаёллар чарх урмади дейсиз: дам ёқимли, дам қўрқинчли, дам ҳаяжонли, дам рўй бераётган воқеалардан ҳузурланиш ҳисси. Ҳар гал, томошабинлар чапак чалганда – дарвоқе, улар тез-тез қарсак чалиб туришди – ҳаяжон мени “қўйиб юборарди”. Шу маънода томошабинлар артистга жуда асқотаркан. Улар ҳаяжонни енгишингга ёрдам беради, зеро сен саҳнада ёлғизсан, улар эса жуда кўп.

– Сиз “менга ғалаба қизиқ эмас, асосийси – қўшиқ мессежини етказиш”, деган эдингиз. Нега?

– Чунки менинг тугал шаклланган аниқ бир позициям бор. Уни ҳеч нарса мен учун ўзгартира олмайди.

– Қанақа позиция у?

– Оммабоп қўшиқлар топ-рўйхатларидаги ҳеч бир позиция, “Евронигоҳ” рейтингидаги ҳеч бир позиция, совринли ёки совринсиз ўринлардаги ҳеч қанақа позиция менинг ички позициямга таъсир эта олмайди. Менинг “Евронигоҳ”га қадар бўлган устувор мақсадим танловдан кейин ҳам қолади, бу – рост гапириш, томошабинга нисбатан виждонан муносабатда бўлиш, одамларни эврилишларга, бахт-саодатга руҳлантирувчи санъатга интилиш. Дилидагини етказиб бера оладиган хонанда бўлиш мен учун жуда муҳим, фаҳмимча, етказиб бера оляпман ҳам, бу мен учун қадрли.

– Яъни 22 май куни, ҳамма сиз учун қайғуради‑ю сиз ўзингиз асло қайғурмайсизми?

– (Кулади). Қайғурмайман. Йўқ, қайғурсам керак, албатта, аммо қайсидир масалада ҳуқуқларимиз бузилаётганини, кимдир ҳужжат олиш, фуқароликка кириш имкониятидан маҳрумлигини ўйлаб қайғураман. Ёки кимлардир ҳаётдан тўла баҳра олишига халал берадиган вазиятда эканидан – таълим олишдан мосуволигидан қайғураман... Мана шулар мени кўпроқ ташвишга солади. Ижодий амбицияларга келсак... Саҳнага чиққанинг билан нима қилаётганингни ўзинг тушунмасанг, ишингга ишончинг бўлмаса, қаердадир сустроқ ҳаракат қилсанг ёки мессежни ҳис эта олмасанг, бу бошқа гап. Мен эса мессежни ҳис қиламан, ана шу ҳис билан яшадим, яшаяпман. Сўзим билан амалим бир бўлган. Шу боис ҳам, ичимда қандайдир иштибоҳ ва хавотирлар йўқ.

– Кеча кўплаб тожиклар, сизнинг собиқ ватандошларингиз Европада, Америкада туриб сизга мухлислик қилишди, “Facebook”да, “Instagram”да ёзишди. Уларга айтар гапингиз борми?

– Уларга айтмоқчиманки, мен уларнинг нақадар замонавийлигидан, серқирралигидан фахрланаман, чунки улар мени тинглай ва англай олишади. Тожикистонда туғилиб, у ердан жўнаб кетаркансан қалбингда жамики шарқона анъаналарни бирга олиб кетиш ва айни чоғда ривожланиб, европача инсон бўлиб етишиш – бу ажойиб нарса. Уларнинг дастаги менга ниҳоятда хуш ёқади, зеро менинг мессежим бирмунча зиддиятли бўлиб, табиийки, одамларнинг унга нисбатан реакцияси қанақа бўларкин, дея алағда бўлган пайтларим бўлган. Аммо Тожикистондан битта ҳам салбий муносабат бўлмади.

– Ҳар ҳолда ижобий ҳиссиёт сиз учун аҳамиятли экан-ку?

– Албатта. Ахир ниманидир ўзгартириш қўлингдан келишига, сен билан ҳамфикр ва ҳаммаслак кишилар кўплигига ишонч бусиз бунёд бўлмайди.

– 16-17 яшарлигингизда сиз билан суҳбатлашган эдик. Ўшанда, эҳтимол, хонандаликни танламасман, чунки бу жиддий иш эмас, дегандек бўлувдингиз. Шу тобда, “Евронигоҳ” юксаклигида сўзлашиб турибмиз. Энди нима дейсиз?

– (Кулади). Тан оламан, айтилган сўз – отилган ўқ. У кезлар бола эдим. Лекин, ҳатто улғайган бўлсанг ҳам, агар севимли ишинг билан шуғулланар экансан, кўнглингдан қанчадан-қанча шубҳа-гумонлар кечиши тайин.

– Ўшанда ижодда ишингиз бароридан келмаган, деб тахмин қилсак бўладими?

– Ҳа, шундай бўлса керак. Ўзимни топа олмаётган пайтларим эди, чамаси. Мусиқа менга нимага кераклигини тушунмасдим. Бироқ ҳозир ўз ўрнимни топганман.

– Яъни “Евронигоҳ”дан сўнг катта ижодий ҳаёт давом этадими?

– Насиб!

Ҳозир тожикчасига “Насиб”, яъни “Худо хоҳласа!” деб жавоб бердингиз.

– Ҳа, насиб.

Тожикчалаб яна бирон нима дейишни истармадингиз?

– “Ман шуморо нағз мебинам” (мен сизларни севаман) билан “раҳмати калон” (катта раҳмат) ёдимда.

XS
SM
MD
LG