Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Хонқада йўлни тўсган одамларга кўмир тарқатилди - аҳоли газ талаб қилмоқда (ВИДЕО)


Хоразм вилояти Хонқа туманининг газдан узиб қўйилган аҳолиси норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйди
Хоразм вилояти Хонқа туманининг газдан узиб қўйилган аҳолиси норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйди

14 январь куни ижтимоий тармоқларда Урганч-Ҳазорасп автомобил йўлининг Хонқа тумани ҳудудидан ўтувчи қисми бир гуруҳ фуқаролар томонидан тўсиб қўйилгани акс этган видеотасвирлар тарқалди.

22 дақиқалик видеода норози одамларнинг туман ҳокими ва газ таъминотига масъул раҳбарларнинг келишини талаб қилаётгани қулоққа чалинади.

Озодликнинг аниқлашича, норозилар Хоразм вилояти Хонқа туманининг Сарапаён қишлоғи, “Пахтагул” маҳалласи аҳолисидир.

Видеодаги тасвирлардан 2015 йилдан буён газ таъминотидан буткул узиб қўйилган бу маҳаллага суюлтирилган газ вақтида етказиб берилмаётгани англашилади.

Норозилар олдига келган Хонқа тумани ҳокими Муродбек Давлатов "Пахтагул" маҳалласи чекка ҳудуд бўлгани учун Вазирлар Макамасининг 2015 йил, 18 мартдаги қарори билан газдан узиб қўйилганини аҳолига тушунтиришга уринар экан: "Қарор билан кесилган бўлса, газга улаб бўлмайди. Тўғри тушунинг. Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича "Пахтагул" маҳалласи суюлтирилган газга мослаштирилган", - дейди.

Норози аҳоли орасидан эса суюлтирилган газ ҳам вақтида берилмаётгани ҳақидаги овозлар эшитилади.

"Ҳоким бува, суюлтирилган газ 45-46 кунда келади, 20 кунда тамом бўлади", - дейди норозилардан бири.

Хонқа тумани ҳокими "мен сизларга суюлтирилган газни 30 кунда таъминлаб бераман", дейиши билан аҳоли "керак эмас, маҳалла табиий газга улансин", деган талабни қўяди.

"Маҳалламиз ноқонуний газдан узиб қўйилган. Ҳеч ким бизни мана, ҳужжат, узамиз ,деб огоҳлантиргани ҳам йўқ. Ремонт қиламиз деб, халқни алдаб, газдан узишди", - дейди норозилардан бири.

Хонқанинг "Пахтагул" маҳалласида яшовчи Нуриддин Юсупов Озодлик билан суҳбатда ўзи ва қўшнилари совуқда газсизликдан азият чекаётанини айтади:

"Газ баллонга 45 кунлаб навбат кутамиз. 25 минг сўмга тўлдирилиши керак бўлган газ баллон 40-45 минг сўмга тушяпти. Навбат кутавериб, чарчадик. Энди маҳаллани табиий газга улайсизлар, бошқа гап йўқ деяпмиз. Керак бўлса, Тошкентга борамиз, президентга арз қиламиз", - дейди Юсупов.

Норозиларга кўмир берилган

Ҳонқа тумани ҳокимининг ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда норозилик юз берган маҳалла аҳолиси кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилганини айтди.

"У чекка ҳудуд бўлгани учун табиий газга улаш имконсиз. Қўлимиздан келадиган нарса кўмир ва суюлтирилган газ. Шу воқеадан сўнг шу куннинг ўзида "Пахтагул" маҳалласига зудлик билан кўмир олиб бориб берилди. Райгаз суюлтирилган газ берди. Ҳокимимиз ҳозир ҳам шу ҳудудда юрибди, лекин газ тармоғига у маҳаллани улаб бўлмайди", - дейди Хонқа тумани ҳокимининг ёрдамчиси.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда аҳолининг ўз норозилигини ифодалаш учун йўл тўсиши кўп кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бундай норозиликлар расмийларнинг назарига тез тушади ва узоққа чўзилмайди.

Хонқадаги бу ҳолат сўнгги бир ой ичида Бухоро вилоятининг Бухоро ҳамда Қоракўл, Сурхондарёнинг Музработ, Жиззахнинг Пахтакор туманлари ҳамда Андижон шаҳри ва Фарғона вилоятининг Қўқон ҳамда Олтиариқ туманларида аҳолининг газ муаммоси туфайли йўл тўсиши билан боғлиқ саккизинчиси бўлмоқда.

Ўтган йили газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйган эди.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қатори Хоразмда ҳам сўнгги ўн йилликлар давомида газ таъминоти ёмонлашди.

Хоразмлик блогер Ҳушнуд Қурбонов аҳоли газ йўқлигидан мева дарахтларини ҳам чопиб, ўтинга айлантиришаётганини айтади.

"Қурби етган кўмир, ғўзапоя ёқади. Қурби етмагани тезак ёқади. Сўнгги пайтларда одамлар қишдан эсон-омон чиқиш учун мевали дарахтларни ҳам чопиб ўтин қиляпти, - дейди блогер.

Хоразмлик онахон: газ йўқ, свет йўқ, гуноҳимиз нима?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00

Ҳукумат мамлакат бўйлаб давом этаётган энергетика инқирозини ҳал қилиш юзасидан аниқ режасини эълон қилмагани каби, узоқ муддатда аҳолининг бу каби норозиликлари борасида қандай йўл тутиши ҳам номаълум.

XS
SM
MD
LG