Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:09

Метан газ: Бир киши ўлган, бир Damas ёниб кетган Наманганда норози ҳайдовчилар шаҳар марказига юрди (ВИДЕО)


11 январь куни Тўрақўрғондаги газ қуйиш шохобчасида навбатда турган Damas автомобили, ИИВ ЙҲХББ га кўра, электрдаги қисқа туташув натижасида ёниб кетган
11 январь куни Тўрақўрғондаги газ қуйиш шохобчасида навбатда турган Damas автомобили, ИИВ ЙҲХББ га кўра, электрдаги қисқа туташув натижасида ёниб кетган

13 январь кундуз соат 1 билан 2 орасида Наманган шаҳар ҳокимлиги биноси яқинидаги Чорсу майдонига камида 50 ҳайдовчи автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида юзага келган вазиятдан норозилик билдириш учун йиғилди.

“Ҳудудгаз Наманган” корхонаси вакили метан газ қуйиш станцияларида кузатилаётган тақчилликни магистрал газ қувурларида босимнинг пастлиги билан изоҳлади.

10 январга ўтар кечаси Наманган шаҳридаги газ заправкада навбатда турган 68 ёшли ҳайдовчи вафот этган эди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги мулозими газ таъминоти билан боғлиқ барча саволларни шаҳар Куз-қиш штабига беришни тавсия қилиш билан чекланди.

13 январда Озодликка келган 20-25 сониялик қисқа видеода катта йўл чети акс этган. Йўл четида, узоқликда ўнга яқин киши кўринади. Видео муаллифи объективни ортга қаратади ва яна ўнга яқин киши кўринади. Муаллиф кадр ортидан “мана, Наманганнинг барча шўпирлари келди”, дейди.

Ҳайдовчилар 13 январ куни Наманганнинг Чорсу майдонига норозилик акциясига йиғилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:12 0:00

Акцияга қатнашган наманганлик ҳайдовчилардан бирининг Озодликка айтишича, “йиғилганларнинг муаммолари кўп, лекин (уларни) Чорсуга айнан бугун келишга газ заправкаларидаги навбатлар мажбур қилди”.

Ёши 25да, икки фарзанднинг отаси, машинасининг пулини тўлаб бўлмагани, кредити ҳам борлигини билдирган ҳайдовчи йигит исми очиқланишини истамади.

“Метан заправкада газ эрталаб 5 дан соат 15 гача бўлиши айтилган. Лекин соат 11 гача тугаб қоляпти. Бир марта қуйганим бир кунда тугаб қолиши мумкин. Тунда навбатда тураман. Бошқалар ҳам шундай. Камида 5 соат вақтим навбатда ўтади”, - деди ҳайдовчи йигит.

Унинг айтишича, 13 январда Чорсу майдонига йиғилган ҳайдовчилар “бир-икки соат туриб, кейин тарқалиб кетган”. Ҳайдовчининг сўзларига қараганда, афтидан, акцияни ҳеч ким уюштирмаган - стихияли ўтган, шунинг учун талабларни шакллантириб, ҳокимлик биносига кирадиган етакчи бўлмаган.

Телеграмдаги “Наманганликлар” каналида эълон қилинган видеода ҳайдовчилар газ қуйиш учун тунда бир неча километрлик навбатда тургани акс этган.

10 январга ўтар кечаси Наманган шаҳридаги газ-заправкада навбатда турган 68 ёшли ҳайдовчи вафот этган эди.

Наманган вилоят прокуратруасининг маҳаллий нашрларга билдиришича, «Косонсой тумани ‘Ободон’ маҳалласида яшаган И.Ж. ‘Жигули машинасини суриб ҳаракатлантириб келаётган вақтида тўсатдан асфальт йўлакка чап юз соҳаси билан йиқилиб, урилиши оқибатида чап юз соҳаси ва бош мия чап соҳасидан олган тан жароҳати натижасида ҳодиса жойида вафот этган".

Ҳодисадан бир кун ўтиб, ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида жойлашган газ тўлдириш шохобчаларининг бирида навбатда турган Damas автомобили ёниб кетгани тасвирланган видео тарқалди.

Тўрақўрғон туманида газ учун навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Наманганлик ҳайдовчиларнинг Телеграмда Gaz zapravkalar канали борлиги маълум бўлди. Унда қолдирилган ёзувларда автомобилларга газ қуйиш билан боғлиқ шу кундаги вазият ҳақида анчайин тўлиқ тасаввур пайдо бўлади. Ҳайдовчилар у ёки бу газ қуйиш станциясидаги жорий вазият тўғрисидаги маълумотларни ўзаро ўртоқлашади. Каналдаги ёзувлардан ҳам ҳайдовчилар тунда навбатда тургани англашилади.

“Ҳудудгаз Наманган” корхонасининг ўзини таништиришни истамаган вакили метан газ қуйиш станцияларидаги тақчилликни тан олди ва бу ҳолатни магистрал газ қувурида босимнинг пастлиги билан изоҳлади. “Бошқа барча саволларни бошлиқларга беришингиз мумкин” деди “Ҳудудгаз Наманган” корхонаси ходими. Бошлиқлар қўнғироқларга жавоб бермади.

Наманган шаҳар ҳокими қабулхонаси телефонини кўтарган мулозим ўзини “навбатчи Азизбек Одилов” деб таништирди. У Чорсу майдонига ҳайдовчилар йиғилганидан хабарсиз эканлиги, газ таъминоти билан боғлиқ саволларга жавоб бериш учун етарли маълумоти йўқлиги, бўлган чоғида ҳам жавоб беришга ваколатли эмаслигини билдирди. Азизбек Одилов масала юзасидан Наманган шаҳар Куз-қиш штабига мурожаат қилишни тавсия қилди. Штаб Озодлик қўнғироқларига (телефони +998692270732) ҳеч ким жавоб бермади.

Энергетика вазирлиги Ахборот хизматига таяниб, маҳаллий нашр 2021 йилнинг 4 январидан бошлаб, бутун республика бўйлаб автомобилларга газ қуйиш шохобчалари соат 15:00 дан кейин ёпилажагини хабар қилганди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда январь ойида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши муносабати билан ижтимоий соҳа объектлари ва стратегик ташкилотларни газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига 4 январдан бошлаб кундузги соат 15:00 дан эрталаб 5:00 гача газ етказиб бериш тўхтатилган.

Бу чора ортидан газ қуйиш шохобчаларидаги вазият яна абгорлашди, бироқ аҳолига газ бериш кўпайгани йўқ. Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 66- кўпқаватли уйда яшовчи Холисхон Зокирова 13 январда Озодликка охирги кунларда газ босими пасайиб кетганини айтди:

“Одатда, биз яшайдиган жойда газ яхши бўларди. Домимиздан 500 метр нарида газ тақсимлайдиган аппарат бор. Лекин яқиндан бери газ жуда пасайиб кетди. Бир дамлам чой 40 минут, баъзида 1 соатда қайнаяпти. Овқат пишириб бўлмайди. Ҳатто дималамаям пишмайди. Биринчи қаватда турадиганларда шу ҳам йўқ. Ташқарида, ўчоқда овқат пиширишяпти”.

16 декабрь кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини айтган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида бу топшириқ бажарилганми, йўқми - бу ҳақда расмий маълумот йўқ. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар "президентнинг навбатдаги топшириғи саботаж қилинаётгани" ҳақидаги хавотирларни билдиришмоқда.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. У мавжуд вазиятни мамлакат энергетика инфратузилмаси эскиргани, бу соҳага етарли сармоялар киритилмагани билан изоҳлаган. 2020-2021 куз-қиш мавсумида ҳавонинг совуқ келиши энергетика тизими қанчалик чуқур инқирозда эканини кўрсатди. Ҳукумат энергетика инқирозидан қандай чиқиш борасида аниқ режасини эълон қилмаган. Бу каби режанинг бор-йўқлиги ҳам номаълум.

XS
SM
MD
LG