Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 19:28

Халқаро хабарлар

XX асрнинг энг яхши футболчиси ўлароқ эътироф этилган Диего Марадона вафот этди

Диего Марадона

Аргентинанинг Нордельта шаҳридаги ўз уйида футболчи Диего Марадона вафот этди. У ФИФА расмий сайтида ўтказилган мухлисларнинг умумий овоз беришида XX асрнинг энг яхши футболчиси, деб топилганди.

Марадона оламдан ўтгани ҳақида Аргентинадаги қатор оммавий ахборот воситалари хабар қилган. Футболчи ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Қайд этилишича, Марадонанинг юраги уришдан тўхтаб қолган ва етиб келган шифокорлар уни ҳаётга қайтара олмаганлар.

Диего Армандо Марадона 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида дунёга келган. Профессионал футболга у 12 ёшида кириб келган. 1972 йилдан Марадона “Архентинос Хуниорс” клубининг ёш футболчилари сафида тўп сура бошлаган. Уни командага олиш учун бош мураббий Марадонанинг ҳақиқий исми ва ёшини яширишга мажбур бўлган.

Кейинчалик олтита клуб алмаштирган Марадона “Бока Хуниорс” командаси билан Аргентина чемпиони бўлган ва “Наполи” таркибида Италия чемпионатида икки марта ғолибликни қўлга киритган. Ўз фаолияти давомида у 492 та ўйинда футбол майдонига тушиб, 258 марта гол уришга муваффақ бўлган.

Аргентина терма жамоаси билан бирга у 91 та ўйин ўтказиб, 34 марта гол урган. 1986 йили у миллий командаси билан бирга жаҳон чемпионига айланиб, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси ўлароқ эътироф этилган.

1990-йилларда гиёҳвандликка берилгани ортидан Марадонанинг юлдузи сўна бошлаган, ҳужумчи бир муддат ўйинлардан четлатилган ва кокаин сақлагани учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўйинчилик фаолиятини якунлаганидан кейин Марадона бир муддат телевидениеда спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаган, кейин эса мураббий сифатида профессионал футболга қайтган. 2010 йили у раҳбарлик қилган Аргентина терма жамоаси жаҳон чемпионати чорак финалигача етиб борган.

Умрининг сўнгги йилида Марадона ўз мамлакатида энг эски футбол клубларидан бири бўлган “Химнасия ва Эсгрима”га мураббийлик қилган.

Кун янгиликлари

Қозоғистонда фаоллар “Январь воқеалари” юзасидан комиссия тузишни талаб қилмоқда

Нур-Султонда матбуот анжумани ўтказган фаоллар.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда фаоллар ва “Мамлакат тираги” ҳаракати аъзолари 20 январда матбуот анжумани ўтказди. Улар ҳукуматдан январь ойида Қозоғистонда юз берган норозилик намойишлари ва тартибсизликлар юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилди.

Фаоллар фикрича, январь воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказиш учун фуқаролик жамияти ва мухолифат вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиши шарт.

Матбуот анжуманида фаоллар норозилик намойиши иштирокчиларига ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўлланилгани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетганинини иддао қилдилар.

Уларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида тинч намойишга чиққанларнинг кўплиги, полиция норозиларга қарши ўқотар қурол қўллаганига далил бўла олади. Фаоллар норозилар томониан кучишлатар тузилмалари ходимларига нисбатан ўқ отилмаганини айтмоқдлар.

Эрон президенти Россия Давлат думасида НАТОнинг ҳалокатини башорат қилди

Эрон президенти Кремлда 19 январь куни Путин билан учрашди.

Эрон президенти Иброҳим Раисий 20 январь куни Россия Давлат думасида нутқ сўзлаб, яқин орада НАТОнинг тарқаб кетиши ва ҳалокатга учрашини башорат қилди. Унга кўра “НАТО турли баҳоналар билан мамлакатларнинг жуғрофий ҳудудларига кириб олиш билан шуғулланмоқда” ва “мустақил демократиялар ҳамда халқлар маънавиятига” қарши турмоқда.

Эрон президенти фикрича, НАТОнинг бу сиёсати унинг яқин орада тарқаб кетиши ва ҳалокатга учрашидан дарак беради.

Раисий ўз нутқида Россия президенти Владимир Путинга Эрон билан Сурия масаласида ҳамкорлик қилаётганига миннатдорчилик билдирди.

Эрон президенти 19 январь куни Москвага расмий ташриф билан келган эди. У Путин билан учрашуви пайтда Эрон-Россия муносабатларини “доимий ва стратегик аҳамиятга эга экани”ни алоҳида таъкидлади. У Владимир Путинга Россия билан келажак 20 йилга доир ҳамкорлик шартномаси лойиҳасини топширди.

Хабарда билдирилишича, 21 январь куни Ҳинд океанида Россия Хитой ва Эрон билан ҳамкорликда денгиз ҳарбий машғулотларини ўтказади.

Вазирлик: Россия ОТМларида 50 мингга яқин ўзбекистонлик талаба ўқимоқда

Иллюстратив сурат

Россиядаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони шу кунда 48 минг 700 нафарга етган. Бу рақам Россия Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан тарқатилган хабарномада акс этган.

Вазирлик маълумотига мувофиқ, пандемияга қарамай, ўтган йиллар ичида Россияда ўқиётган хорижлик талабалар сони 26 минг нафарга ортган – 2019 йилда Россиядаги институт-университетларда 298 минг нафар чет эллик ўқиган бўлса, 2021 йилга келиб бу рақам 324 минг нафарга етган.

Чет ўлкалардан келиб, Россияда ўқиётган талабалар орасида энг кўпини қозоғистонликлар (61 минг нафар) ташкил этади, улардан кейин иккинчи ўринда ўзбекистонликлар турибди. Шунингдек, Россиядаги ОТМларда Хитой (32,6 минг нафар), Туркманистон (30,6 минг нафар), Тожикистон (23,1 минг нафар), Ҳиндистон (16,7 минг нафар), Миср (12,4 минг нафар), Беларусь (10,2 минг нафар), Украина (9,1 минг нафар) ва Қирғизистондан (8,6 минг нафар) талабалар таҳсил олишмоқда.

Хорижлик талабаларнинг кўпчилиги Россияда тиббиёт соҳасида ўқишмоқда. Айни пайтда қозоғистонлик ва ўзбекистонлик талабалар орасида иқтисодиёт ва менежмент йўналишларига ҳам талаб катта эканига эътибор қаратилган.

Олмаотада йўқолиб қолган қирғизистонлик Сидиқов оёқлари ва қовурғалари синган ҳолда топилди

Олмаотада ғойиб бўлган Чолпонбек Сидиқовнинг икки оёғи сингани айтилмоқда

Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар чоғида йўқолиб қолган қирғизистонлик Чолпонбек Сидиқов ғойиб бўлганидан 11 кун ўтиб, топилди.

Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов 19 январь куни Озодликнинг қирғиз хизматига Чўлпонбекнинг иккала оёғи ва қовурғалари синганини маълум қилган.

“Биз уни эртага Қирғизистонга жўнатмоқчимиз. Уни 8 январь куни Олмаотадан чиқиб, Бишкекка кетаётганида, махсус амалиёт чоғида қўлга олишган. Сўроққа тутишган. Шундан сўнг ундан дарак бўлмаган”, дея изоҳ берган дипломат.

Чолпонбек Сидиқовнинг яқинлари у Олмаотага иш юзасидан – мебель йиғиш ва ўрнатиш учун борганини айтишган. Қозоғистон куч ишлатар идоралари ходимлари уни тартибсизликларга алоқадорликда гумон қилиб, қўлга олишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда январь ойида юз берган воқеалар чоғида 10 га яқин қирғизистонлик қўлга олинган бўлиб, уларнинг барчаси озодликка чиқарилган. Икки нафар қирғизистонлик эса ҳалок бўлган.

Иккинчи январь куни Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи кескин ошгани ортидан мамлакат ғарбида бошланган норозилик акциялари қисқа фурсатда бутун мамлакатни қамраб олган. Расмийлар Олмаотага гўё чет элда тайёргарликдан ўтган “20 минг террорчи” ҳужум қилганини иддао қилиб, шу муносабат билан Тоқаев КХШТдан ҳарбий ёрдам сўраган.

Охирги расмий маълумотларда тартибсизликлар оқибатида 227 нафар киши қурбон бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда 200 киши касалхоналарда даволаняпти, улардан 14 нафари оғир аҳволда жонлантириш бўлимларида ётибди.

Байден: Украинага бостириб кириш Россия учун “ҳалокат” бўлади

АҚШ президенти Жо Байден

Украинага кенг кўламда бостириб кириш Россия учун “ҳалокат” бўлади, Россия президенти Владимир Путин эса Ғарбнинг “шу кунгача кўрилмаган” санкцияларига дуч келади. АҚШ президенти Жо Байден матбуот анжуманида ана шундай баёнот берди.

Байден Россия тажовузининг муҳтамал оқибатларидан бирини очиқлаган: унинг айтишича, Украинага ҳужум қилган тақдирда Россия банклари молиявий амалиётларда доллардан фойдалана олмайди.

АҚШ президенти Россия ҳарбий қудратда Украинадан устунлиги ва кенг кўламли уруш бошласа, катта эҳтимол билан ютиб чиқиши мумкинлигини тан олган. Бироқ, Байденга кўра, у ҳолда Россия кўнгилсиз оқибатларга – шошилинч ва узоқ муддатли санкцияларга дучор бўлади.

Байденнинг фикрича, Владимир Путин Украинага қарши амалиёт ўтказишга қарор қилиши мумкин. Аммо АҚШ раҳбари Путин кенг кўламли қуролли можарони исташига ишонмаслигини айтган. Шунингдек, Байден Ғарбнинг жавоб чоралари Россиянинг Украинага қарши қаратилган муайян хатти-ҳаракатларига, уларнинг кўлами ва оқибатларига боғлиқ бўлишига ишора қилган.

Россиянинг Украинани НАТОга қабул қилмаслик ҳақидаги талабига тўхталаркан, Байден Украина ҳали-бери альянсга кира олмаслигини айтган – бироқ Россия туфайли эмас, АҚШ президентига кўра, мамлакат ҳозирча бунга тайёр эмас.

Женева ҳамда Брюсселда кечган музокаралар деярли бесамар якунлангач, сўнгги кунларда Ғарб мамлакатларининг Россия тарафидан кутилаётган муҳтамал босқиндан хавотирлари янада кучайган.

21 январь куни АҚШ давлат котиби ва Россия ТИВ раҳбари Женевада учрашишади.

Россия ТИВ Москва Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирлик кўрмаётганини иддао қилиб келмоқда.

Қозоқ депутатлари Назарбоевнинг умрбод Хавфсизлик кенгаши раиси бўлишини бекор қилувчи қонунни маъқуллашди

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати Қанат Нуров

Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) 19 январдаги йиғилишида биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилиш назарда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда депутат Қанат Нуров маълум қилди.

“Энг аввало биринчи президентнинг Қозоғистон халқи ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашига умрбод раислигини бекор қилиш лозим эди ва бугун биз бу ишни қилдик. Каминангиз мажилиснинг ушбу тарихий қарори қабул қилинишида иштирок этди. Кенгаш ва Ассамблея раислиги шахси бўйича эмас, балки лавозими бўйича Қозоғистон президентига тегишлилиги қайд этилган тузатишлар сенатга юборилди”, деб ёзган Нуров ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати мазкур тузатишлар 19 январь куни маъқулланган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида мавжудлигига аниқлик киритган.

5 январь куни Қозоғистонда содир бўлган оммавий норозилик манзарасида президент Тоқаев қонун бўйича Назарбоев умрининг охиригача эгаллаши лозим бўлган Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимига ўтирганини эълон қилган эди. Бундан ташқари, Назарбоевга яқин бир неча юқори мартабали мулозимлар ишдан олинган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда Назарбоев ва унинг вориси ўртасида ҳокимият учун кураш кетаётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган.

Бироқ, Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибайга кўра, “жуда мураккаб вазият юзага келган”и сабабли Назарбоев “тартибсизлик ва террор мамлакат раҳбариятидан ошиғич равишда, қатъият билан ва муросасиз жавоб беришни талаб қилишини яхши англаган ҳолда, Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ўз ихтиёри билан президентга топширишга қарор қилган”.

Укибай, шунингдек, Назарбоев билан Тоқаев ҳамиша “баррикаданинг бир томонида” бўлишганини ҳам урғулаб, улар ўртасида гўё низо борлиги ҳақидаги миш-мишларни сиёсий вазиятни издан чиқаришга ва давлатнинг конституциявий асосларига путур етказишга уриниш деб атаган.

Шунга қарамай, Қозоғистоннинг биринчи президенти қариндошлари ва яқинлари лавозим ва рутбалардан маҳрум этилмоқда.

19 январь куни Қозоғистон ҳукумати собиқ президентнинг кенжа қизи Алия Назарбоевага алоқадор “Оператор РОП” ширкатини утиллаштириш йиғими ундириш ҳуқуқидан маҳрум этгани ва давлат ташкилоти янги оператор ўлароқ белгилангани маълум қилинган.

Украина президенти Россия билан чегарадаги вазиятга оид видеочиқиш қилди

Украина президенти Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 19 январь куни мамлакат фуқароларига қилган видеомурожаатида Россиянинг ҳужум қилиш хавфи олдида ватандошларини саросима тушмасликка чақирди. Зеленский ўз сўзида уруш бошланмаслигига юракдан ишонишини айтди.

Сиёсатчига кўра, Россиянинг ҳарбий истилоси 2014 йилдаёқ бошланган ва кенг кўламли уруш таҳдиди “кеча бошланган эмас”. Унинг айтишича, таҳдид кўлами кенгайгани йўқ, бироқ Москва Украина ерига ҳужум қилиш ўрнига украиналикларнинг “асабига ҳужум қилмоқда”.

“Фуқароларимизнинг барчаси, айниқса ёши катталар буни тушуниши лозим. Нафасни ростлаб, тинчланиш керак. Гречка ва гугурт ғамлаш учун чопиш керак эмас. Нима қилайлик, дейсизми? Фақат битта нарса: хотиржамликни сақлаш, совуққон бўлиш, ўз кучи, армияси, Украинамизга ишончни сақлаш керак”, деган Зеленский.

Зеленскийнинг мурожаати Россия армиясининг Украина ерларига кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақида дипломатик ва разведка манбалари очиқлаган кўплаб маълумотлар манзарасида ёйинланди. Кремль урушга ҳозирлик кўрилаётганини қатъиян рад этмоқда, бироқ зиддият ҳудудига қўшин тортишда давом этиб, бунга ўзининг қонуний ҳаққи борлигини урғулаяпти.

КХШТ кучлари Қозоғистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилди

Қозоғистонни тарк этаётган КХШТ кучлари.

Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти -КХШТ кучлари Қозоғистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилди. Бу ҳақда Россиянинг Қозоғистондаги элчиси Алексей Бородавкин ва миссия раҳбари Андрей Сердюков 19 январь куни билдирди.

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида газ қимматлагани ортидан 2 январда бошланиб, бутун мамлакатга ёйилган норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганидан сўнг президент Қасим-Жомарт Тўқаев илтимоси билан 6 январда мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.

КХШТга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Беларус ва Тожикистон аъзо давлат ҳисобланади.

Тоқаев 11 январь куни КХШТнинг Қозоғистондаги миссияси якунлангании ва тез кунда аскарлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилишини билдириган эди.

КХШТ ҳарбийларини Қозоғистондан олиб чиқиш 13 январда бошланган ва бу жараён 10 кун давом этиши билдирилганди.

ЖССТ раҳбари: COVID-19 пандемияси ҳали бери якунланмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус 18 январь куни Женевада ўтган матбуот анжуманида “коронавирус пандемияси ҳали бери якунига етмайди”, деб баёнот берди. Унга кўра, коронавируснинг “омикрон” штаммидан сўнг CОVID-19нинг янги мутациялари пайдо бўлиши мумкин.

“Тўғри, ўлим ҳолатлари динамикаси у қадар тез ўсаётгани йўқ. Ҳафта давомида бу борадаги кўрсаткич 4 фоизга ошиб, 45 минг бемор коронавирусдан вафот этди. Аммо шунинг ўзи ҳам жуда катта йўқотишдир”- деди Тедрос Гебрейесус.

Маълумотларга қарганада сўнгги бир ҳафта ичида жаҳонда 18 миллиондан кўпроқ кишида коронавирус аниқланди.

ЖССТ раҳбари фикрича, “омикрон” аввалги мутацияларга қараганда оғир асоратларни нисбатан кам келтириб чиқараётган бўлса-да, уни енгил касаллик, дея хотиржамликка берилмаслик керак.

Коронавируснинг бошқа штаммларига нисбатан тез тарқаладиган “омикрон” айни пайтда жаҳон мамлакатларининг асосий қисмида авж олмоқда. Айни пайтда мажуд бўлган вакциналар эса “омикрон”нинг олдини олишга ожилик қилаётгани айтилмоқда.

Афғонистоннинг амалдаги бош вазири Толибон ҳукуматини тан олишга чақирди

Толибон ҳукуматидаги бош вазир Муҳаммад Ҳасан Оҳунд.

Афғонистон бош вазири вазифасини бажараётган Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 19 январь куни халқаро ҳамжамиятни Толибон ҳукуматини тан олишга чақирди. Толибон асосчиларидан бири бўлган Оҳунднинг Кобулда ўтган матбуот анжуманида билдиришича, Толибон халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш бўйича барча талабларини бажарган.

"Мен барча ҳукуматларни, айниқса ислом давлатларини тан олиш жаранини бошлашга чақираман”,- деди Оҳунд.

У ўз сўзида Афғонистоннинг хориж давлатларидаги музлатилган активларини қайтаришни ва жиддий иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган мамлакатга гуманитар ёрдамни кўпайтиришни ҳам талаб қилди.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келган эди. Шу кунгача жаҳондаги бирорта мамлакат Толибон ҳукуматини тан олган эмас.

Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция Яманга зарба берди

Яман пойтахти Санага берилган зарбада камида 20 киши ҳалок бўлгани билдирилди.

Хусий исёнчиларига қарши курашаётган Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция 1 январь куни Яманга ҳаводан зарба берди. Хусийлар назоратидаги нашрлар Яман пойтахти Санага берилган зарбада камида 20 киши, жумладан, шифокорлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди.

Яманга ҳаво зарбаси Бирлашган Араб Амирликларига 17 январь куни учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлар ва ракеталардан ҳужум уюштирилганига жавоб бўлди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳри атрофига қилинган ҳужум учун масъулиятни Эрон томонидан қўллаб қувватланаётган Хусий исёнчилари ўз зиммасига олган эди. Мазкур ҳужумда икки киши ҳалок бўлган.

Хусийлар бунга қадар Саудия Арабистонига бир қатор ҳужумларни амалга оширган эди. Абу-Дабига хусийлар биринчи марта ҳужум қилди. Ҳужумдан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари БМТдан зудликда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишни талаб қилди.

Саудия Арабистони Хусий исёнчилари Яман ҳукуматини эгаллаб олган 2015 йилдан бери бу мамлакатга ҳаводан камида 23 минг марта зарба берди. Уларда камида 18 минг киши ҳалок бўлди.

2015 йилда Эрон томонидан дастакланадиган Хусий шиа исёнчилари Яманнинг жаҳон ҳамжамияти тан олган лидери Абд Раббу Мансур Ҳодийни ҳокимиятдан ағдариб, ҳукуматни босиб олган. Ҳодий Саудия Арабистонига қочган.

АҚШ Россия билан зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал этишдан умидвор

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирадиган бўлса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Москвага қатъий жавоб қайтаришга тайёр. Бу ҳақда Foreign Policy нашрига АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди. У Москва билан ҳар қандай зилддиятни дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкинлигидан умидвор эканини ҳам айтди.

Салливан ўтган йилнинг ёзида АҚШ ва Россия президентлари учрашувидан сўнг Америка инфраструктурасига киберҳужумлар камайганини қайд этди. Ўша учрашувда Жо Байден Владимир Путин билан бу маслани муҳокама қилган ва ҳужумлар тўхтатилмаса, жиддий жавоб қайтарилишидан огоҳлантирган эди.

Салливан Россияда яқинда Қўшма Штатларга киберҳужумлар уюштиришда гумонланаётган хакерлар гуруҳи қўлга олинганини олқишлади.

Аввалроқ Федерал хавфсизлик хизмати Revil хакерлик гуруҳи аъзолари қўлга олинганини билдирган эди. Жаҳондаги йирик хакерлик гуруҳларидан бири бўлган Revil тижорат ширкатларига киберҳужум қилиб, қўлга киритилган маълумотларни йўқ қилмаслик эвазига ҳақ талаб қилиб келган.

Ленинград вилоятидаги қишлоққа ўзбек мигрантларининг жойлаштирилиши маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Ленинград вилояти Кингисепп туманидаги Караваево қишлоғи аҳолиси қишлоққа ўзбекистонлик мигрантлар жойлаштирилгани сабабли 22 январь куни халқ йиғинини чақириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда 47news.ru сайти хабар берган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар “Газпром” ширкатининг Усть-Луга яқинидаги газ-кимё мажмуасида ишлашади.

Караваевликларга кўра, улар қишлоқда мигрантларга нисбатан камчилик бўлиб қолишдан қўрқишмоқда. Қишда бу ерда кўпи билан 20 киши яшайди, ёзда қишлоқ аҳли 70 нафаргача етади. Мигрантлар учун эса ҳар бири 100 кишига мўлжалланган иккита ётоқхона қурилгани айтилмоқда.

Маҳаллий аҳоли муҳожирларнинг рус тилини билмаслигидан, “қишлоқда назоратсиз юришганидан” ва танбеҳларга парвосизликларидан шикоят қилмоқда.

“У ерда пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолган кўп сонли мигрантларнинг пайдо бўлиши маҳаллий аҳолига нисбатан жиноятлар содир этилишига шароит яратиши мумкин. Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолади. Қишлоқда катталар билан бирга болалар ҳам яшайди, кексалар эса ўз ҳовлисидан ташқарига чиқишга қўрқадиган бўлиб қолди. Буларнинг бари жиноятчиликнинг ўсишига ва халқ ғалаёнига сабаб бўлиши мумкин”, дейилган қишлоқ аҳолисининг маҳаллий ҳокимият идорасига ёзган аризасида.

Қишлоқликлар шикоятидан сўнг полиция текширув ўтказиб, баракларда 47 нафар ўзбекистонлик истиқомат қилиши ва уларнинг ҳужжатларида камчилик йўқлигини билдирган.

Қозоғистон: Барча ҳудудларда фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди

Норозилик чиқишлари иштирокчилари Олмаотадаги майдонда, 2022 йил 6 январи

Қозоғистоннинг Нур-Султон ва Олмаота шаҳарлари, шунингдек Олмаота, Атирау, Жамбил, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида 19 январь ярим тундан эътиборан фавқулодда ҳолат тартиби амал қилмайдиган бўлди. Аввалроқ фавқулодда ҳолат мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бекор қилинганди.

“Фавқулодда ҳолат вақтида жорий этилган муваққат чекловлар ва комендантлик соати бекор қилинди”, дея маълум қилган Қозоғистон президентининг матбуот котиби Берик Қурмангали Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали.

Олмаота шаҳри транспорт бошқармаси ФҲ тартиби тугагани муносабати жамоат транспорти ҳаракати одатдаги режимга қайтганини билдирган.

Айни пайтда Олмаота комендатураси шаҳарда террорчилик хавфининг “қизил” даражаси сақланишини айтган.

“Аксилтеррор тадбирлари доирасида шаҳарда полиция департаменти, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларининг кеча-кундуз навбатчилик қилиши таъминланади. Блок-постлар сақланиб туради”, дейилган комендатура хабарномасида.

Террорчилик хавфининг “қизил” даражасида полицияга фуқароларни шахсий тинтув қилиш ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, ҳаракатни вақтинча чеклаш ёки тақиқлашга рухсат этилади. Намойиш ва митинглар ўтказиш ман қилинади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси 15 январдаги хабарномасида террорчилик хавфи “қизил” даражаси Жамбил ва Олмаота вилоятларида ҳам сақланиши ва мазкур ҳудудларда “аксилтеррор амалиёти” давом эттирилишини маълум қилган эди.

Шаҳар комендатурасининг баёноти 19 январь куни мамлакатда тинч фуқаролар ва сиёсий тутқунларни озод этиш, террор ва қийноқларни тўхтатиш талаби билан митинглар ўтказилиши кутилаётган пайтда эълон қилинган.

Россия: Дума педофилларга умрбод қамоқ жазоси тайинлашга оид қонунни қабул қилди

Россия Давлат думаси биноси

Россия Давлат думаси депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосини тайинлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди.

Қонун Жиноят кодексининг жинсий тажовуз ва жинсий тусдаги зўравонликка доир моддаларига ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Мазкур моддаларнинг ҳозирги таҳририда умрбод қамоқ 14 ёшгача болага нисбатан жинсий характердаги зўравонлиги учун муқаддам судланган шахс ушбу жиноятни такроран содир этган ҳоллардагина тайинланиши белгиланган.

Янги қонун умрбод қамоқ жазосини қўллаш доирасини кенгайтиради. Қабул қилинган ўзгартишларга мувофиқ, педофил-рецидивистлардан ташқари, икки ва ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий жиноятлар содир этилган ёки ушбу жиноятлар шахсга қарши бошқа оғир жиноят билан боғлиқ тарзда амалга оширилган ҳолатларда ҳам 15 йилдан 20 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Қонун лойиҳаси Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси павел Крашенинников, ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн ҳамда сенатор Андрей Турчак томонидан тайёрланган.

2021 йил сентябрида Киселёвск шаҳрида ўн ёшли икки қизча ўлдирилиб кетилган эди. Муқаддам вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги жиноят содир этгани учун судланган 41 ёшли Виктор Пестерников уларни аввал зўрлаб, кейин ўлдирганига иқрор бўлган.

Депутатлар ушбу воқеадан сўнг қонун лойиҳасини яратишга киришганлар. Уларнинг ташаббусини Давлат думаси раиси Вячеслав Володин дастаклаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG