Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:58

Янгийўллик ўқитувчилар маошидан сайлов учун 50 минг сўмдан босиб қолинаётганини иддао қилди


Янгийўл шаҳар ҳокимлигида мактаб директорлари ўтказилган йиғилиш.

Тошкент вилоят, Янгийўл шаҳридаги камида иккита мактаб ўқитувчилари маъмурият уларнинг маошидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов учун 50 минг сўмдан босиб қолаётганини иддао қилди.

Иш ҳақидан ушлаб қолинаётганини айтган ўқитувчиларнинг бу иддаосини туман Халқ таълими бўлими бошлиғи “бўлиши мумкин эмас” дея рад этди.​

Тошкент вилоят сайлов комиссияси бошлиғи янгийўллик ўқитувчилар шикояти, агар ўз тасдиғини топса, тегишли органларга хабар беришини билдирди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгилаган

"Оғзаки топшириқ"

Озодликка шикоят қилган янгийўллик ўқитувчилардан бирига кўра, туман ҳокимлиги мактаблар директорларига ноябрь бошида сайлов учун пул ўтказиб бериш тўғрисида "оғзаки топшириқ" берган.

Мактабимизда сайлов учун ойликдан 50 минг сўмдан олиб қолишяпти, сайлов яна ўқитувчилар бўйнига тушди. Ҳокимлик зулмидан качон қутиламиз?” – деди таъқибга учрашидан қўрқиб, шахсини ошкор этмасликни сўраган ўқитувчи.

Унинг бу иддаосини Янгийўл шаҳридаги бошқа бир ўрта мактаб ўқитувчиларидан бири тасдиқлади.

Бу ўқитувчининг қўшимча қилишича, тўловга қарши чиққан ўқитувчиларга мактаб директори "маъмурий жазо" бериш билан таҳдид қилган:

"Ҳокимликдан буюришибди оғзаки. Столларни безатиш, гилам солиш учун. Ўқитувчилар беришга мажбур бўлди. Бўлмаса, маъмурий жазо бериш бўларкан".

Озодлик мазкур иддаоларга аниқлик киритиш учун Янгийўл шаҳридаги мактаб директорларидан бири билан боғланди.

Исмини ошкор этмасликни сўраган мактаб директори тўлов ҳақидаги оғзаки буйруқ Янгийўл шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий ой бошида берилганини маълум қилди.

Бироқ Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлими мудири Муниса Камоловна Султонова, 11 ноябрь куни Озодлик саволига жавобан, ўқитувчилар даъволарини "бўлиши мумкин эмас" дея рад этди.

- Бундай бўлиши мумкин эмас. Ўша шикоятчилар менинг ёнимга келсин,- дея гўшакни қўйди Муниса Султонова.

Озодлик Янгйўл шаҳар ҳокимлиги расмийлари билан боғлана олмади.

"Прокуратурага берамиз"

Тошкент вилоят сайлов комиссияси раиси Жалолиддин Насретдинов сайлов комиссияси томонидан Янгийўл шаҳридаги ўқитувчилар маошидан 50 минг сўмдан пул олиб қолиш топшириғи берилмаганини айтди.

- Сайловда қатнашаётганларга бу ёқдан наоборот мукофот пули бераяпмиз-ку. Улардан пул олиб нима қиламиз? Нотўғри информация бўлиши керак. Уни кимдир ўйлаб топган бўлса... У қанақадир бўлмаган нарса. Унақа ҳолатлар бўлса, прокуратурага берамиз. Унақа мумкин эмас, абсолютно мумкин эмас, - деди Жалолиддин Насретдинов.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Telegram канали орқали 11 ноябрда "ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин"лигини эслатди.

Сайлов харажатлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси 2019 йил 20 сентябрдан бошланганини эълон қилган.

Ўзбекистон Сайлов Кодексига мувофиқ, "сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади".

Марказий Сайлов Коммиссияси маълумотига кўра, давлат маблағларининг ҳар бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори қуйидагича белгиланган:

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод учун – 10 миллион 832 минг сўм;

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 2 миллион сўм;

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 1 миллион сўм.

Жорий йилнинг 22 декабри куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайти хабар қилган эди..

Хабар қилинишича, Молия вазирлиги билан Марказий сайлов комиссияси Республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши ҳақида ўзаро келишиб олган:

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига – 96 миллиард 807 миллион сўм;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига - 45 миллиард 330 миллион сўм;

- Сайловларда иштирок этадиган сиёсий партияларининг умумпартиявий тадбирлари ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқот ва тарғибот ишларини амалга оширишга - 46 миллиард 674 миллион сўм;

- Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ марказлашган тартибда харид қилинадиган зарур моддий-техника жиҳозлар, товар ва хизматлар билан таъминлаш учун – 41 миллиард 737 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG