Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Яқин Шарққа Эрон-Исроил уруши соя солмоқда


Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий (ўртада) Исмоил Ҳания ўлими ортидан Исроилга ҳарбий жавоб чоралари кўрилишини ваъда қилган
Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий (ўртада) Исмоил Ҳания ўлими ортидан Исроилга ҳарбий жавоб чоралари кўрилишини ваъда қилган

Яқин Шарқда зиддият тобора кескинлашиб бормоқда. Эрон ва Исроил ўртасида бутун минтақага ёйилиши мумкин бўлган тўлақонли уруш хавфи ҳар доимгиданда кучайган.

Исроилнинг 31 июль куни ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлимига сабаб бўлган Теҳронга ҳужуми ортидан, Эрон Исроилга қасос зарбаларини беришга ваъда берди.

"Менимча, биз биринчи марта потенциал кенг кўламли минтақавий қарама-қаршилик томон кетяпмиз", деди Исроилда жойлашган Миллий хавфсизликни ўрганиш институти катта илмий ходими Раз Зиммт.

Исроил ҳужумга масъулиятни бўйнига олгани йўқ.

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилга ҳарбий жавоб чоралари кўрилишини ваъда қилган.

Ҳанияга суиқасддан бир неча соат олдин Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" олий қўмондонини ҳам ўлдиргани айтилган.

Исроилнинг 30 июль кунги ҳаво ҳужумида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси аъзоси ҳам ҳалок бўлган.

Эрон ва Исроил дастлаб апрель ойида бир-бирининг ҳудудларига ҳужум уюштирган. Исроилнинг Дамашдаги Эрон консуллигини ўққа тутишига жавобан Эрон 13 апрель куни Исроил ҳудудига дрон ва ракеталар билан мисли кўрилмаган ҳужумни амалга оширган.

Экспертларга кўра, Эроннинг ўша ҳужуми Исроилнинг келажакдаги ҳужумларини олдини олишга қаратилган эди.

Аммо яқинда Ҳаниянинг Эрон тупроғида ўлдирилишига форс давлати қаттиқроқ жавоб бериши кутилмоқда.

"Биз Исроилга қарши иттифоқчиларнинг қўшма ҳужумини кўришимиз эҳтимоли юқори. Бу вазиятни анча мураккаблаштиради, чунки Эрон ва Ҳизбуллоҳ ҳужумининг оқибатлари апрель ойидагидан кўра ёмонроқ вазиятни пайдо қилиши мумкин. Бу бизни минтақавий можаро эҳтимолига яқинлаштиради", дейди Зиммт.

Яқин Шарқ минтақасида Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлашиб бораётган зиддиятни юмшатишга қаратилган дипломатик ҳаракатлар ҳам юз кўрсата бошлади. Жумладан, Эронга камдан-кам борадиган Иордания ташқи ишлар вазири 4 август куни Теҳронга расмий ташриф билан борди ва тинчликка чақирди.

Эрон тарангликни кучайтирмоқчи эмаслигини, балки Исроилга зарба беришга "қонуний ҳуқуқи" борлигини билдирди.

"Ҳудудий яхлитлигимизнинг бузилиши борасида ҳеч қандай муросага бормаймиз", деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Каноний.

Минтақадаги ҳар қандай можаро Исроилни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётлар юборган Қўшма Штатларни ҳам зиддиятга тортиши мумкин.

"Теҳрондан келган сигналлар улар каттароқ жавоб зарбаларини бериш ниятида эканликларини кўрсатади, бу эса янада кескин оқибатларга олиб келади", дея таъкидлади Халқаро Инқироз Гуруҳининг Эрон бўйича директори Али Воиз.

Воиз таъкидича, агар Эроннинг Исроилга потенциал ҳужуми катта зарар ва кўплаб қурбонларга олиб келса, эскалация янада кучайиб кетиши мумкин.

"Бу, шубҳасиз, бизни Эрон, Исроил ҳамда уларнинг иттифоқчилари ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашувга янада яқинлаштиради", дея хулоса қилди таҳлилчи.

Форум

XS
SM
MD
LG