Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2022, Тошкент вақти: 18:11

Халқаро хабарлар

Еврокомиссия Россия гази нархини чеклаш бўйича икки хил йўл таклиф қилмоқда

Иллюстратив сурат

Financial Times нашри Еврокомиссия Россия гази нархини чеклаш бўйича икки хил вариант таклиф қилаётгани ҳақида ёзиб чиқди.

Биринчисига кўра, Европа Иттифоқи Россия гази учун энг юксак нарх чегарасини белгилаб қўяди ва у бутун ЕИ ҳудудида амалда бўлади. Ёки бўлмаса бутун ЕИ учун Россиядан газ сотиб оладиган ягона ширкат тузилади. Бироқ, Брюссель фикрича, бу сценарий “Газпром” билан шартномаларда форс-мажор ҳолатлари юзага келишига сабаб бўлиши ҳамда “геосиёсий таранглик”ни кучайтириб юбориши мумкин.

Иккинчи сценарийга мувофиқ, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг барчаси “қизил” ва “яшил” ҳудудларга ажратилади. “Қизил ҳудуд”да нархлар чекланган бўлиши, “яшил ҳудуд”да эса “қизиқ ҳудуд”га газ келишини осонлаштириш учун нарх “анча юқори” бўлиши мумкин. Бу вариантнинг оқсоқ томони, Брюссель мулоҳазасича, бу ишни ташкил этишнинг қийинлигидадир.

Кун янгиликлари

Адабиёт бўйича Нобель мукофотига франциялик ёзувчи аёл муносиб топилди

Франциялик ёзувчи Анни Эрно

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти 2022 йилда франциялик ёзувчи Анни Эрнога берилди. Нобель қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида айтилишича, ёзувчи аёл мазкур мукофотга “бегоналашиш ва шахсий хотиранинг жамоа томонидан чекланиши маншаини очиб беришдаги жасорати ва тўғри тадқиқ этганлиги” учун лойиқ топилган.

1940 йилда туғилган Анни Эрно Нормандиянинг Ивето деган шаҳарчасида улғайган. Ўз ишларида ёзувчи “жинс, тил ва синф нисбатида катта фарқлар қайд этилмиш турмушни изчиллик билан ва ҳар томонлама тадқиқ этади”, дейилган Нобель қўмитаси постида. У “Мубтало”, “Ҳодиса”, “Аёл” кабилар дохил ўттиздан зиёд адабий асарлар ёзган.

Эрнога кўра, “ёзувчилик бу ижтимоий тенгсизликка кўзимиз очилишига сабаб бўладиган сиёсий актдир”.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини 2021 йили танзаниялик ёзувчи Абдулраззоқ Гурна, 2020 йилдаги мукофотни эса америкалик шоира Луиза Глюк олган эди.

ЕИ Россия иқтисодиётига қарши санкцияларнинг саккизинчи пакетини маъқуллади

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинадаги уруш туфайли Россия иқтисодиётига қарши киритилган санкцияларнинг саккизинчи пакетини маъқуллади.

Галдаги пакетга нефтни ўрнатилган нархдан юқори баҳода транспортировка қилишга тақиқ, пўлат маҳсулотлари ҳамда пластмасса ва химикатларнинг айрим турларини импорт қилишга чеклов кабилар кирган. Шунингдек, россияликларга Европанинг криптоҳамёнларидан фойдаланиш ман қилинади.

Европа ширкатларига эса Россияга IT ва юридик хизматлар кўрсатиш, бу мамлакат учун меъморий ва муҳандислик лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади, дейилган Европа кенгаши сайтида.

Таиландда собиқ полициячининг болалар марказига қилган ҳужуми оқибатида 30 дан зиёд киши қурбон бўлди

Болалар марказига ҳужум қилган собиқ полиция ходими

Таиландлик собиқ полициячи 6 октябрь куни Накланг шаҳридаги болалар марказида одамларни ўққа тутиши натижасида 22 нафар бола дохил камида 34 киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, собиқ полициячи тўппонча ва пичоқ билан қуролланган бўлган. Уни ҳужумга ундаган сабаб ҳозирча маълум эмас.

Ҳужумчи воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган, уни полиция қидирмоқда.

Болалар марказида одамларни ўққа тутган шахс яқинда полициядан бўшатилгани айтиляпти. Айрим хабарларга кўра, ҳужум ортидан у хотини, уч боласи ва ўзини ўлдирган.

WSJ: Россия армияси Украинага ғарб мамлакатлари берганидан кўра кўпроқ ҳарбий техника ташлаб кетди

Украиналик ҳарбийлар томонидан урушда ғанимат олинган Россия БТРлари

Шу йил февралида уруш бошланганидан буён Россия армияси жанггоҳларда Украинага ғарб мамлакатлари берганидан кўра ҳарбий техника ташлаб кетган. Россия ўзи истамаган ҳолда Киев учун асосий қурол-аслаҳа “етказиб берувчи”га айланиб қолгани ҳақида The Wall Street Journal нашри Oryx таҳлилчилари ва ҳарбий мансабдорлар сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Oryx вакиллари Украина уруш давомида Россиянинг 460 та танки, 92 та ўзиюрар гаубицаси, 448 та пиёдалар жанговар машинаси (БМП), 195 та БТР ва 44 та реактив ракета тизимини қўлга киритганини аниқлашган.

Айни пайтда украиналикларга ташлаб кетилган ҳарбий техниканинг ҳақиқий сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлиги, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам таҳлилчилар ҳисоб-китобига асос бўлган видео ва фотоматериалларда акс этмагани айтилмоқда.

Қозоғистондаги ҳукмрон партия президентликка Тоқаев номзодини кўрсатди

Қурилтой иштирокчилари Тоқаев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Қозоғистонда ҳукмрон "Аманат" партияси раиси Ерлан Кошанов амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевни бўлажак сайловда президентликка номзод сифатида кўрсатишни таклиф қилди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг ёзишича, Кошанов партия қурултойида: “Биз эски даврга қайтмаслигимиз керак. Кен кўламли ўзгаришлар ўзининг қонуний давомийлигига эга бўлиши лозим. Давлат олдида турган буюк мақсад ва идеалларга эришиш учун муносиб лидер зарур. Шунинг учун Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевни президентликка номзод сифатида таклиф қиламан”, деб айтди.

Қурултой иштирокчилари Тоқаев номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

"Аманат" партияси қурултойи Остонада ўтказилмоқда. Унда 1,2 минг киши иштирок этяпти.

Тоқаев 1 сентябрда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилишини билдирган эди. Сайлов 20 ноябрда ўтказилади. Тоқаев имзолаган конституцияга ўзгартишларда жорий йилдан бошлаб президент фақат бир марта 7 йиллик муддатга сайланиши қайд этилган.

Айни пайтда президентликка бошқа партиялар ҳам ўз номзодларини олға сурмоқда. “Ауил” партиясидан Жигули Дайрабаев, ОСДПдан Нурлан Ауесбаев, "Аманат" касаба уюшмаларидан Мейрам Кажикен номзодлари кўрсатилган.

Қозоғистон президентлигига келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган Польша фуқароси Балли Мажец (Балжан Науризбаева) ҳам номзодини кўрсатган. У Марказий сайлов комиссиясига бир неча марта ҳужжатларини жўнатган. Бироқ комиссия уни рўйхатга олишдан бош тортган.

Путин Рамзан Қодировнинг туғилган кунига генерал-полковник унвонини совға қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг туғилган кунида Россия президенти унга генерал-полковник унвонини берганини билдирди. 5 октябрда Рамзан Қодиров 46 ёшга тўлди. Қодиров ярим йил аввал, яъни 28 мартда генерал-лейтенант унвонини олганди.

Қодиров навбатдаги ҳарбий унвонга эга бўлгани тўғрисида телеграм каналида ёзди. Унга кўра, Путиннинг шахсан ўзи телефон қилиб, уни янги унвон билан табриклаган ва бу борадаги президент фармони 709- сон остида эканини айтган.

Кремль расмий сайтида Қодировнинг ҳарбий унвони оширилгани тўғрисидаги фармон эълон қилинмаган. Қодировга генерал-лейтенант унвони берилганида ҳам фармон эълон қилинмаганди.

Рамзан Қодировга 2004 йилда Россия қаҳрамони унвони берилган эди. У биринчи генераллик унвони - генерал-майорга 2009 йилда эришган эди.

Совет Иттифоқи тарқаганидан сўнг Қодиров генерал унвонига сазовор бўлган учинчи чечендир. Бундан аввал Чеченистон мустақиллиги учун кураш лидери Жоҳар Дудаев (1989 йилда) ва Чеченистоннинг 1995-1996 йиллардаги ҳарбий комиссари Ибрагим Сулейманов генерал-майор унвонига эга бўлган.

Камчаткада Россияда алеут тилида гаплашган сўнгги одам вафот этди

Суратда алеут тилида сўзлашган сўнгги одамлар Вера Тимошенко ва Геннадий Яковлев.

Камчаткада алеут тилида сўзлашувчи сўнгги киши бўлган Геннадий Яковлев вафот этгани тўғрисида "Кам-24" Алеут округи думасининг раиси Галина Королевага таянган холда хабар берди.

Яковлев 86 ёшда бўлиб, Командор ороллари архипелагидаги Беринг оролида жойлашган Никольское қишлоғида яшаган. Сўнгги йилларда Россияда алеут тилида сўзлашадиган икки киши қолган эди. Улардан бири алеут тилининг беринг диалектида сўзлашган Вера Тимошенко 2021 йилда 93 ёшида вафот этган.

Геннадий Яковлев эса алеут тилининг медновск диалектида гапирган. У болалигида Медновск оролида яшаб, 7-синфни тамомлаган ва радистлик касбини танлаган. У "Командорские шутники" ансамблида баян, гитара, балалайка, контрабас чалар эди. У "Унанган" ансамблига ҳам раҳбарлик қилган.

Командор ороллари архипелаги Россияда алеутлар зич яшайдиган ягона ҳудуддир. Бу ерда ўз тилини унутган 500 алеут яшайди. Алеутлар АҚШ шимолида ҳам яшайдилар.

CPJ тожикистонлик журналист Абдуллоҳ Ғурбатийнинг қамалишини кескин қоралаб чиқди

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Тожикистон расмийларини журналист Абдуллоҳ Ғурбатийни зудлик билан озод қилиш ва унга чиқарилган ҳукмни ноқонуний деб топишга чақирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Душанбе суди Ғурбатийни 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилишга оид ҳукм чиқарган. Мамлакат Жиноят кодексининг учта моддасида айбланган Абдуллоҳ Ғурбатий билан бирга унинг ҳамкасби Далер Имомали ҳам ҳибсга олинган, бироқ унинг суди ҳали бўлиб ўтгани йўқ.

Ғурбатийнинг ўзи судда айбловни тан олган эмас. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Тожикистон расмийларига Ғурбатийнинг ижтимоий журналистика соҳасида машҳур бўлиб кетгани ёқмаган, шу важдан унга мазкур ҳукм чиқарилган.

26 ёшли мустақил журналист ва блогер Абдуллоҳ Ғурбатий сўнгги ойларда Далер Имомали билан биргаликда ижтимоий мавзуларда танқидий видеолавҳалар тайёрлаш билан шуғулланган, фуқароларнинг расмийлардан шикояти ҳамда ижтимоий муаммоларни ёритиб келган.

CPJ қайдича, Ғурбатий ва Имомалининг маҳаллий турғунлар муаммоларига оид репортажлари ёйинланиб келган Youtube-канали Тожикистон учун ғайриодатий бўлиб, ойдан-ойга машҳур бўлиб борган ва ҳозирда 150 минг чоғли обуначига эга.

Аввалроқ Ғурбатий “Азия-Плюс” ахборот агентлиги, “Пайк” ҳафталиги мухбири бўлган, Тожикистон Журналистик тадқиқотлар марказида ишлаган. 2020 йил май ойида у тасвирга олиш чоғида икки марта ҳужумга учраган.

Тожикистонда сўнгги беш ой ичида 7 нафар блогер ва журналист қўлга олинган, улардан икки нафари қамалган. Бошқа бир қанча журналист ўзи ва оиласига босим бўлаётгани, мобил телефон ва ноутбуклари ноқонуний равишда мусодара қилингани ҳамда “огоҳлантирув” олганларидан шикоят қилган.

АҚШ Украинага яна 625 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади, янги пакет ичида тўртта HIMARS тизими ҳам бор

Украина президенти Владимир Зеленский ва АҚШ президенти Жо Байден

Вашингтон Киевга 625 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот чоғида билдирган, дея маълумот тарқатди Оқ уй сайти.

Қайд этилишича, Украинага қўшимча қурол-аслаҳа ва жиҳозлар етказиб берилади, улар орасида яна тўртта HIMARS тизими, ўқ-дори, зирҳли техника ва транспорт воситалари бор. Reuters агентлиги хабарига кўра, Киев АҚШдан мина портлашига дош бера оладиган 200 та тактик машина (MRAP) олади.

Кечаги суҳбат чоғида Байден Зеленскийга Вашингтон Россия томонидан Украина ҳудудларини аннексия қилиб олишини ҳеч қачон тан олмаслигини урғулаган.

Владимир Путин Эмомали Раҳмонни орден билан мукофотлади

Россия президенти Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонни III -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади.

Путин фармонида қайд этилишича, тожик президентига бу орден “Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ҳамда минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” берилди.

Июль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Путиндан Россиянинг Александр Невский орденини олишдан воз кечган эди. Буни қозоқ президенти ўз ваколати якунлангунига қадар маҳаллий ва хорижий мукофотларни олишдан бош тортгани билан изоҳлаган.

23 июль куни Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ҳам Александр Невский ордени билан тақдирлаган. Мирзиёев бу орденни қабул қилган.

Фармонда Шавкат Мирзиёев "Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун" тақдирлангани айтилган.

Эмомали Раҳмон 2020 йилнинг октябрида бешинчи бор президентликка сайланган эди. У Тожикистонни 28 йилдан бери бошқармоқда.

Физика бўйича Нобель мукофоти лауретлари аниқланди

Франциялик физик Ален Аспе.

Нобель қўмитаси 4 октябрь куни физика бўйича мукофот франциялик Ален Аспе, америкалик Жон Клаузер ва австриялик Антон Цайлингерга берилишини эълон қилди. Улар чалкаш фотонлар билан тажриба ўтказгани, Белл нотенгламаларидаги бузилишларни тадқиқ қилгани ва квант информатикаси соҳасидаги фаолияти учун мукофотланди.

Олимлар чалкаш квант ҳолатидан фойдаланган ҳолда икки зарра алоҳида-алоҳида бўлган ҳолида ҳам ҳудди битта заррадай ҳаракатланишига оид новаторча тажрибаларни ўтказишган. Квант механикасига асосан, зарралар бир вақтнинг ўзида турли жойда ва ҳолатда мавжуд бўлиши мумкин.

Нобель ҳафталиги анъанага биноан Стокҳолмда октябрь ойида бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот одатда иккинчи бўлиб берилади. Биринчи бўлиб тиббиёт ва физиология соҳаси лауреати номи эълон қилинади. Жорий йилда бу соҳа бўйича мукофот швециялик 67 ёшли генетик Сванте Паабога берилди. У қадимий одамлар ДНКси ва инсон эволюциясини тадқиқ қилган.

5 октябрда химия бўйича, 6 октябрда адабиёт бўйича лауреатлар номи эълон қилинади. 7 октябрда эса Ослода Нобель тинчлик мукофоти совриндори аниқланади.

Альфред Нобель хотираси учун 1969 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича мукофот 10 октябрда топширилади.

Ҳар бир соҳа бўйича бериладиган мукофот пули 900 минг долларни ташкил қилади.

Илон Маск яна Twitter тармоғини сотиб олмоқчи эканини билдирди

Илон Маск илк маротаба апрелда Twitter ширкатини 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини билдирган эди.

Америкалик миллиардер Илон Маск Twitter корпорацияси раҳбариятига тармоқни ўзига сотишни таклиф қилди. Маск тармоқни апрелда келишилганидай 44 миллиард долларга (бир акцияга 54,2 доллардан) сотиб олишга тайёрлигини айтди.

Bloomberg агентлигининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, миллиардер бу таклифни тармоқ раҳбариятига мактуб орқали жўнатган.

Twitter сотилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар ортидан тармоқ акциялари нархи 18 фоизга қимматлади. Шундан сўнг Нью-Йорк биржасида Twitter акцияларини сотиш тўхтатилди.

Reuters агентлиги Маск бу таклифни Twitter талаби билан ўзига қарши иш судда кўриб чиқилиши арафасида киритганига эътибор қаратди. Суднинг биринчи йиғилиши 17 октябрда ўтказилади.

Илон Маск апрелда Twitter ширкатини 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини билдирган эди. Кейинроқ у фейк аккаунтлар сонини ҳисоблашда ноаниқликлар мавжудлиги ортидан ширкатни сотиб олишни ортга сурганди.

Июль ойида Маск тармоқни сотиб олишдан бош тортди. Тадбиркор буни ширкат унга етарли даражадаги маълумотларни тақдим эта олмагани билан изоҳлади.

Twitter раҳбарияти Илон Маскнинг бу баёнотини “тўқима” деб атади ва Маскни ширкатни сотиб олиш жараёнини ниҳоясига етказишга мажбурлаш илтимоси билан судга мурожаат қилди. Маск ўз навбатида ширкатга қарши судга даъво аризаси киритган.

Эрон Украинанинг тўрт вилояти аннексияси бўйича Россия томонидан ўтказилган сохта референдумларни тан олгани йўқ

Эрон ТИВ вакили Носир Каноний

Москванинг халқаро майдондаги иттифоқчиларидан бири деб қараладиган Эрон расмийлари Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида Россия томонидан уюштирилиб-ўтказилган хўжакўрсин референдумлар натижаларини тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний баёнотида айтилган.

IRNA давлат ахборот агентлиги қайдича, Каноний душанба кунги чиқишида Эрон халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда БМТ низомидаги тамойил ва мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини урғулаган.

Мулозим Эрон “тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни бузиши мумкин бўлган ҳар қанақа провокацион хатти-ҳаракатларга қарши” эканини қўшимча қилган.

Жорий йилнинг 23 сентябридан 27 сентябригача ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган ЛХР ва ДХР айирмачи бўлгалари ҳамда Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятларидаги босиб олинган ҳудудларда Россия таркибига қўшилиш бўйича сохта референдумлар ўтказилган.

Сешанба, 4 октябрь куни овоз бериш натижалари Россия Федерация кенгашида тасдиқланди. Ундан аввал мазкур “натижалар”ни Давлат думаси ва Конституциявий суд ҳам қонуний, деб топган.

Сохта референдумлар натижалари шу кунгача Шимолий Кореядан бошқа дунёдаги бирор давлат томонидан тан олингани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Forbes: Мобилизация бошидан бери Россияни 700 минг чоғли киши тарк этди

Президент Путин томонидан ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан буён ўтган қарийб икки ҳафта мобайнида Россияни 700 мингга яқин одам тарк этган. Бу ҳақда Forbes журнали Россия президенти админстрациясидаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, аввалига Кремль маълумотларидан хабардор манба мобилизация бошидан бери мамлакатдан 1 миллион киши чиқиб кетганини маълум қилган. Бироқ президент маъмуриятидаги манба Forbes’га гап 600 000 — 700 000 нафар россиялик ҳақида бораётганини айтган. Айни пайтда манба булардан қанчаси Россиядан туризм мақсади билан чиқиб кетганини аниқлаш мушкуллигини урғулаган.

Аввалроқ Қозоғистон ички ишлар вазири 21 сентябрдан буён мамлакатга 200 мингдан зиёд россиялик кириб келгани, улардан 147 минги Қозоғистондан чиқиб кетишга ҳам улгурганини очиқлаган эди.

Россия тожикистонлик мигрантларни Мариуполни тиклаш ишларига юбормоқда

Мариуполда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари

Россиядаги қурилиш ширкатлари тожикистонлик меҳнат муҳожирларини вайрон бўлган Мариуполь шаҳрини тиклаш ишларига йўллаяпти.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Мариуполга боришга рози бўлганларга 130 минг рублдан 250 минг рублгача маош тўлашни ваъда қилишган.

Катта ойликдан ташқари, мигрантларга ижтимоий пакет, яъни вақтинча тураржой ва уч маҳал овқат ваъдаси берилган.

Мигрантларнинг айримлари бу шартга кўнишган, баъзилари эса дайди ўққа нишон бўлишдан чўчиб, қурилиш ширкатлари таклифидан бош тортишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG