Линклар

Шошилинч хабар
22 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:01

"Путин пропагандаси учун яшил чироқ". "Йигит сўзи" сериали муаллифи Тошкентга келмоқда


"Йигит сўзи. Асфальтдаги қон" фильмидан қадр.
"Йигит сўзи. Асфальтдаги қон" фильмидан қадр.

Россияда суратга олинган “Слово пацана‌. Кровь на асфа‌льте”, (“Йигит сўзи. Асфальтдаги қон”) фильмидаги учирма иборалар сўнгги ойларда ижтимоий тармоқда оммалашди. Фильм қаҳрамонига тақлид қилишлар кўпайди.

Саксонинчи йиллар “кўча” ҳаёти ва мафия олами ҳақида ҳикоя қилувчи ҳамда Россия раҳбари Путин сайлови учун ҳозирлангани айтилаётган “Йигит сўзи” фильми кўплаб мамлакатларда тақиқланган.

Сериал воқеалари 1980-йилларнинг охирида Қозонда содир бўлади.

Бош қаҳрамон, мусиқа мактабида таҳсил олаётган ва оддий ҳаёт кечираётган 14 ёшли ўсмир Андрей шафқатсиз кўча қонунларига дуч келади.

У қийин танлов олдида қолади, ёшлар тўдалари бўйинтуруғи остида бўлиш, яъни "чушпан" ёки ўзи жиноий гуруҳга қўшилиб, "пацан", яъни йигит мақомига эга бўлиш.

Бадиий сериал журналист Роберт Гараевнинг “Йигит сўзи” китоби асосида яратилган.

Сериалнинг биринчи қисми намойиш этилганидан сўнг, ёшлар қаҳрамонларга ўйноқи тарзда тақлид қила бошладилар, кўча жангларини саҳналаштирдилар.

Олдинроқ "Важние Истории” ва Meduza нашрлари Россия президенти аппаратининг сиздирилган ҳужжатларига таяниб "Йигит сўзи" сериали Путиннинг президентликка қайта сайланиш кампанияси доирасида ишлаб чиқилган лойиҳалардан бири экани ҳақида ёзган эди.

Фильмнинг сценарий муаллифи, россиялик кинодраматург, Андрей Золотарев 19 март куни Россия Давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиали биносида азиз меҳмон бўлиши ва маҳорат дарсларини ўтиши кутиляпти.

"Йигит сўзи" фильми баъзи давлатларда романтиклаштирилган криминал дея танқид қилинган ва тақиқланган.
"Йигит сўзи" фильми баъзи давлатларда романтиклаштирилган криминал дея танқид қилинган ва тақиқланган.

Путиннинг сайловолди ташвиқоти учун тайёрланган фильм

“Слово пацана” фильми Россиядаги Интернетни ривожлантириш институти, НТВ телеканали ва Россия президенти Владимир Путинга яқин шахс Юрий Ковалчукка алоқадор “Миллий медиа” гуруҳи таркибига кирувчи “НМГ” студияси кўмагида суратга олинган. 2014 йилдан бери Путиннинг норасмий рафиқаси деб аталган Алина Кабаева НМГ директорлар кенгашини бошқариб келади.

“Медуза” нашри “Слово пацана” фильми Путиннинг март ойида бўлажак сайловолди ташвиқоти учун тайёрланганини фош қилганди.

Суриштирув муаллифлари таъкидлашича, ўтган йил баҳорида Кремлда амалдорларга “Сайловларга аталган ижодий контент” намойиш этилган. Унда Путин ташвиқотига ёрдам берадиган ва “ одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида” баён қиладиган ўнлаб лойиҳалар бўлган.

Булар “Слово пацана” (“Йигит сўзи”), “Холоп” (“Қарол”), “Лёд” (“Муз”) каби машҳур фильмлардир.

Санъатшунослар фикрича, маданият СССРда тарғибот қуроли бўлгани каби бугунги кунда Россияда у шундайлигича қолмоқда.

Авторитар, тоталитар мамлакатда маданият фақат ҳокимиятга хизмат қилади ва халқаро миқёсда ташвиқот воситаси сифатида фойдаланилади.

Фильм намойиши ортидан кино қаҳрамонларига ўйноқи тарзда тақлид қилишлар ҳам кўпайди.

Ўсмирларнинг фильм қаҳрамонларига тақлид қилишга уринишлари фонида баъзи мамлакатларда уни тақиқлаш чақириқлари кучайиб бормоқда.

Қўшни Қоғоғистонда фильмни тақиқлаш масаласи муҳокама қилинмоқда, мамлакат расмийлари “кўча қонунлари” романтиклашувидан хавотирда.

Аммо Ўзбекистонда ушбу зиддиятли фильм нафақат намойиш этилди, балки ўзбек тилига ҳам ўгирилди.

Андрей Золотарёв, россиялик кинодраматург.
Андрей Золотарёв, россиялик кинодраматург.

Россия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида маҳорат дарсларини ўтиши кутилаётган россиялик драматург Золотарев ва унинг 1980-йиллардаги ёшлар жиноий тўдалари ҳақидаги фильм контенти ёшлар онги ва руҳиятига, маънавий дунёсига жиддий рахна солиши ҳақида хавотирлар билдирилган.

"Йигит сўзи. Асфальтдаги қон" сериали.
"Йигит сўзи. Асфальтдаги қон" сериали.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назир фикрича, зўравонлик ва кўча қонунларига устуворлик берувчи фильм муаллифининг Ўзбекистонга келиб маҳорат дарслари ўтиши Россия пропагандасининг бир қисмидир.

“Бу Россия пропагандаси учун ёқилган яшил чироқ. Ўзбекистон Қозоғистон ва ҳатто Қирғизистонга қараганда бўшликлар қиляпти, Россияни бошига чиқазиб олган. Путинпараст пропагандачилар, қўштирноқ ичидаги юлдузлари Тошкентга бемалол келиб кетяпти. Мана бу киночининг келиши ҳам шунинг узвий давоми. Россия пропагандаси билан бизга зўравонлик, империячилик ғоялари кириб келяпти. Қозоғистон қаршилик қиляпти, лекин Ўзбекистон бунга қаршилик қилмаяпти. Ўзбекистон бир томондан кўчани йиғиштирди, бошқа томондан шу кўчани кучайтирадиган Россиянинг зўравонлик мафкураси кириб келяпти”, - дейди Анвар Назир.

Россия санъаткорлари учун қисқараётган майдон

Фильмга муносабат билдирган журналист, ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа "Гулаг понятиялари ўзбек жамиятига кириб келмаслиги керак", деган фикрда.

“Бу фильм тарғиботини тўхтатишимиз керак. Фильмни кўринглар, кўрманглар деяётганим йўқ. Лекин, фильмни кўргандан кейин на миянглар ва на қалбингиз бир нарсага тўлади. Чалғитувчи жойлар кўп. “Пацан не просит прошчение”, яъни йигит кечирим сўрамайди, дейди лекин бизнинг динимизда кечирим сўраш мардлик ҳисобланади. Унча-мунча одам мард бўлмайди, унча-мунча одам мард бўлиб, айбини тан олмайди. Хато қилганда мард бўлиб узр сўраган одамни ҳурмат қилиш керак... Кўчани понятиялари, Гулагни понятиялари, рус турмаларининг понятиялари бизнинг ҳаётимизга кириши керак эмас”, - дейди Қудратхўжа тармоқларда тарқалган видео чиқишида.

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков 11 март куни АОКАда ўтган брифингда россиялик санъатчилар нега Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолганига изоҳ берди:

"Бугунги кунда Россия санъаткорлари учун қайсидир маънода дунёда майдонлар қисқариб кетди. Табиийки, улар ҳозир ўзлари учун бўш майдон, яъни қаергадир бориш имкони бўлган ёки аҳоли қабул қиладиган майдонларни қидиришга маҳкум”, - деди Назарбеков.

Ўзбекистон Маданият вазири россиялик санъатчиларнинг гостролларини ҳукумат эмас, балки тадбиркорлар уюштираётганини урғулади.

"Биз ҳам худди сиздек қайси хонанда қачон ва қаерда концерт беришини рекламалар орқали кўриб биламиз. Сабаби, концертни биз эмас, тадбиркор ташкил этади", деди Назарбеков.

Россиялик “путинпараст” ва Украинадаги урушни очиқчасига ёқлаб чиққан қўшиқчи ҳамда киночилар Ўзбекистонда давлат ташкиллаштирган тадбирларда ҳам кўрингани маълум.

Кремл пропагандачиси ва Қрим аннексиясининг ашаддий тарафдори бўлган россиялик режиссёр Никита Михалков икки йил аввал Тошкент фестивалининг, ўтган йили эса Театр фестивалининг хос меҳмони бўлганди.

Форум

XS
SM
MD
LG