Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:53

Йилига 4 мингга яқин россиялик РФ паспортидан воз кечмоқда. Нега?


Ҳар йили қарийб 4 минг киши Россия паспортидан воз кечмоқда. Сабаблар турлича: кимдир иккинчи фуқароликни тан оладиган мамлакат паспортига эга бўлишни хоҳлайди, яна кимдир принципиал равишда Россия фуқаролигини истамайди.

Open Democracy нашри редактори, социолог ва публицист Полина Аронсон яқинда немис паспортини олди. Бунинг учун, мамлакат қонунларига кўра, Россия фуқаролигидан воз кечишига тўғри келди. Бу – фақат расмий сабаб.

– Норасмий сабаблар эса бир нечта. Аввало, ўзим яшайдиган мамлакатда сайловда иштирок эта олмаётганим алам қилди. Иккинчидан, мустақил ва мухолифатчи журналист бўлганим учун Россия ҳуқуқ субъекти бўлишни истамадим, – дейди Аронсон.

Мажбурият ва хоҳиш

Россия ТИВ маълумотига кўра, 2020 йилда 3,8 мингдан ортиқ киши Россия фуқаролигидан чиққан. Уларнинг аксари – миллий қонунчилиги қўш паспорт соҳиби бўлишни ман этадиган давлатлар, асосан Австрия, Болтиқбўйи мамлакатлари, ГФР ва Украинада доимий яшаётган россияликлар.

Баъзан Россия фуқаролари улар доимий истиқомат қиладиган мамлакат қўш фуқароликни тан олса ҳам Россия паспортидан воз кечишмоқда.

Ирина 27 йилдан бери Финляндияда яшайди. Финляндия қонунчилигида икки мамлакат фуқароси бўлишга рухсат берилган. Аммо тўрт йил бурун тўнғич ўғли ўз ихтиёри билан Россия фуқаролигидан чиқди. Айтишича, ўғлининг бу қарорига Россия расмийларининг инсонга муносабати сабаб бўлган.

– Ҳар йили паромда Петербургга бориб келардик. Бунақа сафарлар учун виза олиш талаб қилинмайди, эрим фин бўлгани учун шуниси қулай эди. Бир гал қайтишда эрим паспорт назоратидан осонгина ўтиб кетдию мен икки болам билан қолдим. “Паспортингизда муаммо чиқди”, деб, жимгина кутишим кераклигини айтишди. Болаларим ёш эди, ваҳимага тушишди. Уларни тинчитишга уринарканман, ўзим ҳам хаёлнинг минг бир кўчасига кириб-чиқдим. Тамом, оиламизни бўлиб юборишди, деб ўйладим. Шу алфозда нақд икки соат ўтирдик ва паром жўнашига 15 дақиқа қолганида паспортимни қўлимга тутқазишди. “Кетаверинг”. Бошқа изоҳ-пизоҳ йўқ. Келаси йили яна шунга ўхшаш вазиятга тушганимизда катта ўғлим қатъий қарорга келди: “18 га тўлишим билан Россия паспортидан воз кечаман”. Ўшанда у 6-синфда ўқирди. Тўрт йил муқаддам Россия фуқаролигидан чиқди, – ҳикоя қилади Ирина.

Жиноий жавобгарлик хавфи остида

Сиёсий публицист, фаол, “Регион.Эксперт” нашри муҳаррири Вадим Штепа Эстонияда қўним топганига салкам олти йил бўлди. Ушбу давлат қонунларига кўра, яна уч йилдан сўнг у фуқаролик беришларини сўраб ариза ёзиши мумкин. Лекин Штепа бундай қила олмайди. Чунки Эстонияда икки паспортли бўлиш мумкин эмас, у эса зарур ҳужжатларни йиғиш учун Россияга бора олмайди.

2015 йилда Россия ИИВ фин ҳарбий музейидаги бир неча экспонат расмларини тармоқда эълон қилгани учун Штепага қарши маъмурий иш очади (экспонатларда нацизм рамзлари бор эди). Суд дастлаб жарима қўллайди, сўнгра бир суткага қамоққа олдиради. Шундан сўнг Штепа аввал Германияга, у ердан эса Эстонияга жўнайди.

Штепа ҳокимиятни ҳаддан зиёд марказлаштиргани ва минтақаларга ички мустамлака каби муносабатда бўлаётгани учун Кремлни кўп танқид қилган.

– Россия фуқаролигидан чиқмоқчиман. Эркинлик талаб қилувчи фуқароларини кўролмайдиган давлат паспортини сақлашда маъни йўқ. Россия табаалигидан чиқиш учун у ерга жисмонан бориб, айрим қоғозларни олишим лозим. Менинг эса боргим келмайди – у ерда менга нисбатан жиноят иши очилган бўлиши мумкин, – дейди Вадим Штепа.

ОдатдаРоссия фуқаролигидан чиқиш қийин эмас. Аммо Фуқаролик тўғрисида қонуннинг 20-моддасига кўра, Россия олдида ўталмаган мажбурияти (тўланмаган солиқлари ёки алиментлари) мавжуд ёки жиноятда айбланаётган, шунингдек “бошқа фуқаролиги ва уни олишга кафолати бўлмаган” кишилар фуқароликдан ўчирилмайди. Мажбуриятлар солиқ идораси ёки КФМга бориш билан ҳал бўлса, жиноий иш очилган ёки очилмаганини текшириш қийинроқ. Бошқа мамлакат фуқаролиги йўқлиги ҳақидаги банд эса Штепа кабиларга фуқароликдан чиқишни рад этишга йўл беради. Ана шунақа ёпиқ доира ичида қолган Вадим Штепа.

Россияда яшаб туриб Россия фуқаролигидан қандай чиқиш мумкин?

Россия паспортидан воз кечаётганларнинг ҳаммаси ҳам чет элда доимий истиқомат қиладиганлар эмас. Россияда яшаб туриб, мамлакат фуқаролигидан чиқаётганлар ҳам бор. Бу тоифадаги кишилар йилига 10-20 нафарни ташкил қилади. Хусусан, 2018 йилда – 18, 2019 йилда эса атиги 10 киши шу тариқа Россия Федерацияси фуқаролигидан чиққан.

Наталья Россия фуқаролигидан чиқишни 2016 йилда расмийлаштирган. У сўнгги 27 йилдан бери Россияда яшаб келади: 13 яшарлигида ота-онасибилан бирга Латвиядан кўчиб келишган. Ўша пайтда Натальянинг қўш фуқаролиги бор эди, узоқ йиллар бу муаммо туғдирмаган. Бироқ бир неча йил муқаддам иккисидан бирини танлашга тўғри келди, чунки Латвия қонунчилиги икки давлат фуқароси бўлишни тақиқлайди.

Ҳужжатларни расмийлаштириш ва Россия фуқаролигидан чиқишга жами 14 ой вақт кетди. Хорижда истиқомат қилувчилардан фарқли ўлароқ, РФ паспортидан воз кечишни ихтиёр қилган кишининг аризасини Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссия кўриб чиқади. Комиссия мажлиси тўрт йилда бир марта бўлади, фуқароликдан чиқариш тўғрисидаги қарор эса шахсан мамлакат президенти томонидан имзоланади.

– Ҳозир менда яшаш учун рухсатнома, РФ тиббий суғурта полиси ва пенсия гувоҳномаси бор. Мен фақат сайловда овоз бера олмайман холос, бошқа масалаларда Россия фуқаролари билан бир хил ҳуқуқларга эгаман, – дейди Наталья.

Аёлнинг тан олишича, фуқаролик учун икки мамлакатдан бирини танлаш унга сира қийинчилик туғдирмаган. Латвия паспортидан воз кечиш анча катта йўқотиш бўларди.

– Латвияни жуда яхши кўраман, унинг табаалигидан маҳрум бўлиш мен учун катта фожиа бўлиши мумкин эди. Қолаверса, мен оилам яшаш учун жой танлови масаласида кенгроқ имкониятларга эга бўлишини хоҳлайман. Фарзандимиз иккала мамлакат фуқароси ва Латвия қонунчилигига биноан, у 24 ёшга тўлганида яшаш учун иккисидан бирини танлаши мумкин бўлади. Қолаверса, агар сиз РФ фуқаролигидан ўз ташаббусингиз билан чиққан бўлсангиз, яна ўз ташаббусингизга кўра фуқароликни тиклаш ҳуқуқига эга бўлиб қоласиз, – тушунтиради Наталья.

XS
SM
MD
LG