Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:38

“Йиртқичлар” ОАВга қарши. “Чегара билмас мухбирлар” сўз эркинлигининг энг катта душманларини санади


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти “Матбуот эркинлигини еб битираётган йиртқичлар” номли интерфаол галереяни эълон қилди. Муаллифларнинг ўзлари уни “журналистларни шафқатсиз жазолаётган ва уларни ёмон кўрадиган 37 давлат ва ҳукумат раҳбарининг нурсиз портретлари”, деб аташмоқда.

Бу “йиртқичлар”дан 20 нафари 20 йилдан зиёд вақтдан бери ҳокимият тепасида, 17 нафари эса “қора рўйхат”га илк бор тиркалди. Бироқ улар барчаси ё тўғридан-тўғри буйруқ бериб ўзларига ёқмайдиган ОАВлар ва уларнинг ходимларини таъқиб қилдиради ёки бошқаларни уларга қарши қотиллик ва зўравонлик қилишга гижгижлаш орқали ниятига етади, дейилади ҳужжатда.

19 “йиртқич” “Чегара билмас мухбирлар”нинг Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси харитасида қизил рангда тасвирланган мамлакатларни бошқаради. Бу ранг у ердаги вазият журналистларнинг фаолият олиб бориши учун “ёмон”лигини англатади. 16 нафар энг “буюк йиртқич” эса қора рангли, яъни “жуда ёмон вазият” ҳукм сураётган мамлакатлар раҳбарларидир. “Йиртқичлар”нинг ўртача ёши – 66 ёш. Бу мустабидларнинг ҳар учтадан бири (13 нафари) Осиё-Тинч океани минтақасидан.

Владимир Путин

Россияда сўз ва матбуот эркинлигининг чекланиши Совет Иттифоқи парчаланганидан бери энг юқори нуқтага етди, дейилади ҳисоботда. 2012 йилдан бери мамлакатда интернет цензураси кучаймоқда.

Тадқиқот муаллифлари Кремлнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилувчи маҳаллий мустақил ОАВларнинг ҳукумат тарафидан таъқиб қилинишидан жиддий хавотир билдиришган. “Чегара билмас мухбирлар”нинг йиллик Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида Россия 180 мамлакат орасида 158-ўринни эгаллаб турибди.

15 июль куни Россия бош прокуратураси “Проект” нашрини “исталмаган ташкилот” деб топди. Идора хабарномасига кўра, нашр фаолияти “конституциявий тузум асослари ва хавфсизликка таҳдид солади”. Шу билан бирга, “Проект”нинг беш нафар, “Откритие медиа”нинг икки ва Озодлик радиоси рус хизматининг бир нафар журналисти “хорижий агентлар” рўйхатига киритилди.

Илгари Россияда ОАВлар “исталмаган ташкилот” деб топилмасди. 2017 йилда “Роскомнадзор” “Откритая Россия” нашрини блоклаб қўйгач, таҳририят “МБХ медиа” номи билан янги лойиҳа яратишга қарор қилган эди.

Жорий йилнинг апрелида Адлия вазирлиги “Антимайдан” ҳаракати координатори Александр Ионовнинг шикоятидан сўнг “Медуза” нашрини “хорижий агентлар” реестрига киритди. Таҳририят ўз фаолияти хавф остида қолганини ва реклама берувчилар ҳамкорликдан бош тортгани муносабати билан ўқувчилардан пул йиғиш бошланганини эълон қилди. “VTimes” нашри эса “хорижий агент” деб топилганидан сўнг бир неча ҳафта ўтгач ёпилди.

Юқорида тилга олинган Ионов энди “Новая газета”нинг хорижий агентларга оид қонунчиликка қанчалик риоя қилаётганини текширтирмоқчи. 23 июль куни эса у “Важние истории” нашри гўёки хориждан молияланаётганини иддао қилиб, унинг устидан прокуратурага шикоят ёзган. Ниҳоят, яқинда Россияда яна икки мустақил нашр – “Досье” суриштирув маркази ҳамда “Gulagu.net” ҳуқуқбонлик лойиҳаси ҳам тақиқланган сайтлар рўйхатига тиркалди.

Александр Лукашенко

Сўнгги бир йил ичида Беларусда ОАВга қарши қатағонлар кўлами ниҳоятда кенгайди. 30 июль куни президент Александр Лукашенко ҳукумат йиғилишида мамлакатда сўз эркинлиги “экстремистик фаолият”га айланиб кетганини айтди. 2021 йилнинг ўзида Беларусь махсус хизматлари ўнлаб журналистларни ҳибсга олди, мамлакатда энг оммабоп бўлган “Tyt.by” интернет-нашрини ёпиб қўйди ва мустақил “Белсат” телеканалини “экстремистик” деб эълон қилди.

18 февраль куни Минск суди норозилик намойишларини жонли эфирда кўрсатгани учун “Белсат” каналининг икки журналистини икки йилга панжара ортига жўнатди. 25 июль куни эса Адлия вазирлиги Беларусь журналистлар уюшмаси (БЖУ)ни тугатиш тўғрисида Олий судга даъво киритди. БЖУ ўтган йили 480 журналист ушланганини, ОАВ ходимларига нисбатан 97 та маъмурий қамоқ ва камида 62 ҳолатда жисмоний тазйиқ қўлланилганини қайд этганди.

“Чегара билмас мухбирлар”га кўра, 2017 йилдан бери Россия, Беларусь, Хитой, Миср, Сурия, Эрон, Мьянма ва бошқа қатор давлатлар ҳуқуқий қувғин ёки иқтисодий томонлама “бўғиш” йўли билан камида 22 босма нашрни ўз фаолиятини тугатишга мажбур қилган. “Четдан қараганда бу ОАВлар нўноқ бошқарув ёки аудиторияни йўқотиш оқибатида инқирозга учрагандек туюлиши мумкин, аммо улар ёпилишининг сабаблари бутунлай бошқа”, дейилади ҳисоботда.

Си Цзиньпин

Си Цзиньпин ХКП бош котиби (2012) ва ХХР раиси (2013) бўлганидан сўнг Хитой, “Чегара билмас мухбирлар” фикрича, матбуот ва журналистлар эркинлигини овловчи дунёда энг йирик “йиртқич”га айланган: биргина 2021 йилда Хитойда 115 дан ортиқ ОАВ ходими қамоққа олинган, кўп ҳолларда уларнинг ҳаётига тўғридан-тўғри хавф мавжуд. Фаолияти расмий мафкурага зид журналистлар кўпинча кузатиладиган муайян турар-жойларда ярим маҳбус сингари яшайдилар.

2014 йилда тузилган давлатга қарашли “Хитой кибермайдонини бошқариш” ташкилоти хитойлик юз миллионлаб интернет-фойдаланувчилар эркин ахборот олиши ва тарқатишининг олдини олади. ХХР давлат ОАВлари бошлиқларнинг барча кўрсатмаларига амал қилиш билан бирга, “Хитой Коммунистик партиясининг иродасини ифода этиши, унинг обрўси ва бирлигини ҳимоя қилиши лозим”.

2019 йилдан бошлаб хитойлик журналистлар ўз смартфонларига “Study Xi”, “Power Country” иловаларини юклаб олишга мажбурки, бу ҳукуматга уларнинг хайрихоҳлигини текшириш билан бирга, телефонларини масофадан кузатиш имконини беради. Расмий Пекин сўз эркинлигини бўғишнинг репрессив моделини тарғиб қилиш ва бошқа мамлакатлар, жумладан, Россия ва Беларусга ёйиш учун барча имкониятларини ишга солмоқда.

Керри Лам

Керри Лам 2017 йилда Ҳонгконг маъмурияти бошлиғи этиб тайинланганидан сўнг тез орада ҳақиқий юзини кўрсатди: Си Цзиньпиннинг бу қўғирчоғи “патриотизм” шиори остида зўр бериб сўз эркинлигини бўғишни бошлаб юборди. 2019 йилда унинг сиёсий маҳбусларни, жумладан, фаолияти расмий Пекинга маъқул келмаган маҳаллий журналистларни ҳибсга олинганидан сўнг Хитойнинг материк қисмига жўнатиш назарда тутилган қонун лойиҳаси оммавий норозиликка сабаб бўлган эди. Ўша намойишларда ўнлаб ОАВ ходимлари полициянинг жисмоний зўравонлигига йўлиққан.

Керри Лам Пекин ҳукумати Ҳонгконг ишларига бевосита аралашиш ва ХКП назарида “терроризм” ва “бузғунчилик” деб ҳисобланадиган ҳамма нарса учун ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида 2020 йил июнда кучга киритган “Миллий хавфсизлик тўғрисида қонун”ни ҳар томонлама дастаклаган эди. Мазкур қонун Пекинга журналистларни қатағон қилишни кучайтиришга ёрдам берди.

2021 йил 23 июнь куни Ҳонгконгда энг йирик саналган “Apple Daily” газетаси зўрлик билан ёптирилди – ХХР ҳукумати унинг активларини “музлатиб қўйиб”, иш ҳақи ва бошқа харажатларини тўлашга имкон қолдирмаган эди. Шунингдек, нашрнинг тўрт раҳбари ва бош муҳаррири ҳибсга олинди.

Ражаб Эрдўғoн

Туркия президенти ОАВларни суймайди, аниқроғи, улар итоаткор ва маддоҳ бўлишини хоҳлайди. Шу боис Эрдўғoн танқидчи журналистларни таъқиб қилдиради, деярли барча йирик медиагуруҳларни (айниқса телеканалларни) назоратда тутади.

2016 йил июлда Туркияда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши президентга 100 дан ортиқ газета, журнал, теле ва радиоканалларни ёпиб, кўплаб журналистларни қамоққа олишга имкон берди. Сўнгги беш йилда турк ОАВларининг 100 дан зиёд ходими жисмоний ҳужумга йўлиқди, бир журналист эса унинг “президентга қарши гапларни айтганидан” норози фуқаро томонидан ўлдирилди.

2020 йилнинг ўзида Юнонистон билан чегарадаги қочқинлар ҳамда COVID-19 билан боғлиқ вазиятни ёритган 50 га яқин турк журналисти ҳибс қилинган. Ҳукуматга яқин таниқли шахсларга “ёмон таъсир қиладиган” ҳар қандай чиқишлар блоклаб қўйилади ва цензурага учрайди.

Николас Мадуро

Легитимлиги катта шубҳа остида қолаётган Венесуэланинг амалдаги президенти мамлакат ОАВлари устидан тўлиқ назорат ўрнатган. Иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш тизими ва таълим хароб бўлгани, коррупция ва жиноятчилик авж олгани учун давлат раҳбарини танқид қилган қарийб барча мустақил журналистлар ё қамоқда, ё мамлакатдан қочган.

Венесуэла 2014 йилдан бери Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида 32 поғона пастлаб, ҳозирда 180 давлат орасида 148-ўринни эгаллаб турибди.

1943 йилда асос солинган, мамлакатдаги энг ҳурматли ва бош кундалик газета бўлган “El Nacional” 2018 йил декабрда босма талқинини чоп этишни тўхтатишга мажбур бўлди. Нашр ҳамон онлайн тарзда ишлаб тургани боис ҳамон ҳукумат нишонида турибди. Шу йилнинг 14 май куни газета таҳририяти махсус хизматлар томонидан босиб олиниб, бош муҳаррир Мадуронинг аъёнларидан бири, иқтидордаги партия вице-президенти Диосдадо Кабельога 13 миллион АҚШ доллари тўлашга мажбур қилинди. Кабельо “El Nacional”га қарши қўзғатган туҳматга доир даъво иши нашрни ўз штаб-квартираси ва барча активларидан маҳрум қилиши мумкин.

Шунингдек, Мадуро ҳукумати 2021 йилда “Efecto Cocuyo”, “Caraota Digital”, “El Pitazo” ва “Radio Fe y Alegría” каби яна бир қанча мустақил ОАВларни “душманга ёлланган”ликда ва “қонуний ҳукуматни ағдариш учун” чет элдан маблағ олишда айблаган.

Муҳаммад бин Салмон

Саудия Арабистонининг кекса қироли Салмон бин Абдулазиз ас‑Сауд 2017 йилда ўғли Муҳаммадни валиаҳд шаҳзода қилиб белгилаганидан бери у матбуот эркинлигига мутлақо тоқатсиз бўлмиш ушбу теократик монархиянинг амалдаги ҳукмдорига айланди. Қиролликда журналистлар тез-тез қамалади, аксарига айнан нимада айбланаётгани ҳатто йиллаб билдирилмаслиги мумкин. Айбловлар маълум бўлганида ҳам бу кўпинча “ватанни масхара қилиш”, “монархияни ҳақоратлаш” ва “ажнабий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш” каби куракда турмас иддаолар бўлади.

Сўз эркинлигига қарши курашда Ар‑Риёд ҳеч нимадан тап тортмайди. Ҳукмрон оила мунаққиди, “Washington Post” муҳаррири Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги консулхона биносида шафқатсизларча нимталаб ўлдирилиши Саудияда ҳокимият ОАВ ва матбуот эркинлигидан нақадар нафратланишини бор бўйича кўрсатди.

Бугун Саудия Арабистони қамоқхоналарида сақланаётган камида 30 нафар журналист орасида ўз дастурларида ислоҳотларни бир оз мақташ, муҳим масалаларни кўтариш ёки дебатларга чақириш билан “мудҳиш хато қилганлар” бор.

Мамлакатдаги мустабид консерватизмдан энг кўп жабр кўрганлардан бири блогер Раиф Бадавийдир: у “ислом динини ҳақорат қилгани учун” 2009 йилдан бери қамоқда сақланмоқда, шунингдек, ҳукмга кўра, унга 15 йил давомида 1000 дарра урилиши керак.

Мин Аун Хлайн

Мин Аун Хлайн 2021 йил 1 февралда ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимият тепасига келганидан бери маҳаллий ОАВни қаттиқ назорат қилади.

2017 йилда айнан у фейк хабарлар ва адоват қўзғатувчи баёнотлар тарқатиш кампанияси тепасида туриб, алалоқибат роҳинжа халқига қарши геноцид бошланишига эришган эди. Мин Аун Хлайн полиция ва суддаги алоқаларидан фойдаланиб, ушбу мавзудаги барча мустақил фикрларни цензура қилган.

Ҳокимият тўнтаришидан сўнг у мамлакатдаги барча мустақил ОАВларни ёптирди.

Дарвоқе, генерал Россияга муҳаббати билан ҳам машҳур – ҳокимият тепасига келганидан бери у камида олти марта Москвага келиб-кетди. Мьянма Россиядан тобора кўпроқ қурол-яроғ сотиб олмоқда, мамлакат ҳарбийлари эса Россия ҳудудида ўтказиладиган машғулотларда фаол иштирок эта бошлади.

***

Юқорида айтилганидек, “Чегара билмас мухбирлар” рўйхатида жами 37 “йиртқич” раҳбар исмлари қайд этилган. Постсовет республикаларидан Россия ва Беларусь президентларидан ташқари, Туркманистон, Озарбойжон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам “йиртқичлар” сифатида тилга олинган.

“Чегара билмас мухбирлар” рўйхатдагиларнинг ҳар бирига шахсий файл очган: файлда уларнинг “йиртқичлик усуллари”, яъни ОАВни қай тариқа қатағон қилишига доир маълумотлар, шунингдек уларнинг “севимли нишонлари” – зўравонлик ва репрессияга учраган журналистлар рўйхати келтирилган. Бундан ташқари, ҳар бир файл уларнинг ўз хатти-ҳаракатларини оқлашга уринган интервьюларидан олинган иқтибосларни ҳам ўз ичига олади.

XS
SM
MD
LG