Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:27

"Ёшлар иттифоқи" стипендия масаласида талабаларни чалғитди


Шавкат Мирзиëев "Ëшлар иттифоқи" вакиллари билан учрашувидан олинган сурат. Тошкент, 2017, 30 июнь
Шавкат Мирзиëев "Ëшлар иттифоқи" вакиллари билан учрашувидан олинган сурат. Тошкент, 2017, 30 июнь

24 январь куни “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” стипендияси учун танловнинг республика босқичи ғолиблари эълон қилинди.

Иттифоқ расмий сайтида эълон қилинган рўйхатда исм-фамилияси келтирилган 14 талаба - 12 вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан - бу йил Ёшлар иттифоқи стипендиясини олади.

Иттифоқ ўз стипендиатлари рўйхатини эълон қилиши ортидан стипендия учун танловда қатнашган ва ўзини алданиб қолган деб ҳисоблаётган талабадан Озодликка шикоят келди.

Стипендия неча пул?

“Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” стипендияси тўғрисидаги низомда унинг (стипендиянинг) бир ойлик суммаси энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида бўлиши белгилаб қўйилган.

2017 йилнинг 1 декабридан буён Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 172240 сўм, демак, стипендия 516720 сўмдир. Бу миқдордаги стипендия талабага 10 ой давомида берилади. Ёшлар иттифоқи стипендиатлари, шунингдек, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ва “Келажак бунёдкори” медалини олишга номзод сифатида тавсия этилиши мумкин.

Талаба нима деб ёзди?

Исми ва ўқув юрти айтилмаслигини сўраган талабанинг Озодликка ёзишича, “Ёшлар иттифоқи стипендияни талабалар орасида зўр бериб тарғиб қилган”.

Тарғибот ишлари Иттифоқнинг Telegramдаги каналида ҳам олиб борилгани тўғрисида ёзди талаба.

“Танловда ҳар бир олий ўқув юртидан камида 5 талаба ғалаба қилиши мумкинлиги, яъни стипендия олиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. Шунинг учун қатнашишга қарор қилдим. Тунлари ухламай ўқидим, бизнес-планлар туздим, инновацион ғоялар ҳақида ўйладим. Талаб қилинган ҳужжатларни йиғиб топширдим”, дейилган хатда.

Талабанинг мактубида мана бу маълумотлар келтирилган: Стипендия учун танловга Ўзбекистон бўйлаб 1178 талаба қатнашган, улардан 331 нафари тестлардан ўтган.

Ўтганлар орасида хат муаллифи ҳам бўлган.

Шундан сўнг 24 декабрь куни инновацион ғоялар ва бизнес-режалар тақдимоти ўтказилган. Талаба бу жараёнда ҳакамлик қилганлар ўзларини ўта лоқайд тутгани, талабаларнинг айтганларига беъэтибор қарагани тўғрисида куюниб ёзди.

Хуллас, қаҳрамонимиз стипендиялик бўлдим, деб ўйлаган. Аввалига натижалар 30-31 декабрда эълон қилинишини айтишган. Лекин улар ваъда қилинган муддатдан қарийб 1 ой ўтиб - 24 январда эълон қилинган.

“Натижалар эълон қилингач, хафсалам пир бўлди. Танловда қатнашганларнинг “узоқни кўзлаган” ёшлар ташкилотидан кўнгли совиди. Бутун бошли Тошкент шаҳридан бир талаба, биргина талаба ғолиб топилди. Ахир ҳар бир институтдан 5 нафардан талаба олади стипендияни дейишган эдику?!” - деб ёзди талаба.

Низомда нима дейилган?

Озодлик хафсаласи пир бўлган талабанинг саволларига жавоб топиш учун Ёшлар иттифоқи билан боғланиш олдидан Стипендия тўғрисидаги низомни ўрганди.

Низомнинг 3.4- моддасида танлов 3 босқичдан иборат эканлиги, иккинчи босқичда “юқори балл тўплаган ҳар бир олий таълим муассасаларидан 5 нафаргача муносиб номзодлар саралаб олиниши” айтилган.

Шундан сўнг учинчи босқич ҳақида айтилганки, Низомдан иқтибос келтирамиз:

“Учинчи босқич – якуний босқич бўлиб, мазкур босқичга йўлланма олган иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда лойиҳа тақдимоти баҳоланади. Марказий Кенгашнинг йўналишлар бўйича бўлим мудирларидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан номзоднинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда лойиҳаси тақдимотига қаратилган суҳбат ташкил этилади. Суҳбат натижаларига кўра муносиб деб топилган ҳамда баҳолаш натижаларига кўра юқори балл тўплаган номзодлар стипендия соҳиби деб топилади”.

Озодликка ёзган талабанинг айтишича, учинчи босқичга 331 талаба ўтган.

Низомнинг учинчи босқичга оид юқорида келтирилган талабларини ИДЕАЛДА ҲАР БИР ТАЛАБА БАЖАРИШИ МУМКИН.

Ва энг муҳими, Низомда ҳаммаси бўлиб нечта стипендия берилиши айтилмаган.

Нега шундай бўлди?

Бу ва бошқа саволларимизни бериш учун Ёшлар иттифоқининг Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўлими билан боғландик. Бўлимнинг ўзини таништирмаган мулозими саволни эшитгач, бироз ўйланиб қолди ва сўнг “мен бу масалани билмайман, бошқа бўлимларга мурожаат қилинг”, деб алоқани узиб қўйди.

Бошқа бўлимлар аксариятининг рақамлари 170 дан бошланадиган телефонлари ўчириб қўйилганини ҳар гал оператор айтиб турди.

XS
SM
MD
LG