Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2021, Тошкент вақти: 16:21

YouTube вакциналарга қарши асоссиз даъволар илгари сурилган видеоларни тақиқлади


YouTube ўтган йили коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда вакциналарга қарши нотўғри маълумотларни тақиқлашга уриниб кўрган эди.

YouTube ширкати платформада вакциналар ҳақида бўҳтон тарқатиб келган фойдаланувчиларни блоклади. Бу ҳақда The Associated Press (AP) агентлиги хабар бермоқда.

Сайтда бундан буён фойдаланувчиларга тасдиқланган вакциналар, масалан, грипп ёки қизамиқ вакциналари хавфли экани ёки касаллик келтириб чиқариши ҳақидаги асоссиз тахминларни илгари суришига йўл қўйилмайди.

Айни дамда бутун дунё бўйлаб кўпчилик тасдиқланган COVID-19 вакцинаси билан эмланишга ошиқмаяпти. YouTube ўтган йили коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда вакциналарга қарши нотўғри маълумотларни тақиқлашга уриниб кўрган эди.

«Коронавирусга қарши эмлашлар ҳақидаги ёлғон даъволар умуман вакциналар ҳақида нотўғри маълумотларга етаклаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳозирги кунда COVID-19 билан бошлаган ишимизни бошқа вакциналарга кенгайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир», дейилади YouTube эълон қилган баёнотда.

Бунга қадар минглаб обуначига эга бўлган фойдаланувчилар YouTube платформасидан фойдаланиб, ўнлаб йиллар давомида хавфсиз қўлланиб келинаётган вакциналар ҳақида одамларда хавотир уйғотиб келаётганди. Чоршанба эрталаб ғойиб бўлган каналлар орасида атроф-муҳит ҳимоячиси Роберт Кеннеди раҳбарлик қилган ташкилотнинг YouTube канали ҳам бор.

Кеннеди AP агентлига электрон почта орқали ёзган мактубида тақиқни танқид қилди: «Цензура ва махфийлик демократия ёки соғлиқни сақлашни илгари сурган ҳолат тарихда бўлмаган».

YouTube нечта аккаунт ўчирилгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Янги сиёсатга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби соғлиқни сақлаш органлари томонидан тасдиқланган ва ҳозирда қўлланилаётган вакциналар ҳақидаги ҳар қандай нотўғри маълумот YouTube саҳифаларидан ўчирилади. Вакциналар хавфли экани ёки саратон, бепуштлик ёки аутизм каби хасталикларни келтириб чиқариши мумкин экани ҳақидаги асоссиз даъволар илгари сурилган видеолар ҳам ўчирилади.

«Вакциналар ёрдам бериш ўрнига зарар етказади, деган қараш кўплаб нотўғри маълумотнинг асосида ётади», деди Виржиния ҳамдўстлик университети тиббиёт мактаби профессори Жанин Гидри.

Унинг сўзларига кўра, агар тўғри қўлланилса, янги қоидаларнинг таъсири ижобий бўлади. Масалан, боласини эмлаш ёки эмламаслик ҳақида бир қарорга келиш учун Интернетдан фойдаланаётган ота-она асоссиз даъволарга йўлиқмайди.

Аммо YouTube платформасини вакциналар борасида нотўғри маълумотлардан бутунлай тозалаш осон бўлмайди.

Сайтга синовдан ўтаётган вакциналар ҳақида тасдиқланмаган даъволарни юклашга изн берилади. Қолаверса, фойдаланувчиларга вакцинадан кейин ўзларини қандай ҳис қилишгани ҳақида видео юклашга рухсат берилади, аммо канал эгаси бундан олдин вакциналар ҳақида нотўғри маълумот тарқатмаган бўлиши керак.

Интернет технологияси ширкатлари COVID-19 фонида вакциналар ҳақида нотўғри маълумотларга қарши курашиб келаётган бўлишига қарамасдан, асоссиз маълумотлар ҳали ҳам платформаларда катта аудиторияга эга.

Март ойида Twitter COVID-19 вакциналари ҳақида асоссиз даъволар илгари сурилган постларга фойдаланувчини огоҳлантирувчи изоҳ қўша бошлади ва бундай хабарларни қайта-қайта тарқатган аккаунтлар четлатилишини билдирди. Бундан аввалроқ Instagram платформасига эгалик қиладиган Facebook ширкати COVID-19 вакциналари бепуштликка олиб келиши ёки уларнинг таркибида назорат микрочиплари борлиги ҳақидаги даъволарни тақиқлаган эди. Февраль ойида Facebook вакциналар заҳарли экани ёки аутизм каби муаммоларига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарни ўчира бошлади.

Шунга қарамасдан, вакциналарга қаршилар Facebook, Instagram ва Twitter каби платформаларда фаол бўлиб, китоб ва видео сотишда давом этмоқда. Facebookда COVID-19 вакцинаси ҳақидаги нотўғри маълумотлар шунчалик кенг тарқалганки, АҚШ президент Жо Байден июль ойида вакциналар ҳақида ёлғон маълумот тарқатувчиларни «одамларни ўлдиришда» айблади.

XS
SM
MD
LG