Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:19

HRW: Ўзбекистон ислоҳотлар руҳини сайловларга юқтира олмади


Human Rights Watch (HRW) ташкилоти президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун “баъзи қадамлар”ни қўйгандан сўнг “ислоҳотларнинг ушбу руҳи”ни сайловларга ҳам "юқтира" олмагани учун таассуф билдирди.

22 декабрда Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг Мирзиёев ҳокимиятга келгач, илк марта парламент сайлови ўтказилади.

Ўшандан бери Мирзиёев Ўзбекистон инсон ҳуқуқи борасидаги “даҳшатли” аҳволини яхшилаш борасида “муҳим ислоҳотлар” ўтказди, бироқ Марказий Осиёдаги ушбу мамлакатнинг сиёсий тизими “асосан авторитар” бўлиб қолмоқда, дейилади HRW 16 декабрда тарқатган баёнотда.

2016 йилда Мирзиёевнинг президент этиб сайланиши “сайловчиларни асосий ҳуқуқидан маҳрум этувчи ва сайловнинг эркин ва адолатли бўлишига тўсқинликлар бўлган шароитда ўтган эди”, дейилади Нью-Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқига риоя этилишини назорат қилувчи ташкилот баёнотида.

HRWга кўра, Ўзбекистон жорий йил февралида сайлов кодексига “айрим ўзгартиришлар” киритди, бироқ ушбу ислоҳот келгуси сайловда овоз берувчига ҳақиқий номзодларни танлаш имконини бермайди.

Сайловда қатнашаётган бешта сиёсий партия “ҳукумат белгилаб берган сиёсий чекловлар доирасида” ҳаракат қилади, аммо на мухолиф партиялар ва на мустақил номзодларга сайловда қатнашиш имконияти берилди.

“Ўзбекистонда яқинда муҳим ислоҳотлар ўтказилган эди, шунинг учун ислоҳотлар руҳи парламент сайловига қўлланмаяпти”, деди HRWнинг Европа ва Марказий бошқармаси директори Ҳю Уиллиамсон.

− Тошкент келгусида мустақил партиялар ва номзодларга бундай сайловда қатнашишга рухсат бериши керак, − деди у.

HRW билдиришича, Мирзиёев даврида “инсон ҳуқуқи масаласида “умид учқунлари” пайдо бўлди, унинг ҳукумати сиёсий сабабларга кўра уйдирилган айбловлар билан қамалган ўнлаб қишиларни, жумладан, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини ва журналистларни озод қилди.

Лекин Ўзбекистонда “авторитар давлатнинг кўплаб асосий унсурлари сақланиб қолмоқда”, дейилади HRW баёнотида. Бунга Давлат хавфсизлик хизматининг “кучли ваколатлари”, минглаб кишилар сиёсий айбловлар билан қамоқда қолаётгани ҳамда ҳуқуқни қўлловчи идораларнинг “кенг тарқалган” қийноққа солиш ва маҳбусларга ёмон муносабатда бўлиш амалиётлари мисол қилиб келтирилади.

Мамлакатда ахборот воситалари цензураси кенг тарқалган, у ерда журналистлар “таъқиб қилинмоқда, баъзан ҳибсга олинмоқда”, ҳокимият идоралари фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган нодавлат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказмаяпти.

Баёнотда айтилишича, “Озод Европа/Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати вебсайти Ўзбекистонда блокланганича қолмоқда.

Сентябрда БМТнинг судьялар ва адвокатлар эркинлиги бўйича махсус маърузачиси “суд идораларининг эркинлиги ва қонун устуворлигига жиддий таҳдидлар”, жумладан, жиноят ишларини кўриб чиқишда прокурорларнинг кенг ваколатлари сақланиб қолаётибди, деган хулосага келган эди.

HRW Олий суднинг 2011 йилда ташкилотнинг Тошкентдаги офисини ёпиш тўғрисидаги қарори сабаб ҳалигача Ўзбекистонда рўйхатдан ўта олмаяпти. Гарчи ташкилот 2017 йил сентябридан бери Ўзбекистонга бориш ва тадқиқот ўтказиш имкониятига эга бўлса-да, 2010 – 2017 йилларда мамлакатда фаолият юритиш имконига эга бўлмади.

Яна баёнотда 2019 йилда Ўзбекистон бўйлаб минглаб уйлар шаҳарларни қайта қуриш ва ободонлаштириш баҳонасида бузиб ташлангани, аммо эгалари етарли даражада товон пули ола билмагани, гарчи давлат хизматчиларини мажбурий меҳнатга жалб этиш тақиқланган бўса-да, 2018 йилда 170 минг киши пахта теришга мажбурлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG