АҚШ Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларини эслатди

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини яқинда қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов ва журналист Солижон Абдураҳмоновни дарҳол озод этишга чақирди. Бу икки фаол, дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида, тергов пайтида қийноққа солинган ва суд маҳкамаси тегишли тарзда ўтказилмаган.

Давлат департаменти, 10 йилга қамалган Турғунов тергов пайтида қийноққа солингани, хусусан унинг устига қайноқ сув қуйилгани оқибатида жидий жароҳатланганига ишора қилувчи “ишончли далиллар” борлигини қайд этди.

Давлат департаменти 10 октябр куни мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг “наркотик моддалар сақлаганликда” айбланиб¸ 10 йилга қамалгани юзасидан ҳам хавотир билдирди.

Баёнотда, АҚШ ҳукумати иккала ҳолатда ҳам тегишли тарзда суд ўтказилмагани ва қийноқ қўлланганига оид хабарлардан “чуқур таассуфда” экани таъкидланади.

АҚШ дипломатик идораси шунингдек, яқинда Ўзбекистон ҳукуматининг икки ҳуқуқ фаолини озод этгани ва насроний протестантга нисбатан экстремизм айбловларини бекор қилганини қайд этди, лекин “Ўзбекистонда тегишли ҳуқуқий жараённинг йўқлиги, эркин матбуотнинг бўғилгани ва умуман инсон ҳуқуқларига оид вазиятдан жиддий ташвиш” билдирди.