Зико "Бунёдкор"дан кетмоқда

“Бунёдкор” футбол клубининг бош мураббийсим Зико Москванинг ЦСКА командаси билан шартномани имзолаш арафасида турибди. Бу ҳақда Россиянинг Спорт-экспресс газетаси 29 декабр куни Ўзбекистон футбол федерациясидаги манбага таянган ҳолда ахборот тарқатди.

Нашрнинг хабар беришича, Зико “Бунёдкор” президенти Исоқ Акбаровга командани тарк этишини билдирган ва бунга розилик олган.

“Шундай қилиб бразилиялик мутахассис янги йилга қадар ЦСКА янги бош мураббийлиги лавозимига тасдиқланиши мумкин”, деб хабар беради Россиянинг яна бир интернет нашри Газета ru.

Зико 2008 йил сентябрида “Бунёдкор” клуби билан шартномани имзолаган эди. Унинг раҳбарлигида “Бунёдкор” Ўзбекистон Кубоги ғолиби бўлди ҳамда Осиё чемпионлар лигаси ярим финалига чиқди.

Артур Антунес Коимбра Зико 1953 йилнинг 3 мартида таваллуд топган. Оқ Пеле, Қирол Артур, Галино каби таҳаллусларга эга. Зико замонавий футболнинг энг ёрқин ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Унинг мураббийлик фаолияти 1999 йилдан бошланган.