Тожиклар ҳам газни 240 доллардан олади

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари газ нархи бўйича келишувга эришди.

Тожикгаз давлат компаниясининг раҳбари Фатҳиддин Муҳсиддинов Тожикистон томони ҳар минг куб метр газ учун Ўзбекистонга 240 доллар тўлашга розилик берганини айтди. Аввалроқ Ўзбекистон томони Қирғизистон билан газнинг ҳар минг куб метрини 240 доллардан бериш ҳақида битим имзолаганини хабар қилгандик.

Аснода тожиклар учун газ нархи ўтган йилга қараганда қарийб 100 долларга қимматлаган. 2008 йилда Тожикистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 145 доллардан сотиб олганди.

- Келишувни имзоладик. Узоқ вақт тортишдик. Улар ҳар минг куб метр газ учун 300 доллар сўради. Кейин 250 дан олишимизни таклиф қилишди. Ниҳоят биз ҳар минг куб метр газни 240 доллардан сотиб олишга келишдик, - деди Тожикгаз раҳбари Муҳсиддинов.

Ўтган ойда Ўзбекистон томони расмий Душанбени газдан 12 миллион доллар қарзини тўлашга мажбур қилиш учун Тожикистонга газ таъминотини учдан бирга қисқартирганди.