Каримов ҳам¸ Раҳмон ҳам Москвага йўл олди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 4 феврал куни Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти(ОДКВ) Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этади.

Айни пайтда¸ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам Москвага сафар қиладиган бўлди.

2 феврал куни Тожикистон раҳбарининг мамлакатдаги энергетик бўҳрон туфайли Москвага режалаштирган сафари бекор қилингани борасида маълумотлар пайдо бўлган эди. Бироқ Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги, мамлакат раҳбари бугун Москвага йўл олишини маълум қилди.

22-23 январ кунлари Россия президенти Димитрий Медведев Тошкентга сафари чоғида «Россия федерацияси ўз ҳудудида бирор иншоотни қуриш нияти бўлган ҳар бир давлат ўз қўшнилари билан келишиб олиши лозим»лигини таъкидлаган эди.

Кремл раҳбарининг бу баёноти Роғун ГЭСига оид Тошкент билан Душанбе ўртасидаги келишмовчиликларда Ўзбекистон тутаётган
позицияга ён босиш деб ҳисобланди ва Душанбе норозилигига сабаб бўлди.