Ҳамжамият аксилинқироз жамғармаси тузди

Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар ташкилотнинг Москвада бўлиб ўтган мажлисида 10 миллиардлик аксилинқироз жамғармаси тузиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Бу ҳақда 2009 йилнинг 4 феврал куни мажлисга раислик қилган Белоруссия президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

Лукашенкога кўра, 10 миллиард долларлик жамғармага дастлабки босқичда Россия томонидан 7,5 миллард доллар, Қозоғистон томонидан эса 1 миллиард доллар маблағ ажратилади.

- Бошқа мамлакатлар томонидан ажратиладиган маблағлар ҳажми кейинроқ белгиланади, деди Белоруссия раҳбари.

Унга кўра, жамғарма ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келган ҳамжамиятга аъзо мамлакатларга ошиғич молиявий ёрдам кўрсатиш учун тузилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон каби мамлакатлар аъзо бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон 2008 йилнинг декабрида бу ташкилотга аъзолигини тўхтатган.

Ҳамжамиятнинг кейинги саммити 2009 йилда Минск шаҳрида бўлиб ўтади.