АҚШ Ўзбекистон билан шартнома имзолаши мумкин

Вашингтон ва Тошкент Афғонистондаги АҚШ қўшинлари таъминоти учун янги йўл очишга имкон берувчи шартнома имзолаш арафасида турибди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Қозоғистондаги ғарблик дипломатлардан бирига таянган ҳолда маълум қилди.

- Қозоғистон билан ҳарбий бўлмаган юкларни ташиш бўйича бунақа келишувга эришилган. Ўзбекистон билан ҳам деярли келишиб бўлинди – бу мамлакат раҳбарияти, моҳиятан, розилик бериб бўлди, деди Қозоғистондаги исми ошкор этилмаслигини истаган манба.

Қўшма Штатлар Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминоти ҳақида Ўзбекистон билан келишувга эришишга уринаётгани ҳақида “Америка Овози” радиоси ҳам дипломатик ва ҳарбий манбаларга таянган ҳолда хабар қилади.

Бу шартнома АҚШ томонидан, агар қирғиз ҳукумати Манасдаги АҚШ базасини ёпиш ҳақида ўз таҳдидини амалга оширган тақдирда, кўрилажак эҳтиёт чораси сифатида қаралмоқда.

3 феврал куни Қирғизистон раҳбарияти ўз ҳудудидаги АҚШ базасини ёпишга қарор қилганини билдирганди. Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, Покистонда террорчилик хуружлари миқдори ошиб бораётгани боис бу мамлакат орқали АҚШ ҳарбий контингентини зарур юклар билан таъминлаш хавфсиз бўлмай қолган.