Қишлоқ хўжалик машиналари экспорти кўпаяди

Ўзбекистон Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжонга қишлоқ хўжалик машиналари экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлигига Тошкент агрегат заводи раҳбарияти маълум қилган.

Хабарда айтилишича, 2009 йилда завод ишлаб чиқариш ҳажмини 6,8 миллион долларга кўпайтириши белгиланган. Бунинг натижасида эса экспорт қилинадиган маҳсулотлар 50 фоизга кўпаяди. Пул миқдорида эса бу 3,4 миллион долларни ташкил этади.

Корхона расмийсининг айтишича, айни пайтда Туркманистон корхонага 589 минг доллар миқдоридаги маҳсулот учун буюртма берган. Шунингдек, Тожикистон ва Озарбайжон билан ҳам қишлоқ хўжалик машиналари ва ускуналари етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.