АҚШ Ўзбекистондаги аҳволни танқид қилди

АҚШ Давлат департаменти жаҳон мамлакатлари бўйича инсон ҳуқуқларининг 2008 йилдаги аҳволига бағишланган янги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи танқид қилинган.

Жумладан, Ўзбекистонда фуқаролар тинч ва демократик йўл орқали ўз ҳукуматларини ўзгартириш ҳуқуқига амалда эга бўлмаётгани, хавфсизлик хизматлари сўроқ қилинаётган маҳбусларни айбга иқрор қилиш ёки айблашга асос бўла оладиган маълумот олиш мақсадида мунтазам равишда қийноқларга солишлари билдирилади.

Ҳисоботда, шунингдек, ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга нисбатан тазйиқ ўтказилиши, қамоқхоналардаги шароит жуда ёмонлигича қолаётгани ва ташқаридан кузатувчилар ҳибсхоналарга кириш имкониятига тўлиқ эга бўлмаётгани, оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида қолаётгани ва режимни танқид қилиш “жиноят” деб қабул қилиниши таъкидланади.

АҚШ Давлат департаменти жаҳон мамлакатлари бўйича инсон ҳуқуқларининг 2008 йилдаги аҳволига бағишланган янги ҳисоботида Шимолий Кореядаги аҳвол ўта абгор экани, Хитойда ҳам инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланишдан йироқ экани тилга олинади.