Ўзбек қамоқхонасидан яна бир маҳбус тобути чиқди

Маҳкум Соҳиб Сиддиқовнинг жасади 23 феврал куни Тошкентдаги "Сангород" маҳбуслар касалхонасидан Қўқонга келтирилиб, оиласига топширилди.

37 ёшли Сиддиқов таъқиқланган диний ташкилотга аъзо бўлганлик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айби билан 1999 йилда 17 йилга қамалган ва умрининг 10 йилини маҳкумликда кечирган, сил касаллиги ҳамда силла қуришидан вафот этган, дея билдиради Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовга кўра, Навоийдаги қамоқхона айни пайтда сил касаллигининг ҳақиқий ўчоғига айланган ва ҳозирги кунда 300 нафар маҳкум сил касаллигига дучор бўлган, уларнинг аксарияти диний мотивларга кўра ўтиришибди.

- Ҳар ойда бу колониянинг ўнлаб маҳбуслари “Сангород”га этап қилинади, у ердан эса улар зарур муолажани ололмай вафот этишади, дея билдирди Икромов.

АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароит жуда ёмонлигича қолаётгани ва ташқаридан кузатувчилар ҳибсхоналарга кириш имкониятига тўлиқ эга бўлмаётгани танқид қилинган.