НАТО юклари Ўзбекистондан ўтмоқда

НАТОнинг Афғонистон учун мўлжалланган юклари Ўзбекистонга етиб келди. Ушбу хабарни Қозоғистон темир йўллари миллий компанияси расмийлари тасдиқлади.

3 март куни НАТОнинг ноҳарбий юклари ортилган дастлабки вагонлар Россия ҳудудидан ўтиб кетиб Қозоғистонга етиб келганди.

Ҳозирча Россия ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари учун зарур юкларни транзит қилишга розилик берди.

Ўтган ҳафтада журналистлар билан учрашган президент Каримов Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминоти учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга давлат эканини ҳам таъкидлаганди:

- Яхшилаб бир қаранглар-чи, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмасдан Афғонистонга юк транзитини қандай қилиб амалга ошириш мумкин?

Яна баъзилар баландпарвоз баёнотларни қилиб, “мана, биз тайёр, мана биз имзоладик ва ҳоказо”, дейишади.

Юклар қайси томондан келмасин, барибир Термизга келади ва албатта кўпригимиз орқали Афғонистонга ўтади.

Шунинг учун Ўзбекистоннинг транзитга розилиги аҳамиятининг қиммати баланд. Буни ҳам инобатга олиш керак.

Афғонистон борасида қарор қабул қилар эканмиз, фақатгина Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқмоқдамиз, деганди президент Каримов.