Ўзбекларга “диний” туризмни ривожлантириш таклиф этилди

Индонезия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шаҳрил Сабариддин Ўзбекистон саёҳат ширкатлари вакиллари билан учрашув чоғида туризм соҳасида Индонезия-Ўзбекистон ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди, деб ёзади 12.uz сайти.

Элчига кўра, Ўзбекистон саёҳат ширкатлари мамлакатда етарли даражада йўлга қўйилмаган, аммо турли ўлкалар амалиётида жуда оммабоп бўлган “диний” туризм (авлиё қадамжоларини зиёрат қилиш) имкониятларини ишга солишлари лозим.

Жаноб Шаҳрил Сабариддин мусулмон маданияти билан боғлиқ ўрта аср тарихий обидалари кўп бўлган Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва маънавий мероси шарофати билан бу жабҳада дунё мамлакатлари ичида алоҳида ўрин тутишини қайд этди.

- Бу бежиз эмас, чунки ушбу меҳмондўст заминнинг баракоти бу ҳазора [цивилизация – таҳр.] бешигида Бухорий, Мотуридий, Нақшбандий, Термизий, Улуғбек ва ўзбек элининг жаҳонга донғи кетган бошқа кўплаб устоз ва олим салафлари туғилиши ва камолга етишида тажассум этган, деди Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчиси.