Нукусда қозоғистонликлар қўлга олинди

Интерфакс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Нукус шаҳрида Қозоғистоннинг 27 нафар фуқароси ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ҳибсга олинган.

Мазкур ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари Нукус шаҳрига етиб келганлар.

- Қорақалпоғистон ҳудудида бедарак йўқолган қозоқлар яқинлари томонидан ёлланган адвокат Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ўзбек чегарачилари бир гуруҳ қозоқларни ҳибсга олганини маълум қилган, деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Илёс Умаров Интерфакс ахборот агентлигига.

Мазкур воқеа қачон рўй бергани ошкор қилинмади. Айни пайтда Ўзбекистон томони ҳам мазкур воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирганича йўқ.