Исроил Ўзбекистонда илғор технологияларни жорий этмоқчи

Исроил ширкатларидан бири Ўзбекистонда саноат парки барпо қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 12.uz сайти Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Хиллел Нюманга таянган ҳолда хабар қилади.

- Биз бу ерда ўз илғор технологиямизни олиб келиб, жорий этишга тайёрмиз. Биз тегишли хизмат кўрсатадиган диагностика маркази очмоқчимиз. Шунингдек, биз 10 минг доза инсулинни текинга бериш ва катарактани даволаш бўйича жарроҳлик амалиётларини давом эттиришни мўлжаллаб турибмиз. Бу йўналишда муҳим қадамлар қўйилди, деди Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси.

Шунингдек, Хиллел Нюман исроилликларнинг ўзбекистонликлар билан қишлоқ хўжалиги, мобил алоқа ва бошқа соҳаларда кенг кўламда ҳамкорлик қилиш нияти борлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг июл ойида Исроил президенти Шимон Переснинг Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда.