Тошкентда героинфурушлар ушланди

Горизонт.уз сайтининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, Тошкентда МХХ ходимлари тожикистонлик Баҳриддин Ортиқов ва қозоғистонлик Гулмира Самиевани 9,5 килограмм героин билан қўлга олганлар.

Дастлабки тергов чоғида Ортиқов тожикистонлик “Салоҳиддин” исмли наркобаронга ишлаши, ундан олган 10 кг героинни Ўзбекистонга олиб келиб сотмоқчи бўлганини айтган.

- Кейин мен Гулмирани топдим ва уни 1000 доллар эвазига героинни биргаликда қозоқларга сотишга кўндирдим, дея иқтибос келтиради тожик бангфуруши сўзларидан Горизонт.уз.

Айни пайтда, Гулмира Самиев наркотик сотгани учун аввал ҳам Қозоғистон Жиноят кодексининг 259-моддаси билан судлангани, бир ой муқаддам эса мамлакатда ҳозир бўлиш тартибини бузгани учун Ўзбекистондан бадарға этилгани хабар қилинади.