Корея президенти Тошкентда

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Дўрмон қароргоҳида давлат ташрифи билан Тошкентга келган Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак билан учрашди.

Кореялик меҳмон шарафига қароргоҳ ҳовлисида фахрий қоровул саф тортиб, икки давлат мадҳиялари янгради, дея хабар қилди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Шундан сўнг яккама-якка суҳбат қилган президентлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларининг бугунги аҳволи, ўзаро алоқалар ривожи, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашганлар.

Музокаралар якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Шунингдек, бугун Тошкентда Жанубий Корея президентининг Ўзбекистон сафари доирасида икки давлат ишбилармонларининг бизнес форуми ҳам иш бошлади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг билдиришича, ушбу тадбир Тошкент ва Сеул ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган.