Тошкентда кучли зилзила рўй берганига 45 йил тўлди

Тошкентда зилзила вайрон қилган уйлар манзараси, 26 апрел, 1966 йил

1966 йилнинг 26 апрел куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 5дан 22 дақиқа ўтганда Тошкентда Рихтер ўлчови бўйича 5,3 магнитудага тенг бўлган 8 баллик зилзила рўй берган эди.

Ўша пайтда Тошкент Сейсмик маркази раҳбари бўлиб ишлаган Валентин Уломовга кўра, зилзиланинг вайрон этиш кучи ўта қудратли бўлган.

Зилзила ўчоғи 8 километр ер остида бўлгани шаҳарни тўла вайрон бўлишдан сақлаб қолган.

Шунга қарамай, ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР пойтахти Тошкент марказидаги 10 квадрат километр ҳудуддаги бинолар вайрон бўлган.

Табиий офат оқибатида расмий маълумотларга кўра тўрт киши, норасмий маълумотларга кўра, қирққа яқин одам нобуд бўлган.