АҚШ Ўзбекистонда хуружлар эҳтимолидан огоҳлантирди

АҚШ Давлат департаменти америкаликларни “Ўзбекистонда террор хуружлари ва тартибсизликлар” рўй бериши эҳтимолларидан огоҳлантирди.

АҚШ дипломатик идораси 25 апрел куни тарқатган баёнотда “Ўзбекистонга сафар қилаётган АҚШ фуқаролари эҳтиёткорлик чораларини оширишлари” тавсия қилинади. Мазкур огоҳлантирув 2010 йилнинг 22 июл куни эълон қилинган тавсиянинг ўрнинга эълон қилинди.

Унда “АҚШ ҳукумати террорчи гуруҳларнинг Ўзбекистонда хуружлар, жумладан америка манфаатларига қарши ҳужумлар амалга ошириши эҳтимоллари борлигига ишора қилувчи разведка маълумотларини олаётгани” айтилади.

Минтақада энг ашаддий экстремист гуруҳлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Ал-Қоида, Исломий Жиҳод Иттифоқи ва Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати ташкилотларининг номи келтирилади. “Мазкур гуруҳлар аксил-америка руҳдаги чиқишлар ва АҚШ манфаатларига қарши ҳужумлар амалга оширгани билан танилган”, дейилади давлат департаменти огоҳлантирувида.

Шунингдек, ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон расмийлари хавфсизликни таъминалш чораларини кучайтирган. “Бу эса террорчиларнинг осонроқ нишонларни қидиришга мажбур қилади”, дейилади огоҳлатирувда.

АҚШ фуқаролари ҳар қандай шубҳали ҳаракат ҳақида маҳаллий расмийлар ва АҚШ элчихонасига хабар беришлари ҳам тавсия қилинган.