Андижон воқеалари хотирланди

Бугун жаҳоннинг бир қатор шаҳарларида Андижон қирғинига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Москвада соат 13 дан 14 гача ўзбекистонлик ва россиялик ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида пикет ўтказди. Ушбу тадбирда, шунингдек, Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ҳам иштирок этди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ташаббуси билан бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида пикет ўтказди. Пикет иштирокчилари элчихона дарвозаси олдига 13 май воқеаларида ҳалок бўлган андижонликлар хотирасига гулчамбар қўйдилар.

Швеция пойтахти Стокҳолмда ўзбекистонлик сиёсий қочқинлар Андижон воқеаларига тўрт йил тўлиши муносабати билан намойишга чиқди.

Айни пайтда Европа, АҚШ ва Австралиядан бошпана топган андижонлик қочқинлар "Андижон - Адолат ва Тикланиш" ташкилотига бирлашгани маълум бўлди. Бугун ушбу ташкилотнинг таъсис қурултойи Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида иш бошлади.