Футбол ишқибози ЖАРга бормоқчи

Марғилонлик футбол ишқибози Акром Маъруфжонов ўз велосипедида 2010 йили Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати маълум қилади.

“Африка жуда олис манзилда жойлашган мамлакат. У ерга бориш учун бир нечта мамлакатларнинг ҳудудидан ўтишга тўғри келади. Демак, ўша мамлакатларнинг визалари ва рухсатномаларини олишим керак. Шунинг учун ҳам Тошкентга Туркманистон, Эрон, Миср элчихоналарига бориб, виза олиш мақсадида келдим”, дея иқтибос келтиради Акром Маъруфжонов сўзларидан Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати.

59 ёшли Маъруфжонов 2006 йилда Жаҳон чемпионати баҳсларини бевосита томоша қилиш учун Германияга ҳам борган эди.

Тошкентга шахсий ишлари билан ўз велосипедида қатнайдиган Акром Маъруфжонов 2006 йилги Жаҳон чемпионати баҳсларида Германия терма жамоаси ва Мюнхеннинг “Бавария” клуби собиқ дарвозабони Оливер Кан билан учрашиб, унга махсус совға саломлар топширган эди.