Ҳажга борувчилар сони ўзгармади

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ва Диний ишлар бўйича давлат қўмитаси вакилларидан иборат делегация Саудия Арабистонига бориб, 2009 йилда ўзбекистонлик мусулмонлар учун Ҳаж зиёратини ташкил этиш юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда 12.uz сайти Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар бўйича қўмита матбуот хизматига таянган ҳолда маълум қилди.

Бу йил ибодат истагида Саудия Арабистонига йўл олувчи ўзбекистонликлар сони умра зиёратига борувчилар ҳисобига ошиши мумкинлиги хабар қилинаётганига қарамай, Ҳаж зиёрати борувчи кишилар сони (5 минг киши) ўзгаришсиз қолган.

Одатда, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги мусулмон ўлкаларга Ҳаж зиёрати учун минг мусулмонга битта (1000/1) нисбатида ўрин ажратади.

Агар Ўзбекистонда истиқомат қилаётган мусулмонлар сони қарийб 25 миллион экани эътиборга олинадиган бўлса, Ҳаж зиёрати учун ўзбекистонликларга камида 25 мингта ўрин ажратилиши лозим эди. Аммо кўп йиллардан бери Ўзбекистон учун бу саноқ 5 мингдан ошмай келади.

Таққослаш учун: аҳолиси 5 миллиондан сал кўпроқ бўлган Қирғизистондан ҳам ҳар йили Ҳаж зиёратига ўртача 5 минг киши боради. Умрага боришни истаган қирғизистонликлар учун эса махсус чеклов йўқ.

Диний ишлар бўйича қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён 60 минг киши Ҳаж зиёратини, яна шунча киши умра зиёратини адо этган.