Навоий аэропортида қатнов кўпайди

Навоий халқаро аэропорти юк ташиш бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик аэропортга айланди, эндиликда бу ердан ҳафтасига 21 та қатнов амалга оширилиши режалаштирилмоқда, деб ёзади CA-NEWS.

Аэропорт матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 27 майидан бошлаб Навоий аэропортидан Навоий - Деҳли – Навоий, Навоий -Бангкок - Навоий, Навоий - Мумбай – Навоий йўналишлари бўйлаб ҳафтасига учта қатнов амалга оширила бошлаган.

Аввалда ҳафтасига уч марта амалга оширилган Сеул - Навоий - Милан ва Милан - Навоий - Сеул юк рейслари эса эндиликда ҳафтасига олти марта амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ҳафтасига олти марта Сеул - Навоий - Брюссель ва Брюссель - Навоий - Сеул йўналиши бўйлаб юк қатнови ташкил этилган.

Июн ойидан бошлаб Навоий - Москва - Навоий йўналиши бўйлаб ҳафтасига икки марта юк ташиш амалга оширилади.

"Кореан Эйр" авиакомпанияси иккинчи ярим йилликда Навоий - Дубай - Навоий ва Навоий - Алмати - Навоий йўналиши бўйлаб икки янги қатновни йўлга қўйишни режалаган.