АҚШнинг Навоийда база ўрнатиш режаси йўқ

- АҚШнинг Ўзбекистондаги Навоий аэропортига ўз ҳарбийларини жойлаштириш режаси йўқ, деди АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Ричард Ҳоагланд.

Бугун Остонада матбуот анжумани ўтказган Ричард Ҳоагланднинг айтишича, Мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳарбий база билан боғлик масала кун тартибига чиққандан буён расмий Вашингтон минтақага ҳарбийларни жойлаштириш имкониятлари ўргана бошлаганини маълум қилган. Бироқ ҳарбий базани Ўзбекистонга жойлаштириш масаласи шу пайтгача муҳокама қилингани йўқ, дея таъкидлади АҚШ элчиси.

Сешанба куни “Независимая газета” нашри Вашингтон ва Тошкент Қирғизистондаги Манас ҳарбий базасига муқобил тарзда Ўзбекистонда янги база очиш юзасидан музокаралар бошлаб юборгани тўғрисида хабар тарқатди.

“Независимая газета” Ташқи алоқалар бўйича Америка кенгаши вакили Жефри Манкоффнинг агар Бишкек охир-оқибат америкалик ҳарбийларни мамлакатдан қувиб чиқарса, АҚШ қўшинлари Навоий базасига кўчиши мумкин, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Расмий Тошкент эса мазкур масалада ҳозирча сукут сақламоқда.