Женева анжуманида Ўзбекистон танқид қилинди

12 июн БМТ тарафидан болалар меҳнатига қарши халқаро кураш куни деб эълон қилинган.

Шу сана муносабати билан Халқаро Меҳнат ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида болалар меҳнати муаммолари хусусида тингловлар бўлиб ўтди.

Женевадаги анжуманда Ўзбекистон ҳам болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлат сифатида тилга олинди.

Анжуманда маъруза қилган ўзбекистонлик инсон хуқуқлари фаоли Умида Ниёзова халқаро ташкилотлар расмий Тошкентга нисбатан қаттиққўлроқ чоралар кўриши кераклигини таъкидлади.

- Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланаётгани муаммоси бир неча йилден буён кўтарилмоқда, болалар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида айтилмоқда.

Ўзбекистонда болалар меҳнати жуда уникал вазият. Болалар меҳнатидан бошқа давлатларда ҳам фойдаланилади. Масалан, Ҳиндистон, Бангладеш каби давлатларда. Лекин ҳеч қайси давлатда бу энг катта сиёсий система даражасига чиқарилмаган, дейди Умида Ниёзова.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлат сифатида энг кўп танқид қилинади ва кўпгина ғарб ширкатлари Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиши боис ушбу давлат пахтасига бойкот эълон қилган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларининг кенг тарқалганини рад этиб келади.