Раҳмон ўзбеклардан юз ўгирмайди

Президент Имомали Раҳмон Тожикистон ўз қўшниси Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни сақлаб қолажагини таъкидлади.

Бугун Тожикистоннинг Сўғд вилоятига сафар қилган Имомали Раҳмон Ғончи туманида ўзбек тилидаги янги мактаб очилиши маросимида қатнашди.

Очилиш маросимида чиқиш қилган президент тожик-ўзбек дўстлигига ҳеч қачон путур етмаслигини урғулади.

- Тожикистон қўшни Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга, ҳамкорликни ривожлантиришга доим интилган ва интилмоқда. Зеро, тожик ва ўзбек халқлари азал-азалдан қондош ва қардошдир. Ўзбегу тожик асрлар давомида ён қўшни, жон қўшни бўлиб яшамоқда. Келажакда ҳам Ўзбекистон билан бўлган иқтисодий ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораверади, деган умиддаман, деди Имомали Раҳмон.