Ўзбекистонда қирғиз фуқаролари ушлаб турилибди

Ўндан ортиқ қирғизистонлик Ўзбекистоннинг тергов ҳисбхонасида сақланаяпти ва май ойи охиридан буён ўз юртига қайтолмаяпти, дея маълум қилди “Қилим шами” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова Озодликнинг қирғиз шўъбасига.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, шу йилнинг май ойида Андижон ва Хонободдаги воқеалардан кейин Ўзбекистонда ўндан зиёд қирғизистонлик ушланган ва улар ҳозирда Қўрғонтепа, Андижон ва Пахтаобод милиция бўлимлари ҳибсхоналарида сақланмоқда.

Уларни озод қилиш ва адвокат билан таъминлаш мақсадида “Қилим шами” ташкилоти Қирғизистоннинг Бош прокуратураси ва Ўзбекистоннинг Қирғизистоннинг элчихонасига мурожаатнома тайёрламоқда.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Бақит Сеитов ҳибсга олинган фуқаролар масаласи 26 июн куни Қирғизистон ва Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари раҳбарларининг йиғинида муҳокама қилинганини ва бу муаммони ҳал қилишга йўл очилганини билдирди.